Қайд этилишича, ушбу фестивалда Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ушбу нуфузли халқаро анжуманда Ўзбекистон делегациясига кўрсатилаётган юксак эътибор ва эҳтиром шунчаки маданий тадбир доирасидаги меҳмондўстлик эмас, балки Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикасининг ўзаро кенг қамровли стратегик шериклиги ифодаси ҳамда икки давлат раҳбарлари ўртасидаги юксак ишонч ва ўзаро ҳурматга асосланган дўстона муносабатларнинг амалий натижаси, десак муболаға бўлмайди.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг оқилона ташқи сиёсати туфайли икки мамлакат алоқалари сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтарилди. Бугунги кунда мазкур ҳамкорлик маданий-гуманитар соҳаларда ҳам ўзининг юксак самараларини бермоқда. 32 миллиондан ортиқ аҳолига эга Чунсин каби улкан мегаполисда, жаҳоннинг ўнлаб давлатлари вакиллари жамланган фестивалда Ўзбекистон делегациясига фахрий меҳмон сифатида алоҳида эътибор қаратилаётгани, анжуман давомида қайта-қайта тилга олинаётгани бунинг яққол далилидир.
“Технология ва фильм – ШҲТ жозибаси“ шиори остида ўтаётган кинофестивалнинг тантанали очилиш маросими рақамли технологиялар, ёруғлик дизайни ва жонли ижронинг уйғунлигидаги ҳақиқий санъат ва технологиялар шоусига айланди. Симфоник оркестр, балет ва замонавий рақс гуруҳларининг чиқишлари ШҲТ маконининг бой маданий ранг-баранглигини намойиш этиб, тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.
Ўзбекистон Кинематография агентлиги директори Шуҳратулла Ризаев бошчилигидаги делегация аъзолари нафақат фестиваль иштирокчиси, балки ардоқли меҳмонлар сифатида эътироф этилмоқда. Очилиш маросимида сўзга чиққан Ш. Ризаев ўз нутқида бу каби маданий анжуманлар кино санъати орқали халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, ўзаро ишонч ва маданий алмашинувни кучайтириш учун беқиёс аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Шунингдек, у давлатимиз раҳбарининг эътибори билан Ўзбекистонда миллий кинематографияни ривожлантириш учун яратилаётган кенг имкониятлар туфайли ўзбек киноси халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллаётганини фахр билан қайд этди.
Фестиваль дастури доирасида Ўзбекистон делегацияси томонидан “Баҳорни қувиб“, “Узум“, “Уруш ҳали тугамаган“, “Актриса“ ва “Уйга қайтиш“ каби бир қатор сара бадиий фильмлар намойиш этилмоқда. Ушбу фильмлар орқали халқаро томошабинга ўзбек халқининг бой маънавияти, бетакрор маданияти ва замонавий жамиятнинг долзарб жиҳатларини юксак бадиий маҳорат билан тақдим этиш мақсад қилинган.
Кинофестиваль нафақат фильмлар намойиши, балки ШҲТга аъзо давлатлар киноижодкорлари учун муҳим мулоқот платформаси вазифасини ҳам ўтамоқда. Унда соҳадаги янги тенденциялар, технологик ютуқлар, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш ва ҳамкорликда янги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кенг муҳокама қилинмоқда.
Ўзбекистон делегациясининг ушбу жараёнлардаги фаол иштироки мамлакатимизнинг бой санъат анъаналари ва замонавий ижодий салоҳиятини яна бир бор намоён этмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур анжуман мамлакатимизнинг халқаро майдонда мустаҳкамланиб бораётган нуфузи ва маданий дипломатиянинг ёрқин намуналаридан бири бўлиб, икки томонлама стратегик шериклик муносабатларининг ривожига салмоқли ҳисса қўшиши билан аҳамиятлидир.
Фестивал давом этмоқда.











