ХХ аср Берунийси

    Собиқ СССР Фанлар академияси академиги Виктор Амбарцумян ўз хотираларида буюк ўзбек олими ҳақида бундай дей­ди: “Ҳабиб Муҳамедович Абдуллаев­дек буюк инсонлар ҳар куни, ҳар йили туғилавермайди. Бундай инсонлар 100 йилда бир туғилади”.

    Одатда ўзбек халқидан етишиб чиққан буюк алломалар ҳақида сўз борганда Форобий, Ибн Сино, Замахшарий, Беруний, Улуғбек сингари машҳур аждодларимиз номларини фахр билан тилга оламиз, лекин ХХ асрда дунёга келиб, жаҳон фани тараққиётига катта ҳисса қўшган ватандошларимиз ҳам улар билан бир сафда туриши мумкинлигини кўпам хаёлимизга келтиравермаймиз.

    Мен бу ўринда геология соҳасидаги кашфиётлари билан илм-фан оламини ларзага келтирган машҳур ўзбек олими, жамоат арбоби, академик Ҳабиб Абдуллаевни назарда тутяпман.

    Собиқ СССР Фанлар академияси академиги Виктор Амбарцумян ўз хотираларида буюк ўзбек олими ҳақида бундай дей­ди: “Ҳабиб Муҳамедович Абдуллаев­дек буюк инсонлар ҳар куни, ҳар йили туғилавермайди. Бундай инсонлар 100 йилда бир туғилади”.

    1912 йили чекка бир қишлоқда туғилган болакайни Тошкентга келиб, Ўрта Осиё геология мактаби асосчиси, Ўзбекистон Фанлар академияси президенти, жаҳоншумул геолог олим даражасига эришади, деб ҳеч ким ўйламаган. Лекин Ҳабиб ­Абдуллаев қисқа муддатда илм-фаннинг энг юксак чўққиларини забт этиб, академик Ғани Мавлонов ёзганидек, “Ўрта Осиё тарихида етишиб чиққан йигирма биринчи буюк олим” сифатида шуҳрат қозонди.

    У умри давомида Ўрта Осиё индустриал инс­титутида кафедра мудири, директор, Ўзбекистон Халқ комиссарлар совети раиси ўринбосари, Давлат план комиссияси раиси, ЎзФА вице-президенти, президенти лавозимларида ишлаб, йирик давлат, жамоат ва фан арбоби даражасига кўтарилди. Лекин қандай лавозимда ишлашидан қатъи назар, ҳеч қачон илмни ташлаб қўймади. 1946 йилда “Ўрта Осиёнинг шеелитли скарнлари геологияси” мавзусида докторлик диссертациясини ёқлади.

    Ҳ.Абдуллаев рудалар геологияси соҳасида олиб борган изланишлари билан эндген руда ҳосил бўлиши назариясини ривожлантирди. Унинг Тошкент ва Москва нашриётлари ҳамда илмий журналларида чоп этилган 150 дан ортиқ илмий тадқиқоти, 7 та монографияси геология фани тараққиётига муҳим ҳисса бўлиб қўшилди.

    1957 йилда бевосита унинг иштироки ва раҳбарлигида “Чотқол-Қурама тоғлари магматизми ва металлогениясининг асосий хусусиятлари” монографияси, 1960 йилда эса, “Ўрта Осиё магматизми ва рудаланиш жараёни” асарлари яратилди. Олимнинг сўнгги туркум ишларидан бири “Руда — петрография провинциялари ва уларни таснифлаш масалалари” бўлди. Жаҳондаги барча йирик руда конларининг шаклланиш хусусиятларига бағишланган “Металлогения — фойдали қазилма конларини қидириб топишнинг геологик асоси” монографияси учун 1970 йили (вафотидан кейин) Беруний номидаги Ўзбекистон давлат мукофотига лойиқ кўрилди. Олим қаламига мансуб асарларнинг аксари рус тилида ёзилган бўлиб, уларнинг энг муҳимлари немис, инглиз ва хитой тилларига таржима қилинган.

    Олимнинг Ўзбекистон Фанлар академияси президенти сифатида мамлакатимизда илм-фаннинг барча соҳалари бўйича миллий кадрлар етиштириш, Ўзбекистонда барча фанларни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдаги хизматлари беқиёс. У эскирган андозалар асосида ишлаб келаётган раҳбарлар билан кескин курашган инсондир.

    Ҳ. Абдуллаевнинг дунё даражасидаги олим эканини шундан ҳам билиш мумкинки, у 1956 йилдан Мексика, Франция, Чехословакия, Буюк Британия, Хитой, Ҳиндистон сингари мамлакатларда геология масалаларига бағишланган халқаро конгресс ва симпозиумларда қатнашиб, геологиянинг муҳим масалалари бўйича маърузалар қилган. Бу маърузалар мутахассисларда жуда катта қизиқиш уйғотган. 1960 йили Буюк Британия ва Ирландия Минералогия жамияти, Франция Геология жамиятига аъзо бўлган.

    Таъкидлаш лозимки, Ҳ.Абдуллаев ташаббуси билан 1957 йили “Фан ва турмуш” журнали яна чиқа бошлаган, “Ўзбек совет энциклопедияси”ни нашр этишга киришилган.

    1959 йилда олим “Руда пайдо бўлишининг гранитоид интрузиялар билан генетик боғлиқлиги” мавзусидаги тадқиқоти учун Ленин мукофоти билан тақдирланган. Бу мукофот собиқ шўролар тузумининг энг катта мукофоти бўлиб, ҳаммага ҳам, айниқса, миллий рес­публикалар вакилларига берилавермасди.

    Бевосита унинг раҳбарлигида ЎзФА таркибида Ядро физикаси, Фалсафа ва ҳуқуқ, Нефть ва газ конлари геологияси ҳамда қидируви, Гидрогеология ва муҳандислик геологияси, Минерал ресурс­лар каби янги институтлар ташкил этилди.

    Амалга оширилган бу улкан ишлар академикнинг нафақат Ўзбекистон, балки собиқ иттифоқдаги обрўси ҳам беҳад даражага кўтарилишига сабаб бўлди. Буни кўролмаган ва ҳамон эски андозалар асосида ишлаётган баъзилар академик Ҳабиб Абдуллаевга қарши кураш бошлаб, уни ва ўзбек халқининг унга ўхшаган улуғ фарзандларини яна қатағон қилишга уринишади.

    “Абдуллаев асарларининг шиддат билан тарқалиши ўзини бу соҳада ягона, ҳеч бўлмаганда, билимдон ҳисоблайдиган москвалик, ленинградлик ва сибирлик баъзи атоқли мутахассисларни саросимага солиб қўйди, — деб ёзган эди бир гуруҳ мос­квалик ва тошкентлик олимлар. — Ҳазил гапми, ҳали иттифоқда танилиб улгурмаган ўрта осиёлик қандайдир “яккахўжа” олим марказнинг тажрибалари, махсуслашган металлогения ва петрология мактаблари узоқ йиллар мобайнида ечолмаган долзарб, ўта муҳим муаммоларни бир ўзи поёнига етказиб, баланд савияда уддалаб ҳал қилса-я!”

    Шу пайтдан бошлаб 1937 йилдан тирик қолган “арбоблар” “илм саҳнаси”дан қувилган “олимлар” билан бирлашиб, улуғ олимнинг кўзини очирмай қўйишди. Улар Ойбек ва унинг раҳбарлигидаги ёзувчиларга қарши ҳам жанг бошлаган эди. Ўзи тош­бўрон қилинаётган олим бу шармандали ҳолни кўриб чидай олмайди.

    Ўша кезларда академия президиуми аъзоларининг аъзолик муддати тугаб, янги сайлов компанияси бошланганди. Ҳ. Абдуллаев Ойбекнинг президиум аъзолигида қолиши учун кимларгадир қўнғироқ қилиб, улардан Ойбекни ҳимоя қилишни сўрайди.

    “Шанба куни эди, — деб хотирлайди олимнинг рафиқаси Фотимахон Абдуллаева. — Турмуш ўртоғим фурсатни ғанимат билиб, берилиб ишлаётганида, тўсатдан телефон жиринглади. Олсам, Ҳабиб Муҳамедовични сўрашди. Гўшакни домлага узатиб, энди ортимга бурилганимда, Ҳабиб Муҳамедовичнинг:

    — Ахир Ойбек ўзбек адабиётининг тоғларидан бири-ку! Нега ундай дейсиз? — деганини эшитиб тўхтадим. — Бу ҳақда ҳатто ўйлаб кўришни ҳам истамайман!

    Домла гўшакни зарда билан менга узатди-да, ёзув столидан қўзғалди.

    Қисқа кечган суҳбатда домлани ким хафа қилганини дарров фаҳмладим. Ҳабиб Муҳамедович ҳеч ким, ҳеч нимани кўрмай, заҳрини ҳавога сочди:

    — Ҳар кимни тоққа ўхшатаверманг, дейди-я, аблаҳ! Ойбекнинг кимлигини, унинг қудратини билмайди у, билганида бу гапни айтмасди. Тавба, бундай “ноёб” нусхаларни қаердан топишар экан-а?! Яна у халқни тўғри йўлга бошловчи раҳбар, ғоявий раҳбар эмиш!

    Домла қўлидаги ручкани маҳкам сиққанича, хона бўйлаб юра бошлади:

    — Академия президенти эканман, Ойбек президиум аъзолигидан чиқарилмайди. Бу — бир. Иккинчидан, мен сенинг товуқмия ақлинг билан берган буйруғингга бўйсунмайман”...

    Шу сўзларнинг ўзи Ҳабиб Абдуллаевнинг қандай улуғ инсон бўлганини кўрсатади, деб ўйлайман.

    Профессор Омонулла Файзуллаев хотраларидан

    1962 йилнинг эрта баҳор кунлари эди...

    Айтилган вақтда Ўзбекистон Фанлар академия­сининг раёсати жойлашган Куйбишев кўчасидаги бинонинг иккинчи қаватига кўтарилдим...

    ...Шу пайт Марказий қўмитанинг ўша вақтдаги котибларидан бири шошилинч равишда кириб келди. Ҳамма ўрнидан туриб қарши олди... Йиғилганлар ўтиргач, Марказқўм котиби тик турганича мажлисни ўзи очди ва гап бошлади. Унинг гапларини айнан келтиролмайман, албатта. Аммо умумий мазмуни ёдимда.

    Нотиқнинг қиёфаси важоҳатли, сўзлари кескин эди. У ўз гапини академияга, асосан, унинг президенти Ҳ. Абдуллаевга ҳужум қилишдан бошлади. Академияда сиёсий-тарбиявий ишлар ёмон аҳволдалиги, ҳатто унда майда буржуа миллатчилиги илдиз отаётгани ва бунда академия президенти
    Ҳ. Абдуллаев фаол қатнашаётганини таъкидлаб, уни қаттиқ қоралади. “Эндиликда бунга чидаш мумкин эмас, унга чек қўймоқ даркор”, деди-да, ўтирганларга мурожаат қилиб, улардан шу хусусда ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишни талаб қилди.

    Энг одилона гапларни Қори Ниёзий домла гапирди. Унинг сўзлари, аввало, ҳаққонийлиги, иккинчидан, дадиллиги, сўзлаётган пайтдаги хатти-ҳаракатлари билан менда зўр таассурот қолдирди...

    — Константин Евлампиевич! — деди у Житовнинг тепасига бориб. — Гарчи сен Туркистоннинг янги тарихи бўйича мутахассис бўлсанг ҳам ҳеч вақони билмайдиган олим экансан. Жадидлар сен ўйлагандек ёмон одамлар эмас. Ўзбек зиёлилари орасидан етишиб чиққан маърифатпарвар, билим ва маданият тарқатувчи фаол кишилар бўлган улар. Жадид — янгилик дегани. Улар миллий мактабларда янгича ўқитиш усулларини тарғиб қилишган. Жадидларнинг кўпчилиги Туркистон миллий мустақилликка эришади, деб умид қилган.

    Бир қисми эса бунга ишонмай, миллий мафкурани тарғиб қила бошлади. Шундан кейин бу тараққийпарвар оқимда бўлиниш рўй берди. Ахир Ҳамза ва Ғафур Ғулом ҳам, Садриддин Айний ва Ойбек ҳам, Абдулла Қодирий ва Усмон Носир ҳам жадид бўлган ёки дунёқараши шулар таъсирида шаклланган ўзбек зиёлилари эди-ку! Менинг ўзим ҳам жадид бўлганман!

    Ҳабиб Муҳамедович-чи? У Ўш вилояти Аравон қишлоғида яшаган бир камбағал деҳқон фарзанди. Ўрта ва олий маълумотни совет ҳокимияти даврида олган, унинг дунёқараши ҳам шу даврдаги комсомол ва партия ташкилотлари ишида фаол қатнаш­гани туфайли шаклланган.

    Шундай экан, қандай қилиб уни жадидларга боғлаш мумкин? Рост, Ҳабиб Муҳамедович ҳозирги баъзи зиёлилардан фарқли ўлароқ, зўр ватанпарвар, ўз миллатига фавқулодда ғамхўр, унинг ёрқин келажагига ишончи баланд одам. Аммо миллатига меҳри баланд одамни миллатчига чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ! Бу ерда мен ҳеч қандай тор миллатчиликни кўраётганим йўқ...

    Шундан кейин Қори Ниёзий иккинчи нотиқнинг тепасига борди ва:

    — Биласиз, академияга мен ҳам, бошқалар ҳам президент бўлганмиз. Аммо тўғрисини айтиш керак, Абдуллаев биз қилолмаган зарур ишларни рўёбга чиқарди. Академияни янада юқори даражага кўтарди. Сиз эса унинг яхши ишларидан кўз юмиб, туҳмат билан шуғулланяпсиз. Қани айтинг-чи, бу туҳматларни сизга ким ўргатди? — деди.

    Марказқўм котиби жаҳл билан: “Ҳақорат қилинмасин!” деди.

    Қори Ниёзий Марказқўм котибига ўгирилди:

    — Сиз ва булар (у дастлаб сўзлаган икки туҳматчини қўлини бигиз қилиб кўрсатиб) ҳақорат ва туҳмат қилсаларинг майли-ку, бизга ҳақ сўзни айтиш мумкин эмас экан-да! — деди асабий оҳангда. — Мен сиз гапираётганингизда жим ўтирган эдим. Илтимос, сиз ҳам менга халал берманг!

    Марказқўм котиби қизишиб кетиб, қўлидаги қаламни жаҳл билан столга отиб юборди.

    — Сизлар билан бу масъулиятли масалани ҳал қилиб бўлмас экан, бу ҳақда тегишли жойда гаплашамиз! — деб ўрнидан туриб, хонадан чиқиб кетди. Унинг кетидан икки туҳматчи ҳам жўнаб қолишди.

    Бир неча сония хонага оғир сукунат чўмди. Ҳабиб Муҳамедовичнинг хира тортган кўзларида ёш ҳалқаланди, ўпкаси тўлиб, зўрға: “Катта раҳмат сизларга!” дея олди, холос.

    Олимнинг рафиқаси Фотима Абдуллаева хотираларидан

    1961 йил декабрь ойида СССР Олий Советининг сессияси бошланиши керак эди. Ўзбекистонлик депутатларнинг барчасига билет олинган, бир кундан сўнг Москвага жўнашга тайёргарлик кўрилаётган эди. Кечки пайт телефон жиринглади. Гўшакни олсам, Марказқўмнинг мафкура бўйича котиби расмий, ўта совуқ оҳангда Ҳабиб Муҳамедовични сўради. Домла тунда ишлаш ниятида бирпас мизғиб олиш учун беш-ўн дақиқа аввал бошини ёстиққа қўйган эди...

    — Ҳабиб Муҳамедович эндигина ётган эди, — дедим мулойим овозда. — Бирор зарур гап бўлса, айтинг, уйғонса, унга етказаман.

    — Уйғотинг! — деди у нописандлик билан. — Сизга айтадиган гап эмас бу!

    Ҳабиб Муҳамедович овозимни эшитиб уйғонган, тумбочка устидаги иккинчи аппарат гўшагини кўтариб, гапимизни эшитиб турган экан. Қўлимдаги гўшакни қўймай, мен ҳам суҳбат давомини эшитдим. Салом йўқ, алик йўқ, тўғридан-тўғри совуқдан-совуқ:

    — Эртага Москвага кетмайсиз. Устингиздан шикоят тушди. Сизларни юзлаштираман, — дея гапини тугатди у.

    Абдуллаев:

    — Юзлаштириш қочиб кетмас, — деди хотиржамлик билан. — Бу биринчиси эмас-ку. Сессиядан қайтгач...

    — Йўқ! — дея сўзни кесди ва ­гўшакни қўйди шекилли, қисқа гудок эшитилди.

    ...Эртасига Қ.Бобоев, Н.Васильковский, ­А.Уклонский ва бошқалар Зуҳра Раҳимбобоеванинг қабулида бўлади. Улар Марказқўм котиби билан бир тараф, Ҳабиб Муҳамедовичнинг ёлғиз ўзи бир тараф бўлиб, чақув хатини сатрма-сатр кўриб чиқишади.

    Хатда кўрсатилишича, Ҳабиб Муҳамедович миллатчиликда, ўзбекларга алоҳида эътибор берганликда айбланган экан. Улар томонидан барча айбловни мафкура бўйича котиб сўзлаб, гуруҳдагиларни дадиллаштиришга даъват этиб туради. Шунда тоқати тоқ бўлган Ҳабиб Муҳамедович: “Менга ҳам навбат берасизларми ёки шу жойнинг ўзида судьяни чақириб, суд мажлисини бошлайсизларми?” дегач, А.Уклонский: “Ҳабиб Муҳамедовични эшитиш керак”, деб таклиф киритади. Абдуллаев: “Сўранг-чи, мен уларни қачон ва қандай тарзда камситиб, миллатчиликка йўл қўйибман?” дегач, у истар-истамас босим ўтказишга мажбур бўлади.

    Ҳабиб Муҳамедовичнинг саволи бир зум ҳаммани ўйлашга ва жавоб беришга мажбур қилса-да, улар миқ этмай тураверишади... Шунда академик Уклонский жим туролмай: “Нима, мен ёш боламанми ўзимни хафа қилдириб қўядиган?” — деб “томоша”га нуқта қўяди. — Ўзимни ўзим ҳимоя қилишга кучим етади. Ҳайронман, у хатда менинг номим қаердан пайдо бўлди? Ҳабиб Муҳамедовичнинг ёқасидан маҳкам тутишга арзийдиган бошқа баҳона топилмадими?”

    ... Бошқалар ҳам шунга ўхшаган фикр билдириб, кутган натижа бўлмайди. Лекин у кўзланган мақсадга эришган — топшириқни аъло даражада бажарганидан хурсандлиги сезилиб турарди. Чунки Ҳабиб Муҳамедовични СССР Олий Советининг сессиясида охирги марта қатнашиш имконидан маҳрум этганидан боши осмонда эди...

    Ҳабиб Абдуллаев ҳаётидан лавҳалар

    Кунларнинг бирида Ҳабиб Абдуллаевнинг уйига бир йигит келибди. У Москвада иқтисод бўйича номзодлик диссертациясини ёқлаб келиб, уйланган, аммо уйи йўқлиги сабабли эр-хотин бошқа-­бошқа ётоқхоналарда яшаётган экан. Ҳабиб Муҳамедович унинг ўз вақтида ҳимоя қилганини эшитиб ва Москва институтларида илмга чанқоқ бир неча йигит-қиз борлигидан хабар топиб, кўп хурсанд бўлибди.

    Шундай суръат билан ишлашни, доим биринчи бўлиб яшаш лозимлигини айтибди йигитга. Шу орада ёрдамчиси Ғ.Алиевга ётоқхона масаласини тез ҳал қилиш ҳақида топшириқ берибди. Орадан бирмунча вақт ўтказгач, Ғ.Алиев домла ҳузурига кириб, ёзги таътилни ўтказиш учун кетаётганини айта бошлаган экан, домла ундан ёш олим учун уй-жой масаласининг ҳал бўлган ё бўлмаганини сўраб қолибди. Муаммо ҳалигача ҳал бўлмаган экан. “Шундай экан, нега менга айт­мадингиз, — деб койибди ёрдамчисини академия президенти. Сўнг: “Икки ёшнинг муаммосини ҳал қилмай туриб ҳеч қаерга бормайсиз!” дебди. Раҳбари хонасига хурсанд кайфиятда кириб, мулзам бўлган ёрдамчи секингина “Хўп бўлади”, деб чиқиб кетибди. Лекин буни қарангки, шу вақтгача ҳал бўлмаган масала эртасигаёқ ҳал бўлиб, иқтисодчи йигитга оиласи билан бахтли ҳаёт кечириши учун зарур шароит яратиб берилган экан.

    * * *

    Урушдан кейинги оғир йиллар. Ўша кунларнинг бирида Ҳабиб Муҳамедовичнинг шогирдларидан бирининг онаси вафот этибди. Ночор аҳволда қолган шогирд устозининг уйига ёрдам сўраб борибди. Устоз унга аввал ҳамдардлик билдирибди ва: “Менинг олдимга келиб тўғри қилибсан. Устознинг вазифаси фақат шогирдининг илмий ишига раҳбарлик қилишгина эмас, яхши кунида ҳам, ёмон кунида ҳам унинг ёнида туриш, унга ёрдам беришдир”, деб дафн маросими харажатлари учун лозим маблағни бериш билангина кифояланмай, институтдан ҳам унга моддий ёрдам кўрсатиш ҳақида кўрсатма берибди.

    * * *

    1950-йилларнинг бошларида космополитизмга қарши бошланган курашнинг салбий оқибатлари атоқли арабшунос олим М.Сальени ҳам четлаб ўтмаган.

    Машҳур шарқшунос, академик И. Крачковскийнинг севимли шогирди, 8 жилдли араб фольклори дурдонаси “Минг бир кеча”нинг таржимони боши узра қора булутлар суза бошлаган. Ҳатто 1950 йилнинг кузида уни Фанлар академияси аъзолигидан ҳайдаш масаласи кўтарилган. Бу нотўғри ҳаракат ижтимоий-гуманитар фанларда ёмон тамо­йилларнинг авж олишига сабаб бўлишини сезган, Сальени машҳур таржимон ва шарқшунос олим сифатида қадрлаган Ҳабиб Абдуллаев тегиш­ли идораларга хат ёзиб, уни давр балоларидан сақлаб қолган.

    Бутун ҳаёти давомида эзгу ният ва эзгу амаллар билан яшаган инсонлардан эзгу ишлар ва эзгу хотиралар қолади. Ҳабиб Абдуллаев ўзидан эзгу ишлар ва эзгу хотиралар қолдирган ана шундай инсондир.

    Наим КАРИМОВ,

    Академик

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates