Япониядаги ватандошларнинг тарғиботи маҳаллий халқнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқишини кучайтирмоқда

    Туризм 22 июл 2020 2010

    Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан хориждаги ватандошларимиз билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти, шу жумладан тарихи, маданияти ва урф-одатларини хориж фуқаролари орасида тарғиб қилиш, мамлакатимизни чет элларда янада кўпроқ танитишга доир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

    Жумладан, 2010 йилдан буён Япониянинг Фукуока префектурасида истиқомат қилаётган ватандошимиз Камалова Маҳбуба ҳам бошланғич ва ўрта мактаблар, лицей ва олий таълим марказларида таълим олувчи япониялик ёшларга Ўзбекистоннинг тарихи, маданияти, туризм салоҳияти, урф-одатлари ва миллий қадриятлари ҳақида сабоқ беради.

    Фукуока халқаро алмашинув марказида ўқитувчи бўлиб фаолият олиб борувчи Маҳбуба Камалова ўзининг меҳнатсеварлиги ва ишига бўлган садоқати орқали японияликлар орасида алоҳида ҳурмат ва эътибор қозонган. Бу галги тақдимотлар давомида ҳам япон ёшларига ўзбек миллий таомларини тайёрлаш, миллий либослар тақдимоти ва мамлакатимизнинг қадимий шаҳарлари тўғрисида ахборот берилиб, мамлакатимиз туризм салоҳияти тарғиб қилинди.

    Япония ёшлари томонидан Ўзбекистонга бўлган қизиқиш кун сайин ортиб бораётганини ушбу дарсларда иштирок этаётган ёшлар сонининг тобора ошиб бораётганидан ҳам кўриш мумкин. Ватандошлар билан алоқаларни ривожлантиришнинг аҳамияти ва долзарблиги ошиб бораётган бир пайтда, улар билан самарали ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда ватандошларимизнинг Ўзбекистон маданий, илмий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш борасидаги фаолиятларини қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этади.