баннер
19 фев 2025
20:26

    Япониялик таниқли қўшиқчи ва созанда "Ўзбек маданияти элчиси" этиб тайинланди

    Машу Комазаки Токио шаҳрида туғилган. 2015-2017 йилларда Бухоро шаҳридаги ўрта умумтаълим мактабида мусиқа ўқитувчиси сифатида ишлаган.

    Япониялик таниқли қўшиқчи ва созанда Машу Комазаки "Ўзбек маданияти элчиси" этиб тайинланди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА.

    Мазкур лойиҳа Ўзбекистон ва Япония ўртасида маданий алоқаларни янада кенгайтириш, юртимиз бой маданий мероси, хусусан миллий мусиқаси ва куйларини кунчиқар мамлакатда кенг тарғиб қилиш мақсадида мамлакатимиз элчихона томонидан Ўзбекистон Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилди.

    Мамлакатимиз элчихонаси томонидан Машу Комазакини Япониядаги "Ўзбек маданияти элчиси" этиб тайинлашга бағишланган тантанали тадбир ўтказилди. Унда элчи Муҳсинхўжа Абдураҳмонов Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш, япон жамоатчилигини юртимизнинг бой тарихий-маданий мероси билан яқиндан таништиришга қўшаётган муносиб ҳиссаси учун Комазаки Машу хонимга "Ўзбек маданияти элчиси" кўкрак нишони ва сертификати тантанали равишда топширди.

    Элчи "Ўзбек маданияти элчиси" деган мақом биринчи бўлиб Япония фуқаросига берилгани, албатта Ўзбекистон ҳукумати томонидан Япония билан маданий алоқаларни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътиборнинг тасдиғи эканлигини таъкидлади. Ушбу юксак мақом Комазаки Машуга Японияда Ўзбекистон маданияти ва санъатини янада тарғиб қилишида кенг имкониятлар очилиши қайд этилди.

    Машу Комазаки бундай шарафли мақомни хорижий фуқаролар орасида биринчи бўлиб олганидан бениҳоя бахтли эканлигини билдириб, юксак ишонч учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорлик билдирди.

    "Ўзбек маданияти элчиси" мақоми менинг кейинги фаолиятимда катта имкониятлар яратиши билан бир қаторда масъулият ҳамдир. Шу кунгача Японияда ташкил этилаётган маданий тадбирларда ўзбек миллий куй ва қўшиқларини ижро этганимдан сўнг, кўплаб япон томошабинлари "Машу хоним, очиғини айтсак, Сизнинг ижроингиз орқали Буюк ипак йўлидаги сирли мамлакат ҳақида бизда ёрқин тасаввурлар пайдо бўлди. Биз Сиз билан Ўзбекистонга ташриф буюришни хоҳлар эдик", деган сўзларни эшитганимда санъат инсон қалбига нақадар чуқур таъсир қилишидан ҳайратланаман. Бу мени янада кўпроқ ижод қилишга ва Японияда юртингиз ихлосмандлари сонини оширишга илҳомлантиради", деди у.

    Тадбирда Японияда мамлакатимизнинг маданий салоҳиятини кенг тарғиб қилиш бўйича қўшма лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, ОАВда Ўзбекистон ҳақида туркум материалларни эълон қилиш бўйича келишиб олинди.

    Машу Комазаки Токио шаҳрида туғилган. 2010 йилда Токио мусиқа университети фортепиано факультетини тамомлаган. 2015-2017 йилларда Япониянинг хориждаги ҳамкорлик кўнгиллилари (JOCV) дастури бўйича Бухоро шаҳридаги ўрта умумтаълим мактабида мусиқа ўқитувчиси сифатида ишлаган. Ўзбекистондаги фаолияти давомида ўзбек миллий мусиқа асбоблари, хусусан дутор чалишни ўрганган. У 2018 йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтган Биринчи халқаро мақом санъати анжуманида ўзбек дуторида "Сунбула" куйини ижро этиб, фахрли учинчи ўринни эгаллади. 2024 йилда ўтказилган "Шарқ тароналари" халқаро мусиқа фестивали ва "Бойсун баҳори" халқаро фольклор фестивалида ҳам фахрли учинчи ўринни қўлга киритган.

    No date selected
    феврал, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech