Қачонки, ўша ҳужжат аввало синчиклаб ўқилса, идрок этилса ва ижросига онгли тарзда киришилса! Маҳалла фуқаролар йиғини томонидан берилган ҳужжат бир фуқаро, нари борса, бир оиланинг жорий ҳаётигагина тегишли бўлади. Мамлакат Конституцияси-чи?
Шу нуқтаи назардан қаралса, бутун бир давлат ва халқнинг нафақат бугунги, балки келгуси ўн йилликларда кечажак ҳаётининг деярли барча жабҳаларига тааллуқли бу ҳуқуқий доктринанинг роли ва аҳамияти қанчалар катта!
Тарихий референдумдан кейин бир ҳафта ўтибоқ Президентнинг “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Мазкур ҳужжат муқаддимаси ва дастлабки бандида: “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш, унда мустаҳкамланган устувор принципларни Янги Ўзбекистон улуғвор ғоясига ҳамоҳанг тарзда рўёбга чиқариш, давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш, фуқаролар ўз ҳаётида халқ Конституцияси руҳини яққол ҳис этиб туришини таъминлаш мақсадида “Янги таҳрирдаги Конституцияни сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи навбатдаги устувор вазифаси этиб белгилансин” дея таъкидланди.
Ушбу матндаги бир иборага диққат қилайлик – “халқ Конституцияси”. Дарҳақиқат, янги таҳрирдаги Бош қонунимизнинг илк сатрларидан бошлаб охирги моддасига қадар бу ҳужжат, биринчи галда, халқ, эл-улус манфаатлари учун хизмат қилишга йўналтирилгани кўриниб-сезилиб туради.
Масалан, агар аввалги Конситуция Муқаддимасида бу ҳужжатни “Ўзбекистон халқи... ўзининг мухтор вакиллари сиймосида” қабул қилиши айтилган бўлса, янги таҳрирдаги Асосий қонунимизда “Биз, Ўзбекистоннинг ягона халқи... ушбу Конституцияни қабул қиламиз ва эълон қиламиз”, дея битилган. Қолаверса, Конституциямиз билан халқимиз аниқ қандай буюк мақсад-муддаоларни кўзлаётгани, келгуси авлодлар олдидаги қандай юксак масъулиятлар зиммага олинаётгани, бунда давлатчилигимиз ривожининг уч минг йилдан зиёд тарихий тажрибасига, буюк аждодларимизнинг илмий, маданий ва маънавий меросига таянилиши аниқ-равшан ифода этилган.
Таъкидланганидек, Конституция матнида амалга оширилган кардинал ўзгартиш ва муҳим қўшимчаларнинг ҳаммаси халқ ҳамда давлатнинг янги замон, янги макон, янги дунёқараш ва бетиним тафаккур шароитида яшаш, меҳнат қилиш ва бу яратувчилик меҳнатидан баҳра олишига қаратилгандир.
Жумладан, тилга олинган Муқаддимада нафақат миллий, балки умуминсоний қадриятларга содиқлик ҳам тантанали равишда эълон қилинган. Шу муносабат билан бундан уч-тўрт йил аввал тафсилоти жаҳон ижтимоий тармоқларида ёйилган бир ибратли ҳодиса ёдга келади.
Бу Германия давлатини 16 йил давомида муваффақиятли бошқарган Ангела Меркель хонимнинг ўз ватандошлари – олмон шифокорлари талаби муносабати билан айтган биргина савол-мурожаати билан боғлиқ. Давлат шифохоналарида хизмат қилаётган, шундоқ ҳам бошқа мамлакатлардаги ҳамкасбларидан кўпроқ ҳақ олаётган шифокорлар ўз маошларини ошириш хусусида талабнома билан чиқишганида, Меркель хоним уларга қарата мана бу мазмундаги биргина таъсирли гап айтганди: “Тушунмаяпман, сизлар барчангизга таълим-тарбия берган ўқитувчиларингиздан ҳам кўпроқ ҳақ олмоқчимисизлар?!”.
Айтишларича, бу гапдан кейин Канцлерга бирор киши эътироз билдирмаган экан.
Мана шу тафсилот ва таассурот асносида янги таҳрирдаги Конституциямизга киритилган алоҳида бир модда мақсад-моҳиятига назар ташлайлик. Бу 52-модда бўлиб, унинг биринчи қисмида шундай дейилади:
“Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади”.
Мақоламиз аввалида таъкидлаганимиздек, ҳар қандай расмий ҳужжат, айниқса, Конституция матнига шунчаки, юзаки назар ташлаш бирор бир фуқаро, айниқса, давлат ва жамият бошқарувида фаолият олиб бораётган мутасаддилар учун кечириб бўлмас ҳолдир. Жумладан, улар умумхалқ овози билан қабул қилинган Бош қонунимизнинг шу моддасида ўқитувчи – муаллим меҳнатига берилган айни таърифни тўлалигича онгу шуурига жойлаб, бу касб эгаларига шу онг ила муносабатда бўлсалар, жорий ва келажак ҳаётимизда қанчалар катта ижобий ўзгаришларга замин яратилишини тасаввур қилиш қийин эмас.
Зеро, ўқитувчи билан муносабатга киришаётган киши – у ҳоким ёхуд ички ишлар ходими бўладими, ота-она ёки фермер хўжалиги раҳбари бўладими – айни мана шу юксак онг, тушунча билан масала-муаммоларга ёндашса, демакки, бу ҳаракати билан жамият ва давлатни ривожлантириш, баркамол инсонни тарбиялашга ўзининг амалий ҳиссасини қўшган бўлади ва ёки аксинча!
Иккинчи томондан, ўқитувчи касбига даъвогар ҳар бир мутахассис ўз зиммасига конституциявий норма даражасида юкланаётган масъулиятни чуқур ҳис қилмоғи, унга катта умидлар-ла боқиб турган ўқувчилари билан олиб бораётган ҳар бир машғулоти, охир-пировардида, қандай натижа келтиришини аниқ тасаввур этмоғи лозим. Қолаверса, қадим миллат ва мамлакат келажаги қўлига ишониб топшириладиган педагогларни тайёрлайдиган, уларга шу улуғ рутбага лойиқ эканини тасдиқловчи ҳужжат – олий маълумот ҳақидаги диплом тутқазадиган олий ўқув юртлари ҳам ўз фаолиятларини айни миссияга яраша юксак даражага кўтармоқлари талаб қилинади.
Ана шу талабга жавоб берадиган ўқитувчиларга эса давлат яна Конституция мақомида қуйидагиларни кафолатлайди: “Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади”.
Гувоҳи бўлаётганимиздек, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг ҳар бир моддасини, зарур бўлса, бу моддаларни ташкил этган ҳар бир жумласини синчиклаб идрок этиш – бу олий ҳужжатнинг ҳаётга онгли ва оғишмай татбиқ этилишида, Президент фармонида уқтирилганидек, уни “сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш”да муҳим роль ўйнайди.
Раҳмон ҚЎЧҚОР,
ТДЮУ доценти в.б.,
филология фанлари номзоди.