Ўзбекистон ва Венгрия Конституциялари

    Фикр 22 август 2023 1506

    Улардаги ўзаро ўхшаш жиҳатлар нималарда намоён бўлади?

    Ўзбекистон ҳамда Венгрия ўртасида ўзаро дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йилдан ошди. Шундан буён икки давлат очиқ мулоқот ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиб келмоқда. Мамлакатларимиз ўртасида 60 дан ортиқ шартнома тузилган. Сўнгги йилларда ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланмоқда.

    Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг таклифига биноан жорий йил 19-20 август кунлари Президент Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Будапешт шаҳрида бўлди. Бу ташриф сўнгги йилларда тобора ривожланаётган ҳамкорлик алоқаларида янги даврни бошлаб берди. Ташриф доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама этилди.

    Венгрия Европанинг иқтисодий жиҳатдан тез ўсиб бораётган мамлакатларидан бири, қишлоқ хўжалиги, савдо, туризм, молия ва ахборот технологиялари соҳаларида улкан салоҳиятга эга давлат. Албатта, бундай натижаларга эришиш учун мамлакат ижтимоий ҳаётининг турли жабҳаларида тизимли ислоҳотлар қилинди.

    Ўзбекистондаги каби йирик конституциявий ислоҳотлар Венгрияда ҳам бўлиб ўтган. Мамлакатнинг янги Конституцияси 2011 йилда қабул қилинган ва 2012 йил 1 январдан кучга кирган. Ҳар икки мамлакатнинг янгиланган Конституциясида бошқа давлатлар билан ўзаро муносабатлар тинчликсевар ташқи сиёсат ва дўстона муносабатларга асосланиши назарда тутилган.

    Ўзбекистон ва Венгрия Бош қонунларининг ўхшаш жиҳатлари жуда кўп. Масалан, оилавий қадриятлар, фарзанд тарбияси, ота-онага ҳурмат каби миллий қадриятларимизга мос келадиган нормаларни ҳар икки мамлакат Бош қонунида учратиш мумкин. Жумладан, Венгрия Конституциясида давлат никоҳни ҳимоя қилиши, оила қонун билан ҳимояланиши қайд этилган. Шунингдек, ота-оналар фарзандларига, вояга етган фарзандлар эса кўмакка муҳтож ота-оналарига ғамхўрлик қилиши белгиланган.

    Ўзбекистон Конституциясида ҳам оила жамият ва давлат муҳофазасида экани, давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун шарт-шароит яратиши, шунингдек, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг ҳар томонлама камол топиши хусусида қайғуриши, ўз навбатида, вояга етган меҳнатга лаёқатли фарзандлар ҳам ўз ота-онасига ғамхўрлик қилишга мажбурлиги белгиланган.

    Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида ҳам ҳар икки мамлакат Конституциясида ўзаро ўхшаш нормалар кўп. Масалан, Венгрия Конституциясида жиноят содир этишда гумон қилиниб ушланган шахс қисқа муддат ичида судга олиб борилиши ёки озод этилиши лозимлиги кўрсатилган. Бизнинг Конституцияда ҳам ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилиши, шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги мустаҳкамланган.

    Мамлакатларимиз Конституцияларида бундай қоидалар бўлиши “Хабеас корпус” институтини ривожлантиради, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни ноқонуний ҳаракатлардан тийиб туришга, шахснинг асоссиз ҳибсга олиниши ҳолатларини бартараф этишга, шу орқали инсон озодлигини чеклаш билан боғлиқ бўлган ҳаракатларнинг олдини олишга хизмат қилади.

    Билим инсонни комилликка кўтариши билан бирга у яшаётган жамият ва мамлакатни ҳам юксалтиради. Шу боис, ҳар икки мамлакат Конституциясида давлат фуқароларнинг таълимга оид ҳуқуқларини амалга оширишни ўз зиммасига олиши мустаҳкамланган. Масалан, Венгрия Конституциясида ҳар бир венгриялик таълим олиш ҳуқуқига эгалиги, давлат умумий таълимни таъминлаши, бошланғич ва ўрта таълимга эркин кириш имкониятини яратиши, фуқароларнинг олий таълим олишига шароит яратиши назарда тутилган.

    Ўзбекистон Конституциясида ҳам ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга экани, давлат бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлаши қайд этилган. Бундан ташқари, Конституциямизда фуқаролар давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олишга ҳақли экани мустаҳкамланган.

    Ўзбекистон ва Венгрия Конституцияларида миллий иқтисодиётда ҳақиқий бозор муносабатларини жорий этиш, шу асосда мамлакатни тараққий эттириш учун тадбиркорларга барча шароитларни яратиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири бўлишини кафолатлайдиган нормалар киритилган.

    Мисол учун, Венгрия Конституциясида Венгрия иқтисодиёти тадбиркорлик эркинлигига асосланиши, мамлакат адолатли рақобат учун шароит яратиши, истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиши кўрсатилган. Янги таҳрирдаги Конституциямизда Ўзбекистон иқтисодиёти негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этиши, давлат бозор муносабатларини ривожлантириши ва ҳалол рақобат учун шарт-шароит яратиши, истеъмолчилар ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлаши белгиланган.

    Кейинги йилларда Ўзбекистонда валюта бозори эркинлаштирилди, давлат активлари ва банкларни, саноат ва инфратузилма объектларини хусусийлаштириш дастури бошланди, солиқ тизими ислоҳ қилинди. Мана шундай ислоҳотлар мамлакатларимиз ўртасида иқтисодий ҳамкорликни ҳам янада рағбатлантирмоқда.

    Албатта, конституцияларимизнинг ўхшаш жиҳатларини яна кўп санаб ўтиш мумкин. Шу билан бирга, Венгрия Конституциясида эътиборга молик ўзига хос нормалар ҳам мавжуд. Масалан, унда ҳукумат аъзолари лавозимга киришишдан олдин халқ вакиллари олдида қасамёд қабул қилиши назарда тутилган. Парламент қонун юзасидан якуний овоз беришдан олдин унинг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш учун мамлакат Конституциявий судига юбориши мумкинлиги кўрсатилган. Бу эса қонунни қабул қилиб ижрога қаратгандан сўнг эмас, балки эртароқ, яъни қонунни имзолашдан ва эълон қилишдан олдинроқ унинг Конституцияга мослигини яна бир бор аниқлаш имконини беради. Қолаверса, Конституциявий суднинг “норма назорати” борасидаги ролини ҳам оширади.

    Бизнинг Конституциямиздаги айрим демократик нормаларни ҳар қандай хорижий мамлакатлар учун намуна сифатида кўрсатиш мумкин. Масалан, Венгрия Конституциясида қонунчилик ташаббуси Президентга, ҳукуматга, парламент комиссияларига ва парламент аъзоларига тааллуқли. Янги таҳрирдаги Конституциямизда эса нафақат давлат органлари, балки сайлов ҳуқуқига эга юз мингдан кам бўлмаган оддий фуқаролар томонидан ҳам қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида парламентга киритиш ҳуқуқи берилган. Бундай институтнинг жорий қилиниши халқ қонун ижодкорлигида тўғридан-тўғри иштирок этишига шароит яратади.

    Конституциявий ислоҳотлар борасида тажриба алмашишда парламентлараро ҳамкорликнинг ўрни беқиёс. Бунда ҳар икки мамлакатнинг парламентларида ташкил этилган дўстлик гуруҳлари томонидан ўзаро тажриба алмашиш асосида парламент ва қонун ижодкорлиги амалиёти такомиллаштириб борилади.

    Жаҳонгир ШИРИНОВ,

    Олий Мажлиснинг Венгрия Миллий Ассамблеяси

    билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро

    гуруҳи раҳбари

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates