Хоразмда Ал-Хоразмий номидаги Халқаро физика-математика мактаб-интернати ташкил этилди

    Таълим 5 апрел 2021 5411

    Бугун Хоразм вилоятининг Шовот туманида 45 йилдан бери фаолият юритиб, етук кадрлар етиштириб келаётган Ал-Хоразмий номли физика-математикага ихтисослаштирилган мактаб-интернат негизида Ал-Хоразмий номли Халқаро мактаб-интернатининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати

    Очилиш маросимида мактабнинг фахрий устозлари, собиқ битирувчилари, ота-оналар, шунингдек Хоразм вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов, Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, ушбу мактабнинг собиқ битирувчиси Адлия вазири Русланбек Давлетов қатнашиб, мамлакатимизда таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар аҳамияти ҳақида гапирдилар.

    Бундан бир йил аввал Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хоразмга ташрифи чоғида алоҳида тилга олиб ўтилган ушбу мактаб негизида Халқаро мактаб интернат ташкил қилиш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинган эди. Орадан бир йил ўтиб ушбу замонавий, инновацион таълим даргоҳи падегоглар жамоаси ва ўқитувчиларга тантанали равишда топширилди.

    Таъкидлаш жоиз, мазкур мактаб истеъдодли ёшларни тарбиялаш бўйича ўзига хос бой тажрибага ва кўрсаткичларга эга. Мактабни тамомлаган 3 719 нафар ўқувчидан 3 014 нафари, яъни битирувчиларнинг 81 фоизи олий ўқув юртларига ўқишга кирган. 81 нафар ўқувчилар математика ва физика фанларидан республика олимпиадаларида, 34 нафар ўқувчилар эса халқаро олимпиадаларда муносиб иштирок этган.

    Мактабдан 105 нафар фан доктори ва фан номзоди етишиб чиққан. Шунингдек мактаб битирувчиларидан 2 нафари сенатор, бир нафари Президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, яна бир нафари вазир, икки нафари республика банк раиси ва ўринбосари, 14 нафари ҳоким ва ўринбосарлар, 100 нафари суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларидир.

    Таъкидлаш жоизки, мактаб ташкил этилган 1976 йилдан бери ўтган 45 йил ичида бирор марта ҳам капитал таъмирланмаган. Эндиликда эса қисқа фурсатда замонавий типдаги мазкур смарт иншоот шинам ва кўркам кўринишда қад ростлади. Майдони 32 минг квадрат метр бўлган замонавий кампусда 7 та блокдан иборат иншоотлар, хусусан, ўқув биноси, маъмурият, ошхона, 400 ўринли замонавий ётоқхона, меҳмонхона, спорт заллари ҳамда дам олиш масканлари жой олган.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates