баннер
26 мар 2025
15:04

    “Яшил иқтисодиёт“ — минтақанинг барқарор экологик мувозанати гарови

    “Яшил иқтисодиёт“ — бу барқарорлик, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тамойилларини устувор ўринга қўядиган, шу билан бирга кенг қамровли ўсиш ва ижтимоий адолатни тарғиб қиладиган иқтисодий моделдир. Бошқача айтганда, бу нафақат иқтисодий ривожланишни, балки табиий экотизимларнинг сақланиши ва келажак авлодларнинг фаровонлигини таъминлашга қаратилган ёндашувдир.

    Мамлакатимизда Президентимиз томонидан олиб бораётган ислоҳотлар доирасида «яшил» иқтисодиёт тамойилларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2025 йилнинг «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт йили» деб эълон қилиниши ҳамда 2022–2026 йилларга мўлжалланган Ривожланиш стратегияси доирасида қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтишни босқичма-босқич амалга ошириш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, «Яшил макон» лойиҳаларини кенг татбиқ қилиш ва экоҳудудларни кўпайтириш юзасидан аниқ чоралар амалга оширилмоқда.

    Юртимизда барқарор инновация ва технологик модернизация масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги — «яшил» иқтисодиётга ўтишдаги муҳим тамойил ҳисобланади.

    Бунда қуёш ва шамол энергетикаси каби «яшил» энергия манбаларига сармояларни кенгайтириш, саноатда чиқиндиларни камайтириш, шунингдек экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш устувор вазифалардан ҳисобланади.

    Яшил иқтисодиёт принципларини татбиқ этиш орқали, нафақат атроф-муҳит меъёрларини яхшилаш, балки қишлоқ хўжалиги, қайта тикланувчи энергия ва экотуризм соҳаларида иқтисодий ўсиш имкониятлари янада кенгайишига эришилади. Ўзбекистон глобал миқёсдаги иқлим яхшиланиши учун амалга оширилаётган чора-тадбирларга уйғун равишда «яшил» ўсиш стратегияларига эътибор қаратмоқда.

    Сўнгги йилларда юртимизда «яшил» иқтисодиётга ўтиш бўйича амалга оширилган ишлар хусусида сўз юритадиган бўлсак, охирги 5 йилда қуёш энергияси қувватларини кенгайтириш бўйича бир қатор лойиҳалар ишга туширилди. Энергетика вазирлигининг маълумотларига кўра, 2023 йил охирига бориб умумий қуёш энергетикаси қуввати 1 000 МВт дан ошган. Юртимизда бундай салмоқли натижалар билан тўхталиб қолмай, қуёш энергиясидан олинадиган қувватни янада юқори жабҳага олиб чиқиш режалаштирилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Бирлашган Араб Амирликларига (БАА) қилган ташрифи чоғида икки давлат ўртасида «Яшил энергетика» соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун режа ва мақсадларни илгари сурди.

    Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг энергетика соҳасида 2030 йилга бориб, қуёшдан 7ГВт, шамолдан 5ГВт энергия олиш мақсади йўлида Масдар компанияси кўмагида қурилиши режалаштирилган энг йирик қуёш электр станцияларидан бири 500 МВт қувватга эга бўлиб, минглаб янги иш ўринларини яратиши, шунингдек, йилига юзлаб хонадонни тоза энергия билан таъминлаши кутилмоқда. Шамол энергетикаси борасидаги режалар 2 000 МВт гача қувват яратилишини назарда тутади. Бундай лойиҳалар нафақат ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтиради, балки энергия самарадорлиги, смарт технологиялар ва рақамли бошқарув усулларини ҳам ривожлантиради. Бундан ташқари қишлоқ хўжалигида сувни тежовчи технологияларни жорий этиш сезиларли даражада кучайди.

    Статистик маълумотларга кўра, 2017 йилда бундай технологиялар 28 минг гектар майдонда қўлланилган бўлса, 2024 йилга келиб бу кўрсаткич 1,9 млн гектарга етди. Бу нафақат сув сарфини камайтиришга, балки ҳосилдорликни оширишга ҳам хизмат қилмоқда.

    Ўтган давр мобайнида халқаро ҳамкорлик доирасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. 2017–2025 йиллар оралиғида «Яшил иқтисодиёт»ни ривожлантириш мақсадида 3 миллиард АҚШ долларидан ортиқ хорижий инвестициялар жалб қилинди. Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва БМТнинг тегишли фондлари билан ҳамкорликда Ўзбекистонга малакали мутахассисларни тайёрлаш, экологик инновацияларни жорий қилиш ва технологик трансферни жадаллаштиришга урғу қаратилмоқда. Ўзбекистон Париж иқлим келишуви доирасидаги мажбуриятларини янгилаб, иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш бўйича аниқ мақсадларни белгилаб олди.

    Энди келгусида амалга оширилиши кўзда тутилаётган ислоҳотларга тўхталадиган бўлсак, 2022–2030 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси, «Яшил иқтисодиёт»га ўтиш концепцияси кесимида қабул қилинган «йўл хариталари»да белгиланган вазифалар яшил иқтисодиётни ривожлантириш, қайта тикланувчи энергия манбалари, сувни тежовчи технологиялар, чиқиндиларни қайта ишлаш ва экологик стандартларни такомиллаштиришга қаратилган бўлиб, қуйидаги асосий йўналишларни ўз ичига олади.

    Биринчидан, электр энергетикаси соҳасида 2030 йилгача қайта тикланувчи энергия манбалари ҳажмини сезиларли даражада ошириш мақсад қилинган бўлиб, бунда энергия ишлаб чиқаришдаги «яшил» қувватлар улушини камида 25–30 фоизга етказиш режалаштирилган, қуёш ва шамол энергетикасидан олинадиган умумий қувватни 12 ГВт гача етказиш кўзда тутилмоқда (7 ГВт қуёш, 5 ГВт шамол). 2040 йилга бориб Ўзбекистон тоза энергия манбалари бўйича Марказий Осиё минтақасида етакчи давлатлардан бирига айланиши мақсад қилинган.

    Иккинчидан, сув ресурсларини бошқариш ва қишлоқ хўжалигида тежамкор технологияларни жорий этиш устувор вазифалардан бири этиб белгиланган. 2030 йилга бориб томчилатиб суғориш ва бошқа тежамкор суғориш тизимлари жорий этилган майдонлар ҳажми жами суғориладиган ерларнинг 50 фоиздан ортиғини ташкил этиши режалаштирилган. Сув сарфини қисқартириш эвазига йилига 3-4 млрд м3 сувни тежашга эришиш, кимёвий ўғитлардан фойдаланишни босқичма-босқич камайтириш, органик деҳқончилик тамойилларини жорий этиш, сертификатланган экологик маҳсулотлар экспортини ошириш бўйича аниқ «Йўл хариталари» ишлаб чиқилган.

    Учинчидан, чиқиндиларни қайта ишлаш ва уларни экологик хавфсиз утилизация қилиш масаласи ҳам келгуси 10 йилликнинг асосий режаларидан бири ҳисобланади. 2025 йил якунига бориб маиший чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини 40 фоиздан ошириш, 2030 йилгача эса 60 фоизга етказиш белгиланган. Бунга эришиш учун давлат-хусусий шерикчилиги доирасида чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлашнинг янги кластерларини очиш, рақамли мониторинг тизимларини жорий этиш ва чиқиндидан энергия ишлаб чиқариш (wасте-то-энергй) лойиҳаларини амалга ошириши назарда тутилган.

    Тўртинчидан, иқтисодий ўсишни декарбонизация қилиш ва иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш бўйича Ўзбекистон Париж иқлим келишуви доирасидаги мажбуриятларидан келиб чиқиб, 2030 йилгача углерод улушини камида 35 фоизга қисқартиришни режалаштирган. Шунингдек, кейинги йилларда иқтисодиётнинг деярли барча соҳаларида рақамлаштириш асосида углерод чиқиндиларини доимий мониторинг қилиб бориш мақсад қилинган.

    Бешинчидан, халқаро ҳамкорлик ва яшил молиялаштириш масаласи ҳукуматнинг алоҳида эътибор марказидадир. Концепцияга кўра, 2030 йилгача «Яшил иқтисодиёт»нинг барча йўналишларини ривожлантириш учун камида 8–10 млрд АҚШ доллари миқдорида инвестиция талаб қилинади. Хусусан, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, БМТнинг тегишли жамғармалари ҳамда БАА каби хорижий давлатлар билан кўплаб лойиҳалар бўйича келишувларга эришилгани инвесторлар учун қулай муҳит яратишга хизмат қилади. Шу билан бирга, Ўзбекистонда «яшил» облигациялар чиқариш, «яшил» кредитлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш жамғармаларини шакллантириш орқали маҳаллий маблағларни жалб этиш режалаштирилган.

    Юқоридаги режалар ва кўрсаткичлар Ўзбекистоннинг Яшил иқтисодиётни ривожлантиришга бўлган қатъий сиёсий ирода ва амалий чора-тадбирларини янада мустаҳкамлашга қаратилган. Келгуси йилларда ушбу мақсадлар нафақат республика ҳудудларининг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига, балки бутун Марказий Осиё минтақасининг барқарор экологик мувозанатини таъминлашга ҳам сезиларли ҳисса қўшиши кутилмоқда.


    Расул Раҳмонов,

    Иқтисодиёт фанлари номзоди, профессор


    Ҳамкорлик материали

    No date selected
    март, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech