Мактаб ўқувчисига уяли алоқа воситаси керакми ёки йўқ?

    Маълумотларга кўра, 2021 йилда дунё бўйлаб мобил телефонлардан фойдаланувчиларнинг сони 5,3 миллиардга яқинлашди, бу дунё аҳолисининг 67 фоизини ташкил қилади.  Биламизки, мобил телефонлардан фойдаланишнинг афзал томонлари билан бирга, салбий оқибатлари ҳам мавжуд. Айниқса, болаларнинг таълим-тарбиясида.

    Шунга кўра, мактабда ўқувчиларнинг мобил телефонлардан фойдаланиши керакми ёки ундан фойдаланиш тартибларига қатъий чоралар белгиланиши лозимми, деган мулоҳазалар билан юртимиз ва хорижий давлатлардаги мактабларда мобил телефондан фойдаланиш тартиблари бўйича ўрганишлар олиб борилди.

    Таҳлиллар натижаси шуни кўрсатдики, мактаб ўқувчиларининг мобил телефонидан фойдаланишга чекловлар ўрнатиш борасида ўзимизда ва кўплаб давлатларда ҳам амалий қадамлар қўйилган.

    Хусусан, мактабларимиздаги мобил телефондан фойдаланиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 21 майдаги “Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида мобил телефонлардан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор асосида тартибга солинган.

    Қарорга кўра, мактабга кириб келишда ҳар бир ўқувчи, ходим ва бошқа шахслар ўз телефони овозини тўлиқ ўчириб қўйиши шарт.

    Шунингдек, дарс машғулотларидан олдин телефонни ўчириб қўйиш талаб этилади. Ўқувчилар телефондан фойдаланиш тартибини бузганда огоҳлантириш, уларнинг кундалик дафтарига ёзиб қўйиш ва ота-оналарини хабардор қилиш каби чоралар кўрилади. Бу борада хорижий тажрибалар кузатилганда, ўхшаш ва қарама қарши жараёнлар маълум бўлди.

    Жумладан, Бангладешдаги мактаб ва коллеж ўқитувчи ва ўқувчиларининг мобил телефондан фойдаланиши тақиқланган. Австралия, Виктория, Тасмания ҳудудларида, Франция, Испания ва Чехия давлатлари томонидан ҳам болалар учун мобил телефонидан фойдаланишда чекловлар қўйилган. Бельгия ва Буюк Британияда бу борада тақиқлаш масаласи ҳар бир мактабнинг кузатув ва васийлик кенгашлари қарори асосида қабул қилинади. Хитой Халқ Республикасида ота-оналарнинг ёзма розилигисиз ўқувчилар мактабга телефон олиб киришлари тақиқланади. Таълим олиш жараёнига салбий таъсири боис Жанубий Корея мактабларида ҳам мобил алоқа воситаларидан фойдаланиш қатъиян ман этилган.

    Шунингдек, қўшни давлатлар Қозоғистон ва Тожикистон Республикаларининг “Таълим тўғрисида”ги қонунида мактаб, касб-ҳунар ва ўрта махсус таълим муассасалари ўқувчи ва талабаларининг мобил телефонлар, пейжер, планшет, смартфон, iPad, iPod, плеер, модемлардан фойдаланишига рухсат йўқ.

    Аммо, бундай чекловларнинг ўрнатилишида икки хил қараш мавжуд бўлиб, ушбу чекловларнинг тарафдорлари ва уларга қаршилар фикри мавзу юзасидан кўплаб баҳсларга сабаб бўлмоқда.

    Хусусан, Лондон Иқтисодиёт мактаби тадқиқотига кўра, смартфонлар тақиқланган мактабларда тест натижалари кўрсаткичлари 6 фоизга яхшиланган. Бироқ, мобил телефонлардан синфда фойдаланишни тақиқлаш иш бермаётганлиги, ўқувчиларнинг ярмидан кўпи яширинча қоида бузаётганлиги ва гаджетлардан ҳануз фойдаланаётганлиги ҳам аниқланган.

    Қоидага кўра, телефонларни овозсиз режимга ўрнатганда ҳам хабарлар келганда тебраниши (вибрация) ўқувчиларнинг диққатини жамлашга ҳалақит беради. Дўстларига ўз вақтида жавоб бераолмаётганлиги ёки ижтимоий тармоқлардаги мунозаралардан қолиб кетаётганлиги ўқувчиларни ўқиш жараёнига эътиборини сусайтиради.

    Таҳлиллар жараёнидаги сўровларда, – Мобил телефонларни тақиқлаш ўқувчиларнинг бир-бири билан жонли мулоқот қилиш имкониятини оширади. Чунки, замонавий болалар энди танаффусда ўйнашмайди, улар смартфонларга қарашади, – деди Франция миллий таълим, ёшлар ва спорт ишлари вазири Жан Мишель Бланке.

    Буюк Британиянинг Шиплейк коллежи раҳбари эса:

    – Бизни коллежда талабалар телефонлардан фойдалангани учун жазоланадилар. Улар телефонга жуда боғланиб қолганлар, натижада бир-бири билан мулоқот қилиш қобилиятини йўқотмоқдалар, – дея жавоб берган.

    Ўрганишларда жараёнида мобил телефондан фойдаланиш жисмоний жиҳатдан, болаларда юрак-қон томир тизимидан азият чекиш ҳолатлари аниқланган. Шунингдек, ақлий жиҳатдан, ижтимоий тармоқларда кунига икки соатдан кўпроқ вақт сарфлайдиган фойдаланувчи ёшларда руҳий муаммолар кўпроқ аниқланган. Шу билан бирга ўқувчиларнинг мобил телефондан фойдаланишларини таъқиқлашга қаршилар ҳам учради.

    Хусусан, айрим ота-оналарнинг фарзандлари хавфсизлиги бўйича хавотири ошиши аниқланган. Кун давомида фарзандидан хабар ололмаслик замонавий ота-оналарнинг ташвишини кучайтириши мумкин. Айнан шу сабабли АҚШда мобил телефонларни тақиқлаш бекор қилинган.

    Жумладан, Нью-Йоркда 10 йил давом этган мактабларда телефонларга қўйилган тақиқ 2015 йилда бекор қилинган. Шунингдек, мактабларда хавфсизлик яхши эмаслиги ва мактаб ўқувчилари смартфон орқали тез ёрдам ёки ички ишларга хабар бериши, ўзи турган жой ҳақида маълумот юборишлари мумкинлиги ҳам ушбу назария тарафдорларининг асосий сабаблари этиб кўрсатилади.

    Уларнинг фикрича, ўқувчилар замонавий таълим воситаларидан фойдаланишлари керак. Мобил телефон бир нечта дастур билан жиҳозланган. Жумладан, телефонда калкулятор, камера ва интернетдан фойдаланишлари мумкин.

    Мисол учун, доскадан ўзига керакли маълумотларни суратга олиши, интернет орқали фанга оид маълумотларни топиши, электрон адабиётлардан ва билим олишга мослашган электрон платформалардан фойдаланган ҳолда ўз билим ва кўникмаларини ошириши мумкин.

    Шунингдек, ушбу назарияни қўллаб-қувватлашга қаратилган амалиёт бор, масалан, AҚШ, Канада, Скандинавия мамлакатларида мактаб ўқувчиларининг гаджетларини ўқув жараёнига киритиш дастурлари мавжуд.

    BYOD (“Bring your own device”, яъни “Ўз электрон қурилмангни олиб кел”) амалиёти Белгиядаги мактабларда 2016 йилдан бери, Канадада эса 2012 йилдан бери амалда бўлиб, ўқувчилар дарс жараёнида ўз мобил телефон, электрон гаджетларидан фойдаланишлари мумкин.

    Мактаб ўқувчилари томонидан мобил телефонлардан фойдаланиш бўйича халқаро тажриба таҳлили шуни кўрсатадики, мобил телефонлардан узоқ муддат фойдаланиш уларнинг жисмоний ва руҳий ҳолатига, хусусан, гиперактивлик, уйқусизлик, асабийлик, хотира ва эътиборнинг пасайишига бу эса ўз навбатида дарсларни ўзлаштиришига таъсирини ўтказади.

    Хўш, мактаб ўқувчисига уяли алоқа воситаси керакми ёки йўқ? Бу масала жуда долзарб ва мобил телефон керак ҳамда ўқувчига мобил телефондан фойдаланишни таъқиқлаш керак деган томонларнинг ўз асослари етарлича.

    Менимча бу масалани турли таъқиқ ва чекловлар, турли тартиб ва меъёрлар билан ҳал қилиб бўлмайди. Бунда мобил телефонларнинг асаб тизимига, инсон соғлиғига, айниқса болалар соғлиғига зарари ҳақида тарғибот ва ташвиқотни кучайтириш, ота-оналар, ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасида мобил телефон зараридан тортиб, ундан фойдаланиш маданияти бўйича тушунтириш ишлари олиб борилиши керак.

    Ва албатта, бу масалада ота-она масъулияти биринчи ўринда бўлиши керак. Фарзандингизга мобил телефон олиб бердингизми, энди у балоғат ёшига етгунга қадар болангиз телефонда кимлар билан гаплашяпти, қайси интернет саҳифаларидан фойдаланаяпти, албатта назорат қилиб туришингиз керак.

    Мактаб таълим беради, тарбияни эса оилада оламиз. Ўзимиздан каттага биринчи бўлиб салом бериш одат ва қадриятга айланганидек, мобил телефондан тўғри ва унумли фойдаланиш ҳам ота-она томонидан шу даражада қадрият сифатида шакллантирилиши керак.

    Малика РАШИДОВА,

    Халқ таълими вазирлиги етакчи мутахассиси

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates