Хоразм қовунчилик мактаби қайта тикланяпти

    Жорий йил 9, 10, 11 август кунлари эртакнамо шаҳар Хива ҳар галгидек анъанавий «Қовун сайли» фестивалига мезбонлик қилади.

    Фестиваль доирасидаги тадбирлар роппа-роса уч кундан сўнг старт олади. Сайлда қовунларнинг бир-биридан ширин ўнлаб маҳаллий навлари намойиш этилади. Бундан ташқари, турли мева-сабзавотлар, полиз экинлари, қандолат ва асаларичилик, ҳунармандчилик, чорвачилик ва балиқчилик маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ташкил этилиши кўзда тутилган.

    Маълумки, Хоразм воҳаси қадимдан ўзига хос табиати, шириндан шакар мевалари, айниқса, тилими тилни ёрар қовунлари билан дунёга машҳур. Тарихий қўлёзмаларда, жумладан, машҳур араб сайёҳи Ибн Баттута, венгер олими Ҳерман Вамбери асарларида воҳанинг қадимий қовунлари юқори баҳоланган. Манбаларда келтирилишича, бу заминда етиштирилган қовунлар муз билан ўралган қўрғошин қолипларда савдо карвонлари орқали дунёнинг турли давлатларига экспорт қилинган.

    Қайд этиш жоизки, қовуннинг ноёб хусусиятлари беҳисоб бўлиб, у инсон организмининг ҳаётий фаолиятини яхшилайди. Шу боисдан ҳам қовунни тиббиётда «Бахт гармони» дея аташади. Чунки унинг таркибида инсонни яшартириш хусусиятига эга серотанин моддаси, А, С, Е, В1 ва В2 витаминлари мавжуд. Ушбу полиз маҳсулоти касалликларга қарши «ҳимоя» воситаси ҳамдир. У қон томирлари деворини мустаҳкамлаши билан бирга инсонни тушкунликдан халос этади ва унга кўтаринки кайфият бағишлайди. Ҳатто уйқусизликни олдини олишда қовун самарали восита ҳисобланади. Табобатда қовун мевасининг уруғи жигар ва буйрак касалликларини бартараф этишда ҳамда пешоб ҳайдовчи сифатида, камқонликда, қувватсизликда қўлланилади.

    Хоразмда қовуннинг 400 дан зиёд навлари етиштирилгани ҳақида тарихий маълумотлар мавжуд. Сўнгги йилларда вилоятда олиб борилган изланишлар натижасида қовуннинг қадимий 7 та нави қайта тикланди. Амалиётчи олимлар томонидан ҳосилдорлиги юқори бўлган, ноқулай об-ҳаво шароитларига чидамли, экспортбоп навлар яратилди. Президентимизнинг ташаббуси билан Хоразм қовунчилик мактабини қайта тиклаш, воҳа тупроқ иқлим шароитига мос, экспортбоп навларини кўпайтириш мақсадида Урганч давлат университети қошида қовунчилик маркази ташкил этилди ва полизчилик йўналишида мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилди. Кейинги йилларда воҳада қовунни иссиқхона, ҳамда очиқ далаларда етиштириш бўйича илмий кластер лойиҳасини ташкил қилиш борасида самарали ишлар олиб бориляпти.

    Шоҳида Ибрагимова,

    мустақил илмий изланувчи.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates