АОКАда ўтказилган брифингда Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева вазирлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституция байрамини юқори савияда ўтказиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берди Қайд этилганидек, Президентимизнинг 2023 йил 16 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинди.
Мазкур фармойиш ижроси юзасидан қуйидаги ишлар амалга оширилди. Хусусан, топшириқ ижросини самарали ташкил қилиш мақсадида Конституциянинг мазмун-моҳиятини ёритишга ва байрамона руҳни шакллантиришга қаратилган тарқатма материаллар (баннер, видеоролик, плакат ва бошқалар) тайёрланиб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда вазирлик ва идораларга электрон шаклда етказилди. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг барча моддалари бўйича (ўзбек тилида) видеоролик олиниб, вазирликнинг “Youtube”даги расмий саҳифасига жойлаштирилди. "Ориат доно" радиосида Конституция куни муносабати билан Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда радиовикторина ўтказилди.Ногиронлиги бўлган болалар учун “Мафтункор ранглар жилоси” мавзусида расмлар кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазмада 200 дан ортиқ расмлар намойиш этилди.
Конституция мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича республика бўйлаб “Тарғибот поезди” ташкил қилинди. Унинг таркибида Тошкент давлат юридик университети ўқитувчилари ва талабалари таълим муассасалари ва аҳоли гавжум жойларда тарғибот тадбирларини амалга оширди. Тошкент шаҳридаги 77-сон мактабда кўзи ожиз шахслар учун Конституциянинг мазмун-моҳиятини ўқувчиларга тушунтириб бериш бўйич очиқ дарс ташкил этилди. Дарс якунида кўзи ожиз шахслар учун “брайл” алифбосидаги Ўзбекистон Республикаси Коституцияси ўқувчиларга китоб ва аудио шаклида тарқатилди.
Бугунги кунда барча туман (шаҳар) марказларида “Конституция кўчаси”ни ташкил қилиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Тошкент шаҳридаги Сайилгоҳ кўчасида “Конституция кўчаси”да бир қатор оммавий тадбирлар ташкил этилди. Конституциянинг яратилиши, такомиллаштириш босқичларини ифода этадиган “Конституция тарихи” бурчаги ва фотокўргазмаси, болалар ва ёшларга Конституцияда белгиланган нормаларнинг мазмун-моҳиятини очиб берувчи кўргазмали материаллар бурчаги, Конституцияни ўргатиш бўйича замонавий методика асосида тайёрланган дарсликлар, ўқув қўлланмалари ва махсус адабиётлар кўргазмаси ташкил этилди. Шунингдек, конституциявий ҳуқуқлар бўйича суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бурчакларини ташкил этилиб, мазкур бурчакларда кўргазмали материаллар жойлаштирилди. Фуқароларнинг Конституцияга оид билимини синовдан ўтказиш бўйича викторина ўтказилиб, ғолиблар Конституция китоби ва совғалар билан тақдирланди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31 йиллиги муносабати билан Адлия вазирлиги томонидан умуммиллий Конституция имтиҳони ўтказилди. Имтиҳонда республиканинг барча ҳудудларидан, шунингдек хорижий давлатларда бўлиб турган жами 210 720 нафар фуқаро иштирок этди. Республикамиздаги Давлат хизматлари марказлари ва уларнинг филиалларида “Конституция бурчаги” ташкил қилинди. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бўйича флайерлар электрон кўринишида барча ДХМларига юборилди.
Вазирлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси яратилиши тарихига бағишланган ҳужжатли фильм суратга олиниб, вазирликнинг “Youtube”даги расмий саҳифасига жойлаштирилди. Шунингдек, “Конституцияда ОАВга оид 5 та муҳим қоида”, “Конституцияда экологияга оид 7 та муҳим қоида”, Конституцияда таълим олиш ҳуқуқига оид 5 та муҳим маълумот” каби видеороликлар ҳам жойлаштирилди.
“Ҳуқуқий ахборот” телеграм каналида #Конституциянинг_30_та_асосий_қоидаси рукни остида контентлар бериб борилмоқда.