Хорижлик олимлар нима дейди?

    Халқаро конференция мулоҳазали, мушоҳадали, қизғин фикрларга бой тарзда ўтказилди.

    Тошкент давлат педагогика университетитда “Узлуксиз таълим: халқаро тажриба, инновация ва трансформация” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Конференцияда 10 дан зиёд хорижлик профессор-олимлар иштирок этиб, педагогика соҳасидаги изчил ислоҳотлар самарадорлигини оширишда хорижий тажрибалари ва замонавий педагогиканинг ривожланиш тенденциялари хусусида мулоҳазали, мунозарали, қизғин фикрларга бой маъруза қилишди.

    Максим Танк номидаги Белорус давлат педагогика университети ректори, педагогика фанлари доктори, профессор Жук Александр Белорусда таълим тизимини шакллантириш ва ривожлантириш тенденциясининг устувор йўналишлари билан таништирган бўлса, Акакий Церетелли номидаги Кутаисси давлат университети ректори, профессор Шальва Киртадз Грузияда интенсив таълимни ташкил этиш омиллари ва таркибий компонентлари тўғрисида таҳлилий маълумотларни тақдим қилди.

    Россия Фанлар Академияси аъзоси, Людмила Босованинг “Умумий таълимни ўзгартиришнинг асосий йўналишлари: Россия Федерацияси тажрибаси” мавзусидаги маърузаси конференция иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

    Санкт-Петербург давлат университети профессори Роман Демянчукнинг “Таълимни модернизациялаш шароитида ўқитувчиларнинг шахсий ва касбий ривожланишини қўллаб-қувватлаш” мавзусидаги чиқишларида замонавий педагогларга қўйиладиган шахсий ва касбий хусусиятларини илмий жиҳатдан асослаб берди.

    Педагогика фанлари доктори, Баку славян давлат университети профессори Гулнара Алиева эса Озарбайжон миллий педагогика тизими шаклланиши ва ривожланиш тенденцияларини билан таништирар экан, таълим ва тарбия уйғунлигини таъминлашда миллий ва умуминсоний қадриятлар уйғунлигига эришиш зарурлиги тўғрисида илмий асосланган таклифларни берди.

    Халқаро конференция давомида дунёда педагогика фанини ривожлантиришдаги ўз илмий ечимини кутаётган бир қанча муаммолар мавжудлиги ҳам қайд этиб ўтилди. Шунинг баробарида, таълимни рақамлаштириш, инклюзив таълим, таълимда вариатив интеграция, олий педагогик таълимнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш, хорижий таълим ва илм-фан технологияларини ўзлаштириш ва жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашининг натижадор механизмларини такомиллаштириш каби муаммоларни тадқиқ қилишда ўзаро ҳамкорлик ва тажриба алмашиш зарурлиги ҳам таъкидлаб ўтилди. Конференциянинг ялпи мажлиси ва секциялардаги ишида мамлакатимиздаги 120 нафардан ортиқ тажрибали педагог-олимларнинг маърузалари тингланди.

    Конференция доирасида профессор-ўқитувчиларнинг ўқув-методик ва илмий-инновацион фаолият доирасида олинган салмоқли натижалари, интеллектуал мулк намуналари, иқтидорли талабаларнинг ижодий ишлари кўргазмалари ҳам ташкил этилди.

    Конференция материаллари асосида 2-қисмдан иборат тўплам нашр этилди. Мазкур тўпламга киритилган тезислар педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари ўқув режалари ва таълим дастурларининг ўзаро узвийлигини, шунингдек, мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ҳамда кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш таълим муассасаларининг дастурлари билан узлуксизлигини таъминлаш, таълим муассасаларининг педагогика соҳасидаги ижобий тажрибасини, шунингдек, ўқитиш ва таълим олувчилар билимларини баҳолашнинг замонавий услубларини оммалаштириш, педагогика соҳасида илм-фан ва таълимни ривожлантиришга оид долзарб муаммоларни аниқлаш, уларни кенг жамоатчилик иштирокида, шу жумладан ижтимоий тармоқлар орқали муҳокама қилиш ва илғор хорижий тажрибалар асосида уларнинг ечими бўйича тавсиялар тайёрлаш, педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, таълим дастурлари ва дарсликларни такомиллаштириш, замонавий педагогик технологияларни жорий қилиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишга хизмат қилиши шубҳасиздир.

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

    "Янги Ўзбекистон" газетаси

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates