Янги Ўзбекистон: Янгича таълим тизими ва янгича ёндашувлар

    Таълим 11 август 2021 38042

    Бугун Янги Ўзбекистон ҳаётининг барча соҳалари чуқур ислоҳотлар майдонига айланган. Бу жараёнда ижтимоий соҳанинг асоси ҳисобланган таълим тизимидаги ўзгаришлар ҳақида тўлқинланиб сўзламасликнинг иложи йўқ.

    Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг, аввало, мактабгача таълим ва тарбия соҳасидан бошланиши глобаллашув жараёнида болалар тарбиясида энг асосий бўғин ҳисобланган мактабгача таълим тизимининг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти беқиёслигини назарда тутади.

    Шунингдек, бугун йирик шаҳарларимиздан тортиб, чекка туманлар, қишлоқ ва овулларимизда янги-янги замонавий боғчалар барпо этиляпти. Қисқа вақт, яъни тўрт йил ичида республикамизда боғчалар сони 3 баробар ошиб, боғча ёшидаги болаларни қамраб олиш даражаси 28 фоиздан 54 фоизга етгани ана шундай амалий ҳаракатларимиз натижасидир.

    Соҳага давлат-хусусий шериклик механизми жорий этилиши туфайли 223 мингдан ортиқ ўринга эга бўлган 7 минг 400 та хусусий боғча ташкил қилинди. Бу мақсадлар учун 1 триллион 850 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағлари йўналтирилиб, 20 мингга яқин янги иш ўрни яратилди.

    Яқин-яқинларгача ўқитувчи-муаллимлар, айрим жойларда ўқувчилар ҳам, тўрт ойлаб пахта йиғим-терими, чопиқ ва яганага чиқарилган, натижада ўқитувчи бир ойда ўртача 80 соат дарс ўтиши керак бўлса, тўрт ойда 320 соат йўқотадиган вазият вужудга келди. Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида мана шундай салбий ҳолатларга чек қўйилди.

    Сўнгги тўрт йилда мактаб ўқитувчиларининг ойлик маоши бир ярим баробар кўпайтирилганлиги, давлат мукофотлари билан тақдирланаётган устозлар сони ошиб бориши, ўқитувчи тайёрлайдиган ҳисоботлар, қоғозбозликлар сони кескин камайтирилганлигини ўзи ҳам таълимнинг бу босқичида улкан ижобий ўзгаришларга замин бўлди. Ислоҳотлар, ўзгаришлар натижасида республика бўйича қарийб 15 минг нафар эркак ўқитувчи мактабларга қайтди.

    Мактаб таълимини тубдан яхшилаш ва унинг сифатини ошириш, муаллимларга муносиб шароит яратиш борасидаги ислоҳотлар жадал давом этмоқда.

    «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» давлат Дастурида кўзда тутилган 30 та янги мактаб қуриш, 320 та мактабни таъмирлаш ва моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида бюджетдан 2 триллион сўм ажратилиши, соҳада ягона «электрон таълим» тизимини жорий этишга келгуси 2 йилда 250 миллиард сўм йўналтириш, бошқа тумандаги олис мактабга бориб, дарс берадиган ўқитувчилар ойлигига 50 фоиз, бошқа вилоятга бориб ишласа - 100 фоиз устама ҳақ тўлаш каби чора-тадбирлар соҳадаги ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаб беради.

    Таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий қисмини, албатта, олий таълим тизимидаги ислоҳотлар ташкил этади.

    Хусусан, Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси мазкур соҳадаги янги ислоҳотлар учун дебоча вазифасини бажариб беради.

    Ушбу ҳужжатга интеллектуал тараққиётни жадаллаштириш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини ривожлантириш сингари вазифалар асос қилиб олинди. Концепция мазмуни мамлакатимиз олий таълим тизимини ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини акс эттиради. Унда олий ўқув юртларида қамров даражасини кенгайтириш ҳамда таълим сифатини ошириш, рақамли технологиялар ва таълим платформаларини жорий этиш, ёшларни илмий фаолиятга жалб қилиш, инновацион тузилмаларни шакллантириш, илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш, халқаро эътирофга эришиш ҳамда бошқа кўплаб аниқ йўналишлар белгилаб берилган. Буларнинг барчаси таълим жараёнини янги сифат босқичига кўтариш учун хизмат қилади.

    Бугунги кунда янги-янги олий ўқув юртлари, дунёдаги етакчи университетларнинг филиаллари ташкил этилмоқда. Мисол учун, сўнгги 5 йилда мамлакатимизда 47 та янги олий таълим муассасаси, жумладан, хорижий университетларнинг филиаллари ташкил этилиб, олий ўқув юртларининг сони 125 тага етди.

    Давлат-хусусий шериклик тизими асосида нодавлат олий таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйиляпти. Аҳоли фикрини ўрганган ҳолда, сиртқи ва кечки таълим шакллари қайта тикланди, қабул квоталари ошириляпти. Мактаб битирувчиларини олий таълимга қамраб олиш даражаси 2016 йилги 9 фоиздан 2020 йилда 25 фоизга етди.

    Профессор-ўқитувчиларнинг хориждаги олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот масканларида малака ошириши ва стажировка ўташини таъминлайдиган механизм яратилди. Уларнинг ойлик иш ҳақи миқдори
    2018 йилга нисбатан ўртача 2,5 баробар оширилди. Бу йилдан бошлаб 10 та олий таълим муассасаси ўзини-ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилди.

    Олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони камида 25 фоизга оширилганлиги, олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сонини 2 баробарга кўпайтириб, 2 мингтага етказилиши олий таълимга қамраб олиш кўламини янада кенгайтирди.

    Таълим тизимидаги энг муҳим янгиликлардан бири олийгоҳлар ва таълим тизимининг қуйи бўғинлари ўртасидаги узвийликни кучайтириш мақсадида 65 та академик лицей олий ўқув юртлари тасарруфига ўтказилиши, шунингдек, 187 та техникум ҳам ўз йўналиши бўйича турдош олийгоҳ ва тармоқ корхоналарига бириктирилиши бўлди.

    Демак, хулоса қиладиган бўлсак, таълим соҳасидаги ислоҳотлар ҳам бугунги кунда ўзининг долзарблиги ҳамда амалий аҳамияти билан бошқа соҳалардаги ислоҳотлардан асло қолишмайди. Чунки ушбу соҳадаги ислоҳотларни янада кенг кўламда давом эттириш давр талабидир.

    Ахборот технологиялар асри деб ном олган XXI асрда ҳаётнинг барча жабҳаларида — саноат, қурилиш, кимё, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, машинасозлик ва бошқа соҳаларда юксак тараққиётни юзага келтириш учун илм-фанни ривожлантириш, бу борада янгиликлар яратиш ҳаётий заруратга айланди. Бу жараён эндиликда дунёда тараққиёт йўлини тутган барча мамлакатларда эътироф этилмоқда. Республикамизда ҳам ана шу жараёнга алоҳида эътибор берилмоқда.

    Мамлакатимиз Президенти давлат раҳбари сифатидаги фаолиятини юртимиз академиклари, етакчи олимлари, умуман, илм аҳли билан учрашувдан бошлаганлиги, республикамизда илм-фан ривожини ишлаб чиқариш тараққиёти билан уйғунлаштиришга қаратганлиги бежиз эмас. Давлатимиз раҳбарининг шундан кейин соғлиқни сақлаш тизими фаолиятини яхшилаш, китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китобхонликни кучайтириш, республикада янги эркин иқтисодий зоналар ташкил этиш, мамлакатни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш, «Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси» ишлаб чиқилиши, Имом Термизий халқаро марказини ташкил қилиш борасида ва шу каби бошқа кўплаб қабул қилинган қарорлари, фармонлари, фармойишларида илм-фанни юксалтириш асосий масалалардан бири сифатида белгиланиши ҳам ана шу эътиборнинг амалий ифодаси эди.

    Илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш, уларнинг ютуқларини юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотга айлантириш жараёнида интеллектуал мулкнинг ишончли ҳимоя қилиниши алоҳида аҳамият касб этади. Маълумотларга кўра, интеллектуал мулк улуши Европада ялпи ички маҳсулотнинг 45, Хитойда 12, Россияда 7 фоизини ташкил этади. 2020 йилнинг 12 октябрь куни Президентимиз раислигида бўлиб ўтган йиғилиш ҳам «Интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш – Учинчи уйғониш даври учун ишончли пойдевор бўлиб хизмат қилади» мавзусига бағишланган эди. Ўшанда давлатимиз раҳбари патент эгалари ва тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорликни таъминлаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди.

    Шу маънода Ўзбекистонни 2030 йилга қадар глобал инновацион индекс рейтингида дунёнинг 50 та етакчи давлатлари қаторига киритиш бўйича улкан мақсадга эришишда инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган стратегик режа эълон қилинди.

    Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномалари ва 2017 йил 7 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги Фармони, «Ёшларга оид Давлат дастури», янги таҳрирдаги «Таълим тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 29 октябрдаги «Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида»ги ЎРҚ-576-сонли қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 октябрдаги «Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-6097-сон Фармонлари мамлакатимизда таълим ва илм-фан соҳасини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этди.

    Хусусан, таълим тизимида қабул қилинган энг муҳим ҳужжатлардан бири бу – «Таълим тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши бўлди. Мазкур Қонунга асосан таълим соҳасидаги асосий принциплар, таълим тизими, турлари ва шакллари аниқ белгилаб қўйилди.

    Шунингдек, Қонунга кўра, давлат олий таълим, ўрта махсус, профессионал таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари, шунингдек давлат иштирокидаги олий, ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари Президент ёки Ҳукумат қарорлари билан ташкил этиладиган бўлди. Нодавлат таълим муассасаларини ташкил этиш уларнинг таъсисчилари томонидан амалга оширилиши белгиланди. Нодавлат таълим ташкилотларига лицензия Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан бериладиган бўлди.

    Шунга кўра, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши ҳамда амалиётга жорий этилиши таълим соҳасида қабул қилинган энг муҳим ҳужжатлардан бири бўлди дейишимиз мумкин.

    Ҳукуматимизнинг таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлари Наманган давлат университетида ҳам изчил амалга ошириб келиняпти. Хусусан, кейинги уч йил ичида факультетлар сони 9 тадан 15 тага, мутахассислик кафедралари сони 27 тадан 46 тага, таълим йўналишлари сони 31 тадан 52 тага, магистратура мутахассисликлари сони эса 12 тадан 26 тага етказилди. Бунга мос равишда илм истагида бўлган университет талаба ёшлари сони 5 100 нафардан қарйиб 21 000 нафарга етди. Профессор-ўқитувчилар сони 470 нафардан 710 нафарга етди. Университетда 2018-2019 ўқув йилига қадар илмий салоҳият 26 фоизни ташкил этиб, биронта ихтисослик бўйича ихтисослашган кенгаш фаолият олиб бормаган. Кейинги йилларда илмий педагог кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам катта эътибор қаратилиб, илмий салоҳият 37 фоиздан ошди, таълим сифатини таъминлаш йўлида бугунги кунда 12 та ихтисослик бўйича 9 та ихтисослашган кенгаш фаолият олиб бормоқда. Албатта, бу борада 17 та таянч докторантурада таҳсил олаётган докторантлар ҳисобидан университет илмий-педагог кадрлари сафларини салоҳиятли кадрлар билан тўлдириш мақсади белгилаб олинган.

    Яқин-яқингача университет асосан педагогик соҳа учун мутахассислар тайёрлар эди. Бугунги кунда университетда Археология, Маданият ва санъат муассасаларини ташкил этиш ҳамда бошқариш, Социология, Юриспруденция (фаолият турлари бўйича), Кутубхона-ахборот фаолияти (фаолият турлари бўйича), Зооинженерия: балиқчилик, Мевачилик ва узумчилик, Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш технологияси, Сабзавотчилик, полизчилик ва картошкачилик, Иссиқхона хўжалигини ташкил этиш ва юритиш, Ижтимоий иш (фаолиятнинг турли соҳалари бўйича), Меҳмонхона хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш, Туризм (фаолият йўналишлари бўйича), 2021 йилдан бошлаб эса Даволаш иши, Педиатрия иши каби йўналишларда кадрлар тайёрлашни бошлаганлиги олийгоҳимизни ҳақиқий маънода вилоятимизнинг ақл марказига айланаётганлигидан далолат беради.

    Университет йирик илмий-тадқиқот маркази сифатида Наманган давлат университетида медиа марказ ташкил этиш, Аквакультура бўйича ўқув-амалий тренажер ташкил этиш, «Доривор ўсимликлардан шифобахш ичимликлар тайёрлаш», Шифобахш профилактик Сумалак ишлаб чиқариш технологияси, Фарғона водийсида тарқалган камёб ва йўқолиб бораётган ҳамда эндем турларнинг тирик коллекцияси, электрон фотоальбоми ва рақамлаштирилган электрон маълумотлар базасини яратиш каби йирик халқаро илмий лойиҳаларда иштирок этяпти.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан олий таълим ташкилотлари учун академик ва ташкилий, шунингдек, молиявий мустақилликнинг берилиши ҳамда Кенгашлар ваколатларининг кенгаяётгани таълим соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш, сифатли таълим хизматларини таъминлаш ва бу борада Президент ҳамда ҳукуматимиз белгилаб берган вазифаларни тўла-тўкис адо этиш орқали мамлакатимиз тараққиётини белгилаб берувчи салоҳиятли кадрлар тайёрлашга кенг имкониятлар яратади.

    Собитхон Турғунов,

    Наманган давлат университети ректори,

    педагогика фанлари доктори, профессор.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates