Янгиланаётган Конституцияда талабалар учун ҳам имтиёзлар белгиланмоқда

    Фикр 16 март 2023 4410

    Ўзбекистоннинг янги Конституцияси лойиҳаси талабаларга ҳам кенг имкониятлар эшигини очмоқда. Яққол мисол сифатида ёшларнинг олий ўқув юртларида давлат ҳисобидан грант асосида ўқиш ҳуқуқи Бош қонунда белгиланаётганини кўрсатиш мумкин.

    Ўзбекистоннинг янги Конституцияси лойиҳаси талабаларга ҳам кенг имкониятлар эшигини очмоқда. Ижтимоий нормалар, тартиб-қоидалар таълим соҳасида ҳам ўз аксини топиши учун моддаларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Яққол мисол сифатида ёшларнинг олий ўқув юртларида давлат ҳисобидан грант асосида ўқиш ҳуқуқи Бош қонунда белгиланаётганини кўрсатиш мумкин. Бу билан иқтидорли ёшларнинг давлат ҳисобидан олий таълим олиши қатъий кафолатланмоқда.

    2023 йилнинг “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилиниши замирида ҳам таълимни юксалтириш ётибди. Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев илгари сураётган эзгу ташаббуслар, таълим соҳасига доир жадал ислоҳотлар ижроси бизнинг Наманган муҳандислик-қурилиш институтида ҳам изчил давом эттирилмоқда. Институтимиз ижарада турган талабаларга тўловларининг бир қисмини қоплаш, кам таъминланган оила фарзандларига моддий ёрдамлар бериш, фаол талабаларни ҳар томонлама рағбатлантириш орқали уларни намунали даражада қўллаб келмоқда.

    Жумладан, спорт мусобақалари, маънавий-маърифий тадбирлар, муҳим мавзудаги иншолар, Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти ва иқтидорли талабаларнинг илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш бўлими ҳамкорлигида “Кашф этамиз”, “Энг яхши суратлар” каби танловлар мунтазам равишда ўтказилади. Ғолиблар ва совриндорлар муносиб тарзда мукофотланмоқда. Жорий ўқув йилининг дастлабки икки ойига назар ташласак, талабаларга моддий ёрдам белгилаш бўйича: 301 нафарига стипендиянинг бир баробар миқдорида қарийб 156 миллион сўм, 25 нафарига икки баробар миқдорида салкам 26 миллион сўм, 51 нафар талаба уч баробар миқдорида 79 миллион сўмдан зиёд, бундан ташқари, махсус дафтарлардаги талабаларнинг шартнома тўловлари учун 49 нафарига 2,1 миллион сўмдан (жами 100 миллион сўм), 18 нафарига эса ҳомийларнинг пул маблағлари ажратилди.

    Билим даргоҳимиз қурилиш соҳаси кадрларини етиштиришига қарамай, бағрида адабиётга меҳри баланд ёшларни ҳам тарбияламоқда. Хусусан, истеъдодли ёш ижодкор Аҳмаджон Мухторжоновнинг Мустақиллигимизнинг 31 йиллигига бағишланган “Юрагимдан ўтинг Ватанга” номли шеърий тўплами институт раҳбарияти ташаббуси ва молиявий кўмаги билан минг нусхада чоп этилди. “Заковат” интеллектуал ўйинлари ҳар ҳафтанинг пайшанба куни уюштирилади ва мавсумий ғолибликни қўлга киритган жамоаларга диплом ва қимматбаҳо совғалар тақдим этилади.

    Дарвоқе, ажойиб хушхабар бор. Институтимизнинг Наманган шаҳри, Ислом Каримов кўчасидаги талабалар турар-жойи ҳудудида давлат-хусусий шериклик асосида 12 қаватли, умумий лойиҳа қиймати 86 млрд. 300 млн. сўмлик янги турар-жой биноси барпо этиш бошланди. Яқинда институт ректори, проректорлар ва қурилиш ташкилоти масъуллари иштирокида мазкур турар-жой биноси лойиҳаси кўздан кечирилди. Ўзбекона удумларга мувофиқ, жонлиқ сўйилиб, дуо-фотиҳа қилинди ва қудратли машиналар котлован қазишга киришди. “Нифрит импекс” МЧЖ лойиҳасига биноан минг ўринли талабалар турар-жойи қурилиши шу йил охирига қадар якунланиб, фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Қолаверса, йил аввалидан буён 300 ўринли яна бир ётоқхонада бунёдкорлик авжида. Маълумот учун, институт тасарруфида ҳозирда иккита талабалар турар-жойи мавжуд ва умумий сиғими 800 ўриндан иборат.

    Алоҳида таъкидлашни хоҳлардимки, юқорида саналган амалий саъй-ҳаракатларнинг барчаси республикамиз дорилфунунларида таҳсил олаётган йигит-қизлар камолоти учундир. Келажагимиз эгаларининг ҳуқуқ ва манфаатлари янгиланаётган Конституцияда аниқ-тиниқ ифодалангани, ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилаётгани қувонарли, албатта. Ҳа, биз, ёшлар шундай шароитлар яратилган мамлакатда яшаётганимиздан жуда фахрланамиз. Юксак ғамхўрлик ва қатор имтиёзлардан илҳомланган ҳолда Ватанимиз тараққиёти учун етук мутахассисларга айланиб, тинимсиз меҳнат қиламиз ва ишончни оқлаймиз.

    Диёрбек СОАТАЛИЕВ,

    Наманган муҳандислик-қурилиш институти

    Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates