Янги тажриба: 2 сотих майдондан 500 бош қорамол боқиш учун озуқа олинмоқда

    Ҳозир атиги 180 квадрат метр майдонга ўрнатилган технология орқали ҳар куни 5 тонна кўк озуқа олаётган тадбиркор қорамоллари учун 1 йилда 1825 тонна майса етиштира олади.

    Навоий вилоятида чорвачилик кун сайин ривожланиб бормоқда. Ҳудудда суғориладиган ерлар оз, чорва моллари кўп бўлгани боис, зарафшонлик тадбиркор Акбар Жўрақулов вилоятда биринчилардан бўлиб гидропоника усулида озуқа етиштириш технологиясини амалиётга жорий этди.

    Лойиҳанинг ишлаш механизми оддий. У кичкина майдонга ҳар қандай турдаги дон маҳсулотларини экиб, катта ҳудуддан олиш мумкин бўлган кўк майсаларни етиштиришга мўлжалланган. Унинг ёрдамида 1 квадрат метрдан 1 йилда 10 тонна майса олиш мумкин. Ҳозир атиги 180 квадрат метр майдонга ўрнатилган технология орқали ҳар куни 5 тонна кўк озуқа олаётган тадбиркор қорамоллари учун 1 йилда 1825 тонна майса етиштира олади.

    Жараёнда махсус ускунага дон маҳсулотлари кетма-кет солинади, майсалар эса ҳар 5-6 кунда ўсиб чиқаверади. Технологиянинг энг афзал жиҳати, унда қишин-ёзин худди кўкламдагидек кўк майса етиштириб, чорва молларини фойдали озуқа билан боқиш имкони мавжуд.

    Акбар Жўрақулов раҳбарлик қилаётган “Нурли диёр парранда” масъулияти чекланган жамиятида ҳар ой гўшт йўналиши бўйича 15 мингта парранда тайёрланиб, ҳудуддаги бозорларга 25-30 тонна парранда гўшти чиқарилади. Корхонада 500 бош чорва моли ҳам бор. Узоқ йиллардан буён шу йўналишда ишлаб келаётган зарафшонлик тадбиркор кўплаб хориж давлатларида сафарда бўлиб, чорвачиликни ривожлантиришда қўл келадиган замонавий технология ва ускуналарни фермер хўжалигида қўллашга интилади. Гидропоника усулида озуқа етиштириш технологиясини ҳам у чет элда кўрган, аммо бундай ускуналар ўзимизда бир неча баробар арзон ишлаб чиқарилишини билгач, дарҳол банкдан 1 миллиард 360 миллион сўм имтиёзли кредит олди ва Тошкентдаги “Интехнол” корхонаси билан 5 тонна сиғимга эга ускуна учун шартнома имзолади. Мазкур технологиянинг ишлаб чиқарилиши ва афзалликлари ҳақида “Интехнол” корхонасининг муҳандис-конструктори Музаффар Ирисметов бундай дейди:

    —Технологиянинг яратилиши, ишлаш механизмларини хорижнинг бир қатор давлатларида кўриб, сўнг уни ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Уни тайёрлашда иқлим шароитимизга мос келиши, фойдаланишга қулайлиги, асосийси, нархи арзонлигини таъминлаш каби жиҳатларга эътибор қаратилди. Бир неча йиллардан буён ускунанинг барча қисмлари ўзимизда чиқарилиб, тўлиқ ҳолида республикамизнинг турли ҳудудларидаги фермерларга сотилмоқда. Лойиҳани яратишда ҳар бир бош молга 10 килограмм сиғим миқдор белгиланади. Шу асосида 250 килограммдан бошлаб 10 тоннагача ҳажмга эга ускуналар чиқарилади. Бизда бу технология кўпинча буюртма асосида тайёрланади. Ҳозир нафақат республикамиз, балки қўшни давлатлардан ҳам буюртмалар тушиб, харидорларимиз сони ортиб бормоқда. Юртимизда барча тармоқлар қатори чорвачиликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор натижасида кўплаб фермер хўжаликлари бундай замонавий ва тежамкор технологияларни қўллашга катта қизиқиш билдиряпти. Акбар Жўрақулов корхонаси учун тай­ёрланган 5 тонналик ускуна нафақат Навоий вилояти, балки республикада биринчи йирик лойиҳа, десам муболаға бўлмайди.

    1 килограмм дондан 5-7 килограмм майса олинмоқда

    Айни пайтда хорижда бир неча баробар қиммат бўлган гидропоника усулида озуқа етиштириш технологияси тўлиқ ўзимизда ишлаб чиқарилаётгани Акбар ака сингари кўплаб тадбиркорларга қулайлик яратади. Автоматлашган тизим асосида бошқариладиган ускуна йил давомида баҳор иқлимини сақлашга мослашган. Технологияда доимий равишда намлик сақланиб, сув кислород билан бойитилади. Дон маҳсулотлари 20-22 даража иссиқликда ўстирилади. Асосийси, қурилманинг махсус тешиклари орқали тоза ҳаво етказиб берилиши ҳисобига экологик тоза, қувватли, витамин, макро ва микроэлементларга бой озуқа олинади. Қисқа вақт ичида 1 килограмм дондан 5-7 килограмм яшил майса униб чиқади.

    — Мазкур интенсив технология кичик ҳудудда кўп озуқа олиш имконияти билан биз фермерларга катта қулайлик беради, — дейди “Нурли диёр парранда” МЧЖ раҳбари Акбар Жўрақулов. — Мўъжазгина ер майдонини эгаллаган лойиҳа анъанавий 250 гектар майдонда етиштириладиган озуқа ўрнини босади. Замонавий технология чорва моллари учун тўйимли озуқа манбаи бўлиш билан бирга, унда етиштириладиган кўк майсалар 95 фоизгача ҳазм бўлиш хусусиятига эга. Бундан ташқари, у йил давомида сигирлардан олинадиган сут миқдорини 30 фоизгача ошириб, сутнинг таъмини янада яхшилайди. Хорижда бундай технология ниҳоятда ривожланган бўлиб, ҳатто ана шундай экологик тоза майсаларни сотишга мўлжалланган экодўконлар фаолияти йўлга қўйилган. Яқин келажакда бизда ҳам шундай дўконлар очилишига ишонаман.

    Ҳозир Акбар Жўрақулов буюртмасига, асосан, Туркия, Европа давлатларидан корхонага чорва молларини парвариш қилишга мўлжалланган энг сўнгги русумдаги, замонавий техникалар ҳам олиб келиняпти. Тадбиркор келгусида фаолиятини янада кенгайтириб, ҳудудда чорвачиликни ривожлантириш, гўшт маҳсулотларини хориж мамлакатларига экспорт қилишни режалаштирган.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates