Хориж инвестицияси ёрдамида муаммо ечилмоқда

    Мамлакатимизда 11 июн 2020 3660

    Тошкент туманининг баъзи ҳудудларида тоза ичимлик сув муаммоси аҳолини йиллар давомида қийнаб келмоқда. Шу сабабли у олис ҳудудларга график асосида ёки махсус автоуловларда етказиб берилади. 

    Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 3 мартдаги “Тошкент вилояти шаҳар ва туманларининг ичимлик сув таъминоти тизимларини реконструкция қилиш” (1-босқич) лойиҳасини Осиё тараққиёт банки иштирокида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида муаммони ҳал этиш кўзда тутилган.

    Лойиҳа доирасида Қибрай, Тошкент ва Зангиота туманлари ҳудудларининг бир қисмини марказлашган ичимлик сув билан таъминлашни янада яхшилаш мақсадида “Қодирия” сув тозалаш ва таъминлаш иншоотидан Зангиота туманидаги 3-сонли сув тақсимлаш иншоотигача магистрал тармоқни барпо этиш ишлари бошланган. Келгусида яна 18 та иншоотда таъмирлаш тадбирларини амалга ошириш, 423 км магистрал сув қувурлари ва тармоқлари қурилиши режалаштирилган.

    Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотларига кўра, ҳозирги кунда "Қибрай – Тошкент – Зангиота" туманлари аҳолисини ичимлик сув билан таъминлайдиган қатор иншоотлар, очиқ ва ёпиқ сув ҳавзалари бунёд этилмоқда. Ушбу хайрли ишларнинг вақтида бажарилишини назорат қилиш юзасидан мониторинг олиб бориляпти.

    Қувонарлиси, лойиҳа амалга оширилиши натижасида ҳудуддаги 265 минг фуқаро, яъни 58 та қишлоқ аҳоли пунктида ичимлик сув таъминоти яхшиланади ва аҳолининг об-ҳаётга бўлган таъминоти 60 фоиздан 92 фоизга етказилади.

    Яқинда Тошкент тумани ҳокими Одилхон Рустамов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуда Варисова, туман Кенгаши депутатлари Саъдулла Матёқубов ва Мирислом Усмоновлар "Қодирия" сув иншоотида бўлиб, амалга оширилаётган ишлар билан танишишди.