Янгиқўрғон фестивали ёшлар ҳаётида туб бурилиш ясади

    Воқеа-ҳодисалар 15 январ 2021 1664

    Вилоят марказидан 60, туман марказидан 35 километр олис масофада ва чегара ҳудудида жойлашган Нанай қишлоғи ҳақиқий байрамга гувоҳ бўлди.

    Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ўтказилган Ўзбекистон Ёшлари форумида илгари сурилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида ташкил этилган фестивалда Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов ҳамда секторлар раҳбарлари, Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси бошлиғи ва кенг жамоатчилик қатнашди.

    Спортни сев, спорт билан яша!

    Тадбир муқаддимасида яқинда республика чемпиони бўлган янгиқўрғонлик волейболчи ўсмир қизлар алоҳида эътироф этилди ва уларнинг бу ютуғи замирида маҳаллий мураббий Илҳомжон Турдиевнинг ҳиссаси борлиги таъкидланди. «Чекка жойларда спорт шундай фидойи инсонлар сабабли ривожланмоқда. Уларни эъзозлашимиз ва меҳнатини қадрлашимиз, қаҳрамон мураббийлар сафини кенгайтириш ҳаракатида бўлишимиз керак», деди вилоят раҳбари.

    Шундан сўнг спортнинг оғир атлетика, волейбол, мини-футбол, стол тенниси, бокс каби турлари бўйича кўргазмали чиқишлар томоша қилинди. Тумандаги мусобақаларда ғолибликни қўлга киритган спортчиларга ташаккурномалар ва қимматбаҳо эсдалик совғалари берилди.

    - Бугун биз учун унутилмас бўлиб тарихга муҳрланади. Вилоятимиз ҳокими Янгиқўрғон туманида жисмоний тарбия ва спорт тизимининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга 100 миллион сўмлик спорт жиҳозлари учун сертификатни топширди. Шу ишонч ва рағбатни хушхабарлар, ёрқин ғалабалар билан оқлаймиз, деб ваъда бераман. Қаранг, Наманганнинг спортсевар биринчи раҳбари билан самимий мулоқот қурган ўғил-қизларнинг кўзи ёниб турибди, - деди Янгиқўрғон туман жисмоний тарбия ва спорт бўлими бошлиғи Сардорбек Асқаров.

    Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди...

    Фестивал доирасидаги «Ҳоким ва ёшлар» учрашувида вилоят ҳокими сўзга чиқиб, мамлакатимизда ёшлар сиёсатига қаратилаётган эътибор сифат ва самарадорлик жиҳатидан янги босқичга кўтарилишини, «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб эълон қилинган 2021 йилда ёшларнинг орзу-истаклари рўёбида туб бурилиш йили бўлишини билдирди.

    Қайд этиш жоиз, 2020 йилда Тўрақўрғон туманида ёшлар билан ўтказилган шундай очиқ мулоқотда вилоят маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан 33 нафар талабага жами 463 миллион сўмлик шартнома пуллари тўлаб берилганди. Бундай хайрли анъана жорий йил бошланишида ҳам давом эттирилди. Вилоятдаги эҳтиёж ва талаб юқори бўлган, мутахассислар етишмаётган соҳаларни инобатга олган ҳолда, олий таълим муассасаларининг тиббиёт йўналишларида ўқиётган 20 нафар талабага жами 160 миллион сўмга тенг бир йиллик контракт пуллари ўтказиб қўйилгани ҳақидаги сертификатлар тақдим этилди.

    - Иқтидорли, зукко, аълочи, ташаббускор, таълим-тарбия ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган талабалар қаторида эканлигимдан ғоят хурсандман. Тўрақўрғон туманининг Яндама қишлоғиданман. Ҳозирда Андижон Давлат тиббиёт институти, педиатрия факультетининг 3-босқич талабасиман. Отам - қурувчи уста, онам - ҳамшира, кенжа фарзандман. Волидамнинг касби менда ҳавас уйғотган. Келажакда етук ва жамиятимизга беминнат нафи тегадиган болалар шифокори бўлиб етишмоқчиман, худо хоҳласа. Фурсатдан фойдаланиб, бир йиллик тўлов-шартнома, яъни 8 миллион 216 минг сўмлик сертификат соҳибига айланишим учун менга тавсиянома ёзган, қўллаб-қувватлаган Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими, вилоят бошқармаси, номзодимни тасдиқлаган вилоятимиз ҳокимидан чексиз миннатдорман. Ота-онам ҳам беҳад мамнун, тинмай ташкилотчиларни дуо қилишяпти. Синфдошларим, курсдошларим, устозларим қизғин табриклашяпти, - дея қувончини ўртоқлашди Абдулазиз Абдулходиев.

    Наманган шаҳридаги 26-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси, ЎзМУнинг амалий математика факультети талабаси Дилёрбек Абдулҳамидовнинг ҳам бир йиллик контракт пули тўлаб берилганидан муассаса директори Дилором Абдураҳимованинг боши осмонда.

    Очиқ мулоқотда Нанай маданият саройига 50 миллион сўмлик чолғу асбоблари, кутубхонасига 1000 дона китоб инъом этилгани санъатга, адабиётга ошно ёшлар учун чинакам туҳфа бўлди. Қолаверса, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси томонидан ўрганишлар натижасида «Темир дафтар»га киритилган, маҳаллалардаги бир қатор уюшмаган, яъни аниқ машғулот турига эга бўлмаган ёшларга энг сара бадиий асарлардан иборат китоблар тўплами улашилди.

    Бундан ташқари, вилоят раҳбари Нанай қишлоғида «Темир дафтар» ва «Ёшлар дафтари»га тушган хонадонларга кириб, одамлар билан дилдан гаплашди. Хусусан, «Сойбўйи» маҳалласида яшовчи қирғиз миллатига мансуб Мирзақаюмовлар хонадонидаги учрашув ҳаяжонли таассуротлар қолдирди. Боиси, шу оиланинг икки фарзанди Наима ва Нодирбекларга замонавий ноутбук ҳамда китоблар жамланмаси туҳфа қилинди. Коллежни тамомлаган битирувчи қизни иш билан таъминлаш юзасидан тегишли сектор раҳбарига аниқ вазифа юклатилди.

    Энди юзлаб ёшларнинг иш жойи бор

    Янгиқўрғон туманидаги «Бешбулоқ» маҳалласида ёшлар фестивали доирасида «Мадина Шоҳруҳ текстиль» корхонасининг очилиш маросими бўлди. Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши ҳисобига 300 га яқин янги иш ўрни яратилди. 130 нафар ёшлар ва 50 нафар «Темир дафтар»даги фуқаро бандлиги таъминланди.

    Корхонанинг йиллик қуввати 2,5 млн. дона тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришдан иборат. Айни пайтда корхонани кенгайтириш бўйича аниқ ишлар олиб борилмоқда. Натижада туманда бўш юрган йигит-қизлар учун қўшимча иш ўринлари пайдо бўлишига эришилади.

    — Чекка ҳудудларда шундай корхоналар очилиши биринчи галда ёшлар бандлигида муҳим аҳамиятга эга. Муқим иш ўрни ва рақобатбардош маош уларнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлайди, четга иш излаб кетиш ҳам сезиларли камаяди, — деди топшириш маросимида иштирок этган вилоят раҳбари.

    Вилоят ҳокими ва сектор раҳбарлари корхонада тайёрланаётган маҳсулотлар, ишчи-ходимлар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

    Фестивал давомида Янгиқўрғон туманидаги «Водий» маҳалласида «Yan Med Diagnostika» диагностика ва даволаш маркази ўз фаолиятини бошлади. Бинони барпо этишда жами 6 млрд. сўм маблағ сарфланиб, Хитойдан 2 млрд. сўмлик замонавий тиббиёт жиҳозлари олиб келинди. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 70 нафар беморга тиббий хизмат кўрсатиш имконияти бор. Ҳозирда марказда 50 нафардан ортиқ, жумладан, 35 нафар аёл ва 15 нафар ёшлар ишли бўлди. Тиббиёт марказида гинекология, урология, кардиология ва ЛОР касалликларини даволаш ҳамда клиник биохимия-лаборатория амалиётларини бажариш йўлга қўйилган.

    Очилиш тантанасида вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов туман аҳлини замонавий марказ билан қутлади ва жамоага эл саломатлигини асраш борасидаги фаолиятида улкан муваффақият тилади.

    Дарвоқе, шу куни очилган меҳнат ярмаркасида 240 дан ортиқ бўш иш ўрни ҳақ тўлайдиган корхона-ташкилот қидираётган ёшлар билан тўлди.

    Ким юртига содиқ бўлса, мендирман ўша!

    Ёшлар фестивалининг якуний ва энг лаҳзалари ҳарбий-ватанпарварлик тадбирларига тўғри келди. «Ватанпарвар» ташкилоти вилоят кенгашининг автомобиллари ва ҳарбий техника намойиши, ҳарбий от ва итлар, махсус бўлинмаларнинг чиқишлари йиғилганларнинг олқишини қозонди. Хусусан, туманнинг 10-умумтаълим мактаби ўқувчилари томонидан тайёрланган жанговар саҳна кўринишлари, Қуролли кучлар салоҳиятини ўзида ифода этувчи ҳарбий техникалар намойиши барчага манзур бўлди. Ҳа, бундай фестивалларнинг ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги ўрни беқиёс. Вилоят ҳокимининг фарзандларимиз дардини тинглашни ўрганишимиз ва қўллаб-қувватлашга доим шай туришимиз кераклиги хусусидаги чорлови мутасаддиларга эслатма бўлди.

    Фестивалда вилоят санъаткорлари ва ижрочи ёшларнинг ҳарбий-ватанпарварлик тараннум қилинган куй-қўшиқлари қалбларда дўстлик, мардлик, фидойилик, дахлдорлик, шукроналик туйғуларини жўш урдирди. Шоир битганидек, «Неки азиз бўлса, шартдир ҳимоя!»

    Орифжон ЖЎРАЕВ,
    «Янги Ўзбекистон» газетасининг Намангандаги мухбири.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates