Хорижий эксперт: «Ҳозир дунёда пандемиянинг янги тўлқини бошланган»

    Саломатлик 5 июл 2022 1766

    Кейинги ҳафталарда «омикрон» штаммининг янги мутациялари кенг тарқалиши туфайли Европа ва Америкада касалланиш ҳолатлари сони ортиши кузатиляпти.

    Россиянинг Н.Ф.Гамалея номидаги Миллий эпидемиология ва микробиология илмий-тадқиқот маркази бош илмий ходими, вирусолог А.Альтштейн фикрича, ҳозир дунёда пандемиянинг янги тўлқини бошланган.

    «Бунга аввалги мутацияларга нисбатан тезроқ тарқалаётган субвариантлар сабаб бўляпти, — дейди олим. — Уларга ВА.3, ВА.4, ВА.5 сингари номлар берилган.

    Оқибатда дунё бўйича кунига ўртача 700-800 минг киши COVID-19ни юқтиряпти. Шунга қарамай, ўлим кўрсаткичлари кескин пасайгани ижобий ҳолат.

    Масалан, коронавируснинг Ухан варианти тарқалган пайтда хасталик асоратлари туфайли ҳаётдан кўз юмаётганлар сони анча юқори — жами беморларнинг 5-6 фоизига тенг эди.

    Тўғри, ўша пайтда янги пайдо бўлган бу номаълум касалликни даволаш борасида ҳали етарли тажриба бўлмаган. Аммо бу ўринда вируснинг биологияси ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этганди.

    Аста-секин ўлим кўрсаткичлари 2 фоизгача камайди. «Дельта» штамми тарқала бошлаганда, беморларнинг 1,5 фоизи вафот этиши қайд этилди. «Омикрон» штаммида эса бу рақамлар 0,5-0,4 фоизгача тушди».

    Вирусологнинг таъкидлашича, жорий йил бошида кўплаб мамлакатларда эпидемиологик вазият ёмонлашиб, дунё аҳолиси коронавируснинг янги тўлқинига дуч келди.

    Кейин эса касалланишлар сони секин-аста пасайди. Аммо кўп ўтмай «омикрон»нинг ВА.2 версияси туфайли яна ўсиш динамикаси қайд этила бошлади.

    «Ҳозир дунё навбатдаги мураккаб эпидемиологик вазият билан юзма-юз келди, — дейди А.Альтштейн. — Лекин, ўйлашимча, унинг асоратлари аввалгидек катта бўлмайди. Чунки вирус борган сари заифлашяпти».

    Шунга қарамай, мутахасcислар коронавирусга қарши тўлиқ босқичда ва бустер дозада эмланиш касалликдан ҳимояланишнинг энг самарали йўли, деган қатъий ва якдил хулосада, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.