Туризм қўмитаси ва Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси томонидан ташкил этилган ушбу лойиҳа япониялик томошабинларни Ўзбекистон маданияти ва ютуқлари билан таништиришга қаратилган.
Январь ойида МБС телеканалининг суратга олиш гуруҳи Ўзбекистонга ташриф буюрди. Биринчи кўрсатув Тошкент ҳақида бўлиб, унда бошловчи Харука Маэда «Беш қозон» ош марказига ташриф буюриб, ўзбек миллий таоми — ош тайёрлаш жараёни билан танишди.
Сўнг «Алишер Навоий», «Космонавтлар» каби ўзига хос архитектурага эга Тошкент метрополитени бекатларини кўздан кечиради. Шунингдек, у йўловчилар билан суҳбатлашиб, уларнинг метро ҳақидаги фикрларини ўрганади.
Кўрсатувнинг кейинги сони Самарқанд шаҳри, унинг «Регистон» мажмуаси, «Бибихоним» масжиди ва Сиёб бозори каби тарихий обидаларига бағишланган. Шунингдек, Маэда табиий материаллардан буюмлар ясовчи ҳунармандларнинг маҳоратини алоҳида таъкидлаб ўтган.
Дастурнинг махсус сонлари томошабинлардан ижобий баҳо олди ва 2025 йилнинг 13 апрелидан 13 ноябригача Японияда ўтказиладиган «Эхпо Осака 2025» кўргазмаси давомида яна намойиш этилиши кутилмоқда.