Янги қонун ҳажми жиҳатидан амалдагисидан салкам тўрт баробарга катта

    Маҳаллий меҳнат органларига мурожаат этган иш қидираётган ва ишсиз шахсларга кўрсатиладиган хизмат турлари 7 тадан ўн олтитага кўпайтирилди.

    Айни кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокамада бўлган “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонун амалдаги “Аҳоли бандлигини таъминлаш тўғрисида”ги қонундан тубдан фарқ қилади. Аввало, ҳажми жиҳатидан амалдагисидан салкам тўрт баробарга катта. Янги қонун лойиҳаси амалдаги 3 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12 та фармон ва қарорларида ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг бандлик ва меҳнат бозорини тартибга солиш, ташқи меҳнат миграцияси билан боғлиқ 40 дан зиёд меъёрий ҳужжатларда кўзда тутилган ҳуқуқий нормаларни, тизимдаги сўнгги ислоҳотларни, янги молиявий механизмларни ўзида жамлаган.

    Лойиҳада амалдаги қонунда бўлмаган ишсиз шахсларни ва иш қидираётган шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш аҳоли бандлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Шунингдек, ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, ишга жойлаштириш бўйича агентлар ҳамда аутстаффинг хизматларини кўрсатувчи иш берувчиларнинг соҳадаги вазифалари алоҳида моддаларда қайд этилди.

    Бундан ташқари, қонунда иш ўринларини ташкиллаштириш тартибига ҳам аниқлик киритилди. Ҳамда иш ўринларини ташкил этишга доир давлат буюртмасини шакллантириш, давлат буюртмасига мувофиқ иш ўринлари ташкил этилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, маҳаллий меҳнат органларига мурожаат этган иш қидираётган ва ишсиз шахсларга хизматлар кўрсатиш масалалари белгилаб берилди. Иш ўринларини ташкил этишга доир буюртмани олган ташкилотларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан уч йилгача муддатга ссуда ажратилиши назарда тутилди. Маҳаллий меҳнат органларига мурожаат этган иш қидираётган ва ишсиз шахсларга кўрсатиладиган хизмат турлари 7 тадан ўн олтитага кўпайтирилди. Аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш ҳам тартибга солинди. Жумладан, ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли тоифалари кенгайтирилиб, уларга 14 ёшга тўлмаган болалари ва ногиронлиги бўлган болалари бор ёлғиз ҳамда кўп болали ота-оналар киритилди. Барча тоифадаги ишсиз шахсларга ишсизлик нафақаси 12 ойлик давр ичида 26 календарь ҳафта давомида тўланиши белгиланди. Ишсизларни иш қидириш даврида моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида ишсизлик нафақасининг миқдори икки ярим баробарга оширилди. Биргина мисол, илгари ишламаган ва биринчи марта иш қидираётган шахслар учун — белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг камида 75 фоизи миқдорида (509 497 сўм) ишсизлик нафақасини тўлаш белгиланди.

    Қонуннинг алоҳида бобида фуқароларнинг чет элларда ишлаш ҳуқуқи, чет элда ишлаш тартиби, меҳнат мигрантларининг кенг қамровли маълумотлар базасини шакллантириш, уларнинг кетишдан олдинги тайёргарлиги, мониторинги ва моддий ва ижтимоий ҳимояси каби бандликнинг комплекс масалалари ўз ифодасини топди. Шунингдек, унда амалдаги қонунда мавжуд бўлмаган бир қатор янги тушунчалар алоҳида моддада берилди. Масалан, ўзини ўзи иш билан банд қилиш, “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси, касбий малака, билим ва кўникмаларни ривожлантириш миллий тизими, малакани баҳолаш ва бошқалар шулар жумласига киради.

    Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг маблағлари ҳисобидан бериладиган молиявий ёрдам — субсидиялар, ажратиладиган пул маблағлари ва моддий ресурслар — грантларнинг кимлар ва нима мақсадларда берилишига оид нормалар алоҳида моддаларда, амалиётда тўғридан тўғри ишлайдиган тарзида белгилаб берилди.

    Янги Қонунда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг маблағлари ҳисобидан тижорат банкларида кредит линиялари очиш орқали кейинчалик банклар томонидан янги иш ўринлари яратилишини назарда тутувчи лойиҳаларни амалга оширишга микрокредитлар ажратиш масаласи ҳам акс этди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates