Янги таҳрирдаги Конституция – Тараққиёт стратегияси пойдевори

    Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари, жумладан, “Беш ташаббус” маркази, “Лидер қизлар” фаоллари ва Ёшлар ҳаракати аъзолари билан биргаликда янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси муҳокама қилинди.

    Давра суҳбатида янги таҳрирдаги Конституция юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ривожига хизмат қилиши, энг аввало, “Инсон қадри учун” ғоясини устувор йўналиш сифатида белгилаши қайд этилди.

    Маълумки, конституциявий ислоҳотлар Янги Ўзбекистон жамиятининг эволюцион ривожланишидан келиб чиқаётган ҳаётий заруратдир.

    Алоҳида қайд этиш лозимки, Ўзбекистон аҳолиси 2040 йилга бориб 50 миллионга етиши, хусусан ярмидан кўпи ёшлар бўлиши, уларга муносиб шароит яратиб бериш учун барқарор иқтисодиёт, хавфсиз давлат, самарали бошқарув, ижтимоий кафолатлар бўлиши тақозо этилади. Буларнинг барчаси учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор – Янги Ўзбекистонга янгиланган Конституция лозимлигини кўрсатади.

    Муҳокамалар жараёнида аҳолидан жами 220 мингдан зиёд таклиф келиб тушгани, уларнинг 56 фоизи эркаклар, 40 фоизи аёллар томонидан, 4 фоизи эса аноним тарзда билдирилгани ҳам халқимиз бу муҳим сиёсий воқеликка бефарқ эмаслигини англатади.

    Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг асосий, принципиал янгиликлари, аввало, Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат экани қатъий белгилаб қўйилаётганида акс этади.

    Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти ҳамдир. Мамлакатимиз ташқи сиёсати давлатлар суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегаралар бузилмаслиги, ҳудудий яхлитлик, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатлар ички ишларига аралашмаслик ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа принцип ва нормаларига асосланади.

    Ўзбекистон Республикаси давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки ва кўп томонлама муносабатларни ҳар тарафлама ривожлантиришга қаратилган тинчликсевар ташқи сиёсатни амалга оширади. Ўзбекистон Республикаси давлатнинг, халқнинг олий манфаатларидан, унинг фаровонлиги ва хавфсизлигидан келиб чиққан ҳолда иттифоқлар тузиши, ҳамдўстликларга ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириши ҳамда улардан чиқиши мумкин.

    Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлиги – ҳуқуқий давлатнинг олий мақсади этиб белгиланмоқда. Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқидир ва у қонун билан муҳофаза қилинади. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир. Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси тақиқланади.

    Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадир. Сиёсий партияларда, жамоат бирлашмаларида, оммавий ҳаракатларда, шунингдек, давлат ҳокимияти вакиллик органларида озчиликни ташкил этувчи мухолифатчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматини ҳеч ким камситиши мумкин эмас.

    Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли. Банк операцияларининг, омонатларнинг ва ҳисобварақларнинг сир тутилиши, шунингдек, мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланади.

    Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда белгиланади. Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади.

    Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади.

    Ҳар кимга илмий, техникавий ва бадиий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади. Интеллектуал мулк қонун билан муҳофаза қилинади. Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланиши ҳақида ғамхўрлик қилади.

    Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар. Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек, жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди.

    Яна алоҳида таъкидлаш лозимки, 14-бобнинг 76, 77, 78-моддалари оила, болалар ва ёшларга доир бўлиб, миллий қадриятларимизга мос масалар кўтарилмоқда.

    Самарали, ихчам ва халқчил давлат бошқаруви жорий қилинади. Парламентаризмни кучайтириш орқали қонунчилик ҳокимияти такомиллашади. Шундай ўзгаришлар орқали давлатимизнинг тараққиёт стратегияси амалга ошади.

    Эътибор Султанова,

    сиёсий фанлар доктори, профессор.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates