Саралаш босқичида эркаклар ва аёллар ўртасида 24 нафар курашчи қатнашиб, турли вазнларда 32та баҳс бўлиб ўтгани ҳолда Ҳиндистонда ўтадиган Жаҳон чемпионатининг қатнашчилари саралаб олинди.
Тадбирда мамлакатимиз элчихонаси масъул ходимлари ёш курашчиларга бўлажак жаҳон биринчилигида омадлар тилади.
Япония Кураш федерацияси президенти Камага Хидео дунёдаги коронавирус билан боғлиқ вазият туфайли Кунчиқар мамлакатда кураш мусобақаси уч йиллик танаффусдан кейин қайта ташкил этилганидан мамнуният билдирди. У сўнгги йилларда япон ёшлари орасида ўзбек курашига бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётганини, саралаш баҳсларида 24 нафар спортчининг қатнашуви бунинг ёрқин далили эканлигини маълум қилди, деб хабар беради «Дунё» АА.
Камага Хидеонинг айтишича, япон курашчилари Ҳиндистонда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатида юқори натижаларни қайд этса, улар 2023 йил сентябрь ойида Хитойда ўтказиладиган Осиё ўйинларида иштирок этиш имконига эга бўлади. Шу сабабли бўлажак дунё биринчилигига курашчиларни пухта тайёрлаш кераклигига эътибор қаратди.