Янги Ўзбекистоннинг бош мақсади инсон қадрини янада юксалтириш, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш

    Фикр 12 феврал 2025 485

    Бугун ҳар қачонгидан жадал ривожланаётган жонажон юртимизда инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган устувор тамойилларни ҳаётга татбиқ этишда кенг кўламли ва изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

    “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгилаб берилган юксак самарали ёндашув доирасида бошқарув тузилмаларини чуқур модернизация қилиш ҳамда демократик жараёнларда аҳолининг фаол иштирокини таъминлашга қаратилган ижтимоий-сиёсий ва конституциявий ислоҳотлар туфайли туб ўзгаришлар сари дадил қадам ташланди.

    Бундай стратегик режалар асосидаги тизимли саъй-ҳаракатлар туфайли сўнгги йилларда иқтисодиётимиз икки карра ўсди. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад уч минг долларга етди. Камбағаллик даражаси 23 фоиздан 8,9 фоизгача пасайди. Мактабгача таълимда қамров 76 фоизга етказилди, олий таълимда эса 40 фоиздан ошди. Буларнинг бари, ҳеч шубҳасиз, меҳнаткаш, олижаноб ва бағрикенг халқимиз эришган улкан тарихий муваффақиятдир.

    Адолатли ва қонун устувор давлат стратегияси

    2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда моҳият-мазмунига кўра ҳар томонлама пишиқ-пухта ўйланган ва умумэътироф этилган халқаро демократик стандартлар талабларига жавоб берадиган Бош қонунимизнинг янгиланиши нафақат жамиятимиз ҳаётидаги ноёб сиёсий, ижтимоий-ҳуқуқий воқеа, балки улкан оламшумул ҳодиса бўлди. Янгиланган Конституцияда мамлакатимизда давлат бошқаруви тизимини янада демократлаштириш йўлига асос солинди. Давлат ва унинг органлари ижтимоий роли ва мажбуриятлари кенгайтирилди, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини самарали муҳофаза қилиш механизмлари янада мустаҳкамланди.

    Бундай тарихий шароитда янгиланган Конституциямизнинг халқчил тамойил ва нормаларини ҳаётга изчил татбиқ этиш бўйича тизимли тадбирлар бошлаб юборилди. Жамият ва давлатни модернизация қилиш, ҳаётнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий негизларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, конституциявий қонунийликни мустаҳкамлаш бўйича ишлар фаол давом эттирилмоқда.

    Аввало, 2023 йил 8 май куни давлатимиз раҳбарининг “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди ва 89 банддан иборат муҳим чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Бош қонунимизнинг устувор ғояларини рўёбга чиқариш ва нормаларини ҳаётга татбиқ этиш бўйича давлат комиссияси ҳамда суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат принципларини амалга ошириш бўйича бешта экспертлик кенгаши тузилди. Булар Конституция талабларини амалга оширишда тизимли ёндашувни таъминлашга хизмат қиляпти.

    Иккинчидан, биргина 2024 йилнинг ўзида янгиланган Конституция асосида жорий этилган ҳокимиятларнинг бўлиниши принципи ҳамда ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимининг замонавий янги концепциясидан келиб чиқиб, қатор давлат органлари, хусусан, Конституциявий суд, Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда маҳаллий органлар фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари Конституцияга мувофиқлаштирилди. Уларнинг фаолияти янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйилди.

    Учинчидан, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматига бевосита дахлдор ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, 2024 йил 20 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан Конституцияда мустаҳкамланган инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, шахснинг судланганлиги унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслигига оид кафолатлар кучайтирилди. Хусусан, қариндошининг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар давлат фуқаролик хизматига қабул қилиш ва уни ўташ чоғида фуқаролар ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлмаслиги белгиланди.

    Тўртинчидан, Ўзбекистон Президентининг 2024 йил 10 майдаги “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни тазйиқ ва зўравонликдан муҳофаза этиш тизими такомиллаштирилди. Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган ёки жабрланиш хавфи остида бўлган хотин-қизларга ҳимоя ордери талаб этмаган ҳолда ижтимоий, психологик ва юридик хизмат кўрсатиш тартиби йўлга қўйилди.

    Бешинчидан, 2024 йил 21 октябрдаги “Оилавий (маиший) зўравонликдан ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун билан болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан оилавий зўравонлик содир этганлик учун жавобгарлик кучайтирилди. Шунингдек, 2024 йил 14 ноябрдаги “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Булар билан боланинг Конституциямизда белгиланган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш бўйича давлатнинг зиммасидаги мажбуриятлар белгилаб берилди.

    Олтинчидан, Конституцияда мустаҳкамланган давлатнинг камбағалликни қисқартириш чораларини кўриш бўйича мажбурияти доирасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, Президентимизнинг 2024 йил 23 сентябрдаги фармони ҳамда 2024 йил 4 октябрдаги қарори билан ҳар бир фуқарони ўзи ва фарзандлари келажаги учун масъулият билан ёндашишга ундайдиган ва салоҳиятини рўёбга чиқариш учун имконият яратишга қаратилган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ижроси йўлга қўйилди. Камбағал оилалар реестрига киритилган оила аъзоси учун ижтимоий солиқ 3 йил бир фоиз ставкада тўланиши белгиланди.

    Еттинчидан, умумий юрисдикция судлари томонидан Конституция нормаларини тўғридан тўғри қўллаш амалиётининг кенг йўлга қўйилишига Олий суд пленумининг 2023 йил 23 июндаги “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши муҳим шароит яратди.

    Бундай улуғвор ўзгаришлар негизида “Инсон қадри учун” ғояси ҳамда ислоҳотларнинг “Инсон — жамият — давлат” бош тамойилини Конституциямиз мазмунига чуқур сингдириб, ҳаётимизда бош қадриятга айлантиришдек эзгу ишлар мужассам.

    Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш — олий мақсад

    Конституциявий ислоҳотлар самарасида мамлакатимиз Конституциявий суди ваколатига тааллуқли масалалар доираси ва механизмларини кенгайтириш конституциявий одил судловни амалга оширишдаги фаолият кафолатларини янада кучайтиришда муҳим омил бўлмоқда.

    Биринчидан, янги таҳрирдаги Конституцияда Конституциявий суд ратификация қилиш тўғрисидаги қонунлар Ўзбекистон Президенти томонидан имзолангунига қадар уларнинг Конституциямизга мувофиқлигини аниқлаши белгиланди. Аввал Конституциявий суд фақат халқаро шартномаларни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларнинг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаши назарда тутилган эди.

    Иккинчидан, Конституциявий суд референдумга чиқарилаётган масалаларнинг Конституциямизга мувофиқлиги тўғрисида хулоса берадиган бўлди.

    Учинчидан, Бош қонунимизда Конституциявий суд судьялари қайта сайланиш ҳуқуқисиз ўн йиллик муддатга сайланиши мустаҳкамланди. Конституциявий судлар судьясининг қайта сайланиш имкониятисиз давомий ваколат муддати қатор хорижий конституцияларда мустаҳкамланган. Масалан, Болгария, Франция, Италия, Литва, Польша, Португалия, Руминия, Словения, Украинада 9 йиллик, Грузияда 10 йиллик, Германия ва Россияда эса 12 йиллик муддат амал қилади.

    Конституциявий суднинг фаолияти, асосан, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлар қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, маҳаллий органлар қарорларининг Бош қонунимизга мослигини ўрганиш ва таҳлил қилиш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш ва бошқалардан иборат.

    Мамлакатимиз Конституциявий судининг 2024 йилда ўтказилган суд мажлисларида кўрилган тўртта иш юзасидан қарор ва ажримлари қабул қилинди. Шунингдек, Конституциявий суд томонидан 411 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шундан 109 та қонун (10 халқаро шартнома), Ўзбекистон Президентининг ўнлаб фармон ва қарорлари, фармойишлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг тегишли қарорлари, Қорақалпоғистон Республикасининг қатор қонунлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, Бош прокурор буйруқларининг Конституциямизга мослиги ўрганилиб, таҳлил қилинди. Конституциявий судга келиб тушган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари юзасидан ўттиздан ортиқ таклиф берилди.

    Кейинги йилларда анъанага айланиб бораётган амалиёт ҳам фаолиятимизда яхши натижалар бермоқда. Ўтган йил ниҳоясида Конституциявий суд конституциявий судлов ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан ҳар йили Олий Мажлис палаталарига ва Ўзбекистон Президентига тақдим этадиган мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборотни иккинчи маротаба очиқ суд мажлисида кўриб чиқди. Ахборотда қонунийликни кучайтириш бўйича аниқланган ўн бешта йўналишда ўн олтита таклиф ва тавсия юборилди.

    Мазкур ахборот келиб тушган мурожаатларни чуқур ўрганиш асосида, шу жумладан, Конституциявий судга бевосита Ўзбекистон Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси орқали келиб тушган мурожаатлар таҳлили асосида тайёрланди. Чунки фуқароларимиз Конституциявий суднинг ваколатига кирмайдиган, аммо бошқа давлат идоралари ваколатидаги муҳим конституциявий ҳуқуқларига оид муаммолар, қарорлардан норози ёки лозим даражада бажарилмаслиги тўғрисида шикоятлар қилган. Бундай муаммолар Конституциявий суднинг ҳар йилги ахборотида муҳокамага қўйиш йўли билан ҳал этилмоқда. Бу каби конституциявий механизмлар том маънода инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича давлатнинг олий мақсадига эришишда, халқимизни рози этиш борасида бирга ҳаракат қилишга ундамоқда.

    Ўрганишларга кўра, 2024 йил давомида Конституциявий судга жами 1858 та мурожаат келиб тушган. Шундан олти юзга яқини Конституциявий судга бевосита юборилган. Юздан ортиқ фуқаро ва юридик шахс вакилларининг Конституциявий суд судья ва экспертлари шахсий қабули уюштирилган.

    Мурожаатларнинг таҳлили кўрсатмоқдаки, Конституциявий судга мурожаатлар кўп ҳолларда Конституция, қонунлар нормаларидан ташқари қонуности ҳужжатлар юзасидан, шунингдек, умумий юрисдикция судларидаги ишлар бўйича қарорларнинг Конституцияга мувофиқлиги, қонунийлиги юзасидан келган.

    Кейинги йилларда Конституциявий суд фаолиятига замонавий ахборот технологиялари кенг жорий этилиши ҳам яхши самара бермоқда. Жумладан, Конституциявий суднинг расмий сайтида йўлга қўйилган “Фуқароларнинг онлайн қабули” телеграм мессенжери орқали олдиндан муддатлари аниқ ҳафталик ва ойлик жадваллар асосида фуқаролар бевосита судья ва экспертларга видеоқўнғироқ қилиб, онлайн тарзда мурожаатларига керакли тушунтиришлар олмоқда. Конституциявий суд сайтида онлайн қабулнинг йўлга қўйилиши фуқароларга республикамизнинг исталган ҳудудидан бевосита мурожаат қилиб, ўзларини қизиқтирган саволларга судья, эксперт ва мутахассислардан тўлақонли жавоб олишни таъминлашга хизмат қиляпти.

    Юртимиздаги ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад халқимизни рози қилишдир. Шу боис, ҳар бир давлат органи ўз зиммасидаги вазифани сидқидилдан бажариши, жамият ривожи, аҳоли яхши яшаши учун зарур шароитларни яратиши энг устувор вазифа этиб белгиланди.

    Миллий ва илғор хорижий тажриба уйғунлиги

    Замонавий Ўзбекистон давлати ижтимоий-иқтисодий тараққиётда, халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашда улкан ютуқларга эришди.

    Миллий манфаатларимизни таъминлаш йўлида халқаро майдонда юритилаётган очиқ ва фаол ташқи сиёсат ўз самарасини бермоқда. Сиёсий мулоқот ва учрашувлар натижасида имзоланган ҳужжатлар ва муваффақиятли амалга оширилган қўшма лойиҳалар бунга ёрқин мисол бўла олади.

    Шу ўринда Конституциявий суднинг халқаро муносабатлари ва хорижий мамлакатлар конституциявий назорат органлари билан ҳамкорлигига алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Конституциявий суднинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ихтисослашган халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар конституциявий суд органлари билан, шунингдек, конституциявий суд ва унга тенглаштирилган суд органлари манфаатларини бирлаштирувчи минтақавий ташкилотлар билан алоқалари фаол йўлга қўйилган. Айниқса, Европа, Осиё ва МДҲ давлатлари, жумладан, Марказий Осиё мамлакатлари конституциявий судлари билан яқин алоқа ва ҳамкорлик ҳар қачонгидан юқори даражага чиқди.

    Бунда ўзаро тажриба алмашиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда конституциявий одил судлов механизмларини такомиллаштириш, Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, конституциявий процессуал қонунчиликни, шунингдек, индивидуал конституциявий шикоят институтини ривожлантириш каби йўналиш ва мавзулар бўйича ташкил этилаётган халқаро конференция ва семинар-тренинглар алоҳида аҳамият касб этяпти. Энг муҳими, бундай тадбирлар Венеция комиссияси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти дастури, Осиё Конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциацияси, Ислом дунёси конституциявий юрисдикциялари конференцияси, Туркий дунё Конституциявий судлари конференцияси, Евроосиё конституциявий назорат органлари ассоциацияси каби нуфузли ташкилотлар молиявий кўмагида хорижий ҳамкорлар иштирокида ўтказилмоқда.

    Ўзбекистон Конституциявий суди Осиё Конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциацияси таъсисчиларидан бири ҳисобланади. Мазкур ассоциация 2010 йил 12 июлда Жакарта шаҳрида Индонезия, Жанубий Корея, Малайзия, Мўғулистон, Филиппин, Таиланд ва Ўзбекистон томонидан ташкил этилган.

    Ҳозирги кунда ассоциацияга Осиёдаги 20 та давлат аъзо бўлган. Унинг асосий мақсади Осиё мамлакатлари конституциявий судлари томонидан конституциявий назоратни амалга ошириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, демократия кафолатлари, қонун устуворлиги соҳаларида ташкилот аъзолари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш ва ривожлантиришдан иборат.

    Ўтган йилнинг 17-21 сентябрь кунлари Осиё Конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциациясининг Таиланднинг Бангкок шаҳрида бўлиб ўтган VI конгрессида ассоциациянинг фаолияти ва келгусидаги режалари ҳақида ахборот берилди. Тадбирда 2025-2027 йилларда Осиё Конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциациясига раислик қилиш Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига ўтиши эълон қилинди.

    Нуфузли минтақавий форум томонидан ушбу масъулиятли вазифанинг бизга ишониб топширилиши, аввало, Президентимиз юритаётган адолатли ва оқилона сиёсатнинг халқаро миқёсдаги яна бир эътирофидир. Янги Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотларга ишонч ва давлатимизнинг жаҳон миқёсида нуфузи юксалгани, жумладан, самарали суд-ҳуқуқ соҳасини шакллантириш ва конституциявий одил судловни таъминлаш бўйича Ўзбекистон тажрибасига қизиқиш ортиб бораётганининг ёрқин далилидир.

    Ўзбекистон Конституциявий суди вакиллари кейинги уч йил давомида ўзаро тажриба алмашиш ва илғор хорижий тажрибани ўрганиш мақсадида Германия Федерал Конституциявий суди ҳамда Баден-Вюртемберг федерал ери Конституциявий суди, Жанубий Корея, Туркия, Таиланд, Индонезия, Россия, Словения, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон Конституциявий судлари, Франциянинг Страсбург шаҳрида жойлашган Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди, шунингдек, АҚШ ва Европанинг бир қатор етакчи университетлари ва илмий муассасаларида конституциявий судлар ишини ташкил этиш ва конституциявий одил судловни юритиш амалиёти билан яқиндан танишди.

    Бунда хорижий амалиётга оид тўпланган билим ва тажрибалар самарасида мамлакатимизда Конституциявий суд фаолиятини янада кучайтириш, мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини яхшилаш, конституциявий процессуал нормаларни такомиллаштириш, судьялар дахлсизлиги ва ижтимоий ҳимоясини ошириш, иш жараёнининг барча босқичларига замонавий ахборот технологиялари ютуқларини кенг жорий этиш, сунъий интеллект имкониятларидан суд жараёнида фойдаланиш, идоралараро ахборот алмашув тизимига уйғунлашиш, Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга субъектлар доирасини кенгайтириш каби йўналишлардаги фаолиятимизни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

    Мирзо Улуғбек АБДУСАЛОМОВ,

    Ўзбекистон Республикаси

    Конституциявий суди раиси,

    Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

    юрист