Хотин-қизларни қўллаб-қувватлашнинг ўзига хос тизими

    Кейинги йилларда мамлакатимизда аёл-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарли қилиш, бандлигини таъминлаш, уларнинг жамиятимиз ҳаётидаги ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, турли соҳаларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароитлар яратиш устувор вазифага айланди.

    Айниқса, нозик хилқат вакилларининг давлат ва жамият қурилиши ҳамда бошқарувидаги иштирокини кучайтириш, ижтимоий-сиёсий ҳуқуқларини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани алоҳида эътиборга молик.

    Президентимизнинг шу йил 5 мартдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор бу борадаги эзгу саъй-ҳаракатларни янада ривожлантириш, таъбир жоиз бўлса, янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам бўлди.

    Мазкур ҳуқуқий ҳужжатда мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳасида хотин-қизларнинг иштирокини ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим олиши, муайян касбий кўникмани эгаллаши ҳамда бандлигини таъминлашга ҳар томонлама кўмаклашиш, жойларда “Аёллар дафтари”ни шакллантириш ва унга киритилган хотин-қизлар муаммолари, эҳтиёж ва қизиқишларини тизимли ўрганиш, уларга зарур ечим топиш борасидаги ишларни янада жадаллаштиришга доир қатор муҳим вазифалар белгиланди.

    Жумладан, янги қарорга биноан Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгашини ташкил этилади. Шу ўринда кўпчиликда ушбу жамоатчилик тузилмасини ташкил этишга қандай эҳтиёж бор эди, деган савол туғилиши табиий.

    Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган бу галги Мурожаатномасида охирги йилларда давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг ўрни ҳамда мавқеини янада мустаҳкамлаш мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг энг устувор йўналишларидан бирига айланганини таъкидлаган эди.

    Ўтган йили Касаба уюшмалари федерацияси бошчилигида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда бошқа мутасадди идоралар, банклар ва ҳокимликлар томонидан уйма-уй юриб, аёл-қизларнинг муаммолари ўрганилди. Афсуски, ўрганишлар натижасида биринчи марта жойлардаги ҳақиқий аҳвол юзага чиқди. Хусусан, ҳудудларда аёлларни қийнаётган, узоқ йиллардан буён ўйлантириб келаётган бир қатор муаммолар аниқланиб, ҳал этиш чоралари кўрилди. Мазкур йўналишда олиб борилган амалий ишлар натижасида 6 миллион 385 мингдан зиёд хотин-қиз билан юзма-юз мулоқот қилиниб, “Аёллар дафтари”га тўққизта мезон асосида 433 минг нафар хотин-қиз киритилди. Бугунгача улардан саксон минг нафарининг муаммоси ижобий ҳал этилди.

    Энг асосийси, ушбу тизим бугунги аёлларнинг дарду ташвишлари, уларни қийнаётган муаммолар нималардан иборат эканини яққол кўрсатди. Бундан кейин мамлакатимиздаги ҳар бир хотин-қизнинг муаммоларини ҳал этиш бўйича аниқ ва манзилли режа ишлаб чиқилиб, бу йўналишда бажариладиган ишлар маълум бўлди.

    Бироқ бу — соҳада барча ишлар рисоладагидек дегани эмас. Биз йўлнинг бошида турибмиз. Чунки ҳали аёллар муаммоларини ечиш учун бажаришимиз шарт ва зарур бўлган ишлар талайгина. Шу боис Президентимиз Мурожаатномада хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини ошириш, уларга янги имкониятлар яратиш бўйича навбатдаги қадам сифатида ҳаётни ва аёллар муаммоларини яхши биладиган, фаол ва ташаббускор опа-сингилларимиздан иборат Республика Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашини ташкил этиш таклифини билдирган эди.

    Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилаётган мазкур жамоатчилик тузилмаси зиммасига янги қарорга бинон қатор муҳим вазифалар юкланди. Жумладан, ушбу кенгаш хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, таълим олиши ва касбий кўникма эгаллаши, муносиб иш топишига ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, уларни қўллаб-қувватлашга доир ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш, иқтидорли ёш аёл-қизларни аниқлаш ва уларнинг қобилиятини тўғри йўналтириш, ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда яшаётган нозик жинс вакилларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматлар сифати ва улар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш борасидаги ишлар самарадорлигига масъул бўлади.

    Шу билан бирга, кенгаш томонидан тураржойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш, уларнинг турмуш шароитини яхшилаш, оилаларни мустаҳкамлаш, ҳудудий хотин-қизлар жамоатчилик кенгашлари, маҳаллалардаги “Аёллар маслаҳат кенгашлари” фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг давлат ва жамоат ташкилотлари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш, “Аёллар дафтари” билан манзилли ишлаш борасида жамоатчилик назорати олиб борилади.

    Охирги йилларда мамлакатимизда оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган аёлларнинг уй олиши учун бошланғич бадалларни тўлаб бериш тизими йўлга қўйилди. Ушбу тизим орқали биргина ўтган йили Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан 1 минг 246 нафар аёл уй-жой сотиб олиши учун 21 миллиард 746 миллион сўм миқдоридаги бошланғич бадал пуллари тўлаб берилди.

    “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор орқали бу борадаги ишларни жадаллаштириш ва янги босқичга олиб чиқиш, эҳтиёжманд аёлларнинг ижтимоий ҳимоясини кенгайтириш учун мазкур жамғарма Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси сифатида қайта ташкил этилиши белгиланди.

    Энди янги жамғарма томонидан оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган фарзандларни тарбиялаётган, кам таъминланган, болаларини тўлиқсиз оилада улғайтираётган ва тураржойга муҳтож хотин-қизлар учун уй-жойларнинг бошланғич бадалини тўлаб бериш, опа-сингилларимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, уларни спортга кенг жалб этиш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, бандлигини таъминлаш билан боғлиқ тадбирлар молиялаштирилади. Бунинг учун эса давлат бюджетидан ҳар йили уч юз миллиард сўмгача маблағ ажратилади. Шу билан бирга, жамғарманинг бўш турган маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштириш ҳисобидан олинган даромадлар, ҳомийлик хайриялари, халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан ажратилган пуллар ҳам ушбу эзгу мақсадларга йўналтирилади.

    Мазкур қарорга мувофиқ, бу йил “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган хотин-қизлар ипотека кредитларининг бошланғич бадалини тўлаб бериш ва ижтимоий уй-жой сотиб олиш учун маҳаллий бюджетларга нотурар жойларда истиқомат қилаётган аёлларни уй-жой билан таъминлашга ўн миллиард сўмдан, отасидан айрилган, ёлғиз онаси қарамоғида бўлган, вояга етган, уй-жойга муҳтож қизларни уй-жой билан таъминлашга эса беш миллиард сўмдан маблағ ажратилиши ушбу йўналишдаги ишлар янги босқичга чиқаётганининг амалий тасдиғидир.

    Бугунги кунда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, хусусан, эжҳтиёжманд, кам таъминланган оилаларда яшаётган хотин-қизлар саломатлигини асраш, уларга бу борада амалий ёрдам бериш бўйича бажарилиши зарур бўлган қатор вазифалар мавжуд. Президентимизнинг мазкур қарорида бу йўналишдаги жуда кўп муаммоларнинг амалий ечими белгилаб берилган.

    Хусусан, махсус жарроҳлик амалиётлари ўтказиш орқали даволанишга муҳтож ҳамда “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган эҳтиёжманд хотин-қизлар даволаниши учун Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармасига ўттиз миллиард сўм маблағ йўналтирилади. Шу билан бирга, жойлардаги ҳокимликлар жорий йилда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган ва ўзгалар парваришига муҳтож хотин-қизларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш учун саксон миллиард сўм, нотураржойларда истиқомат қилаётган хотин-қизларга тураржой ижараси компенсацияси учун ўн бир миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланди. Мустақил мамлакатимиз тарихида ҳали ҳеч қачон бундай йирик маблағ айнан эҳтиёжманд оилаларда яшовчи аёллар ва ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг саломатлигини сақлаш учун ажратилмаган эди. Бу ҳам бўлса, мамлакатимизда инсон ва унинг манфаатлари нечоғлик муҳим ва қадрли эканининг амалий тасдиғидир.

    Бундан ташқари, 2021 йилда ҳар бир ҳудудда хотин-қизлар фаолият юритадиган ҳунармандчилик турларига ихтисослашган кластерлар фаолияти тажриба сифатида йўлга қўйилиши, ҳудудларда зўравонликка учраган хотин-қизларга ёрдам кўрсатиш бўйича биттадан намунавий марказ ташкил этилиши ҳамда уларнинг фаолиятини бошлаш учун ўн миллиард сўм ҳамда маҳаллий бюджетлар қўшимча манбаларидан зарур маблағлар йўналтирилади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёлларнинг фарзандларини мактабгача таълим ташкилотларига имтиёзли рўйхатга киритиш ва боқувчисини йўқотган аёлларга боласини мактабгача таълим ташкилотлари, шу жумладан, оилавий боғчаларга бериш харажатларини бюджетдан қоплаш тизими жорий этилади.

    Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг мазкур қарори мамлакатимизда аёл-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

    Раҳмат МАМАТОВ,

    маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири,

    Олий Мажлис Сенати аъзоси

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates