Хориждаги компанияларга масофадан ишга жойлашиш мумкинми?

    Ҳисоб-китобларга кўра, 2025 йилга бориб, одамлар ва машиналар ўртасида меҳнат тақсимотининг ўзгариши туфайли 97 миллион янги иш ўрни яратилиши билан бир қаторда 85 миллионга яқин баъзи касбларнинг қисқариши ҳам кузатилади.

    Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларда белгиланган вазифалар самарадорлиги иқтисодий, ижтимоий, сиёсий жараёнларга замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш орқали аҳоли турмуш даражасини юқори даражага кўтариш ҳисобланмоқда. Шу боис ҳам, бу борада қатор қонун ва қонуности ҳужжатлар қабул қилиниб, улар асосида рақамли иқтисодиётнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улушини кўпайтириш, давлат хизматларини кўрсатиш тартиботларини оптималлаштириш ва тартибга солиш орқали электрон ҳукумат тизимини ривожлантиришга эътибор қаратилган.

    Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 апрелдаги “Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2020 йил 6 октябрдаги “Ахборот технологиялари соҳасида таълим тизимини янада такомиллаштириш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва уларни IT-индустрия билан интеграция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ҳамда улар асосида қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

    Илмий изланишлардан келиб чиқиб таъкидлаш мумкинки, бу борада дастлаб кадрлар ва уларнинг сифатига эътибор қаратиш зарур. Бу йўналишларда тайёрланаётган кадрлар сифати яхши таълим олиш билан бир қаторда маълум моддий-техник базани ҳам талаб қилади.

    Статистик маълумотларга кўра, дунё бўйича ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш борасида Шимолий Америка давлатлари етакчилик қилади. Хусусан, интернет билан уй хўжаликларининг 85 фоизи, мобиль алоқа билан аҳолининг 72 фоизи, шахсий компьютерлар билан уй хўжаликларнинг 93 фоизи таъминланган.

    Россия Федерациясида ҳар 100 уй хўжалигидан 64 таси шахсий компьютер билан таъминланган бўлса, мазкур кўрсаткич мос равишда Украинада 100/28, Арманистонда 100/29, Ўзбекистонда 100/25, Озарбайжонда 100/9, Қирғизистонда 100/5 нисбатда.

    Статистик маълумотларга кўра, Хитой Халқ Республикаси рақамли иқтисодиёт бўйича ривожланган АҚШдан сўнг 2-ўринда. Шу сабабли Хитой Халқ Республикасининг Alibaba Business School (Alibaba бизнес мактаби) ҳамда Global eCommerce Talent (Глобал электрон — тижорат талантлар) дастурининг стандартлари ўрганилган.

    Хитой Халқ Республикаси ва Ҳиндистон тажрибасидан келиб чиқиб таъкидлаш керакки, рақамли иқтисодиёт даврида кадрларнинг бир вақтда иқтисод ва IT фанларини ўзлаштирган универсал мутахассис бўлишида икки жиҳатга эътибор қаратиш зарур. Хусусан, мактаб даврида IT фанини билиш ва танланган йўналиш ҳамда унинг рақамлаштирилишига эътибор қаратиш лозим.

    2020 йилнинг октябрь ойида Жаҳон иқтисодий форумининг “Касблар келажаги” тўғрисидаги ҳисоботи эълон қилинди. Ҳисоб-китобларга кўра, 2025 йилга бориб, одамлар ва машиналар ўртасида меҳнат тақсимотининг ўзгариши туфайли 97 миллион янги иш ўрни яратилиши билан бир қаторда 85 миллионга яқин баъзи касбларнинг қисқариши ҳам кузатилади. Таҳлилларга кўра, 97 миллион янги иш ўрни қуйидаги касблар ҳисобига шакллантирилган:

    маълумотларни таҳлил қилувчи олимлар;

    сунъий интеллект ва техникани ўрганиш бўйича мутахассислар;

    катта маълумотлар (Big data) бўйича мутахассислар;

    рақамли маркетинг ва стратегия бўйича мутахассислар;

    жараённи автоматлаштириш бўйича мутахассислар;

    бизнесни ривожлантириш бўйича мутахассислар;

    рақамли трансформация бўйича мутахассислар;

    ахборот хавфсизлиги бўйича таҳлилчилар;

    дастурий таъминотчилар ва дастур тузувчилар;

    “Нарсалар интернети” (Internet of Things) бўйича мутахассислар ва бошқалар.

    Талаб қисқараётган 85 миллион иш ўрни эса асосан маълумотларни киритиш бўйича мутахассислар, маъмурий-ижроия котиблари, бухгалтерияни юритиш ва иш ҳақини юритиш бўйича мутахассислар, бухгалтерлар ва аудиторлар, монтаж ва завод ишчилари, бизнес хизматлар ва бошқарув раҳбарлари, мижозлар ҳақида маълумот ва мижозларга хизмат кўрсатиш ходимлари, бош менежерлар, механика ва машина таъмирловчилар, материалларни рўйхатга олиш ва сақлаш бўйича хизматчилар кабилар ҳисобига тўғри келган.

    Таъкидлаш керакки, Европа Иттифоқи, АҚШ, Россия Федерацияси ва бошқа мамлакатлар пандемия шароитида 20-30 фоиз меҳнат ресурсларини онлайн тизимга ўтказгани боис, Хитой Халқ Республикаси ва Ҳиндистон ёшларни масофадан хорижга ишга жойлаш орқали қамбағалликни кескин қисқартиришга эришди. Масалан, 2019-2020 йилда йирик интернет компанияларнинг капитали ўртача 200 миллиарддан 1 триллион долларгача ошди. Жумладан, Apple 2019 йилда 798 миллиард, 2020 йилда 1,9 триллион доллар; Аmazon 2019 йилда 781 миллиард, 2020 йилда 1,5 триллион доллар; Alibaba 2019 йилда 545 миллиард, 2020 йилда 729 миллиард доллар фойда қилди.

    Шу каби компаниялар ёшларни келгусида талаб юқори бўладиган мутахассисликлар бўйича тайёрлашга эътибор қаратиб, “Қандай касбни эгаллаш зарур?”, “Ёшларни иш билан бандлигини таъминлаш” тамойиллари асосида фаолиятни йўлга қўйиши керак. Бу масалада 2019 йил 29 ноябрь — 5 декабрь бўлган кунларда Хитой Халқ Республикасининг Ханчжоу шаҳрида “Alibaba Group” компанияси томонидан “Digital Transformation through Education” (Таълим орқали рақамли трансформация) мавзусида ташкил этилган семинарда “Alibaba Group” ўқув кенгаши раиси Ming Zeng сўзга чиқиб “Бугунги кунда таълим муассасалари бирор касбни ўргатгандан кўра, ёшларнинг иш топиш маҳоратини ошириши мақсадга мувофиқ”, деди.

    Шу жиҳатдан, рақамли иқтисодиёт талабларидан келиб чиқиб, олий таълим муассасаларида талаб юқори бўлган мутахасисликлар бўйича ёшларни тайёрлаш ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда юқори иш хақи тўлайдиган хорижий компаниялар билан шартномалар тузиб, кадрларнинг масофадан ишлашини ташкил этиш керак. Натижада таълим сифати ривожланган мамлакатлар стандартига кўтарилиб, кам таъминланган ва ишсиз аҳоли қатламини масофадан хорижга ишга жалб қилиш, уларнинг даромадини ошириш мумкин.

    Улуғбек ЯҚУБОВ,

    Тошкент молия институти кафедраси мудири,

    иқтисод фанлари номзоди, доцент

    Зулфия ИСАХОЖАЕВА,

    стажёр тадқиқотчи

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates