баннер
26 мар 2025
06:10

    Ҳаммамиз учун ҳаёт манбаи

    Ўзбекистонда «яшил иқтисодиёт»ни ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

    Хусусан, мамлакатнинг глобал ҳамжамият олдидаги мажбуриятларини бажаришида тармоқ ва соҳаларнинг уйғун «яшил» трансформациясини амалга ошириш, рақобатбардошлиги ва ресурс тежамкорлиги ҳамда «яшил» ривожланиш орқали иқтисодий ўсишни таъминлаш борасида тизимли ишлар бажарилмоқда.

    Жумладан, 2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг «яшил иқтисодиёт»га ўтиш ва «Ўзбекистон — 2030» ­стратегияларида 2030 йилга қадар жами электр энергиясида қайта тикланувчи энергия улушини ошириш, иссиқхона газини қисқартириш, саноатда энергия самарадорлигини ошириш, иқтисодиётда «углерод изи»ни камайтириш, «яшил» инвестицияларни қўллаб-қувватлаш каби вазифалар белгиланган.

    Сўнгги йилларда катта ҳажмли муқобил қувватлар ишга туширилиб, электр энергияси ишлаб чиқаришда «яшил» энергия улуши 16 фоизга етказилди. Саноатда «яшил» энергия сертификати тизими жорий қилинди. Шунингдек, қуёш панели ўрнатилган хонадонлар сони 60 мингдан ошди. Бу эса мамлакатнинг «яшил иқтисодиёт»га ўтиш борасидаги саъй-ҳаракатлари жадал давом эттирилаётганидан далолат.

    «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастурида мазкур сиёсатнинг мантиқий давоми сифатида экологик барқарорликни таъминлаш, «яшил иқтисодиёт» ва циркуляр иқтисодиёт тамойилларини кенг жорий қилиш, давлат-хусусий шериклик асосида йирик «яшил» энергия станцияларини барпо этиш, аҳоли хонадонларида қуёш панелини ўрнатишни рағбатлантириш, иқтисодиётда «углерод изи»ни камайтириш, ресурсларни қайта ишлаш ва самарали фойдаланиш орқали чиқиндиларни камайтириш ҳамда «яшил» компонентларни ошириш каби устувор вазифалар белгиланган.

    2025 йилда «яшил иқтисодиёт» тамойилларини кенг жорий қилиш мақсадида Париж битими талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистоннинг углерод нейтраллигига эришишининг узоқ муддатли стратегиясини ишлаб чиқиш, умумий қуввати 4,5 гигаватт бўлган йирик қуёш ва шамол электр станцияларини ишга тушириш, 785 мегаватт қувватли қуёш панелларини ўрнатиш, 225 мегаватт қувватли гидроэлектр станцияларини барпо этиш орқали электр энергияси ишлаб чиқаришда жами қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 26 фоиз ва жами генерация қувватлари таркибидаги улушини 40 фоизга етказиш, янги қуриладиган бино-иншоотлар ва уй-жойлар энергия самарадорлигидан келиб чиқиб, «Яшил бино» сертификати жорий этиш сингари вазифалар белгиланди.

    Шунингдек, 2025 йилда Европа тикланиш ва тараққиёт банкидан босқичма-босқич 200 миллион еврогача, Жаҳон банкидан энергетика секторида метан эмиссиясини камайтириш учун 10 миллион доллар, Глобал яшил ўсиш институти орқали Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги техник кўмаги доирасида Ўзбекистон — Корея ўртасида «яшил» ҳамкорликни кучайтириш учун 6,5 миллион доллар, ­Жаҳон банкининг иCРАФТ лойиҳаси доирасида 500 минг тонна қисқартирилган иссиқхона газларини сотиш ҳисобига 7,5 миллион доллар, Германия халқаро ҳамкорлик жамиятидан саноатни яшиллаштириш ва азот кислотаси ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг атмосферага чиқараётган зарарли газини қисқартириш учун 20 миллион евро миқдоридаги «яшил» ва кам углеродли ривожланиш лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган имтиёзли кредит ва грант маблағлари жалб этилади.

    Шакллантириладиган инвестиция дастурлари, тармоқ, соҳалар ва ҳудудларни ривожлантириш бўйича янги лойиҳаларнинг 2025 йилдан бошлаб 15 фоизида, 2027 йилдан бошлаб 30 фоизида, 2030 йилдан бошлаб 55 фоизида «яшил» компонентлар бўлиши лозимлиги белгиланди.

    Бундан ташқари, 2030 йилга бориб, 25 гигаватт қайта тикланувчи энергия манбалари барпо этилиб, бунинг ҳисобига йилига 64 миллиард киловатт-соат «яшил» энергия олиш ва жами генерацияда «яшил» энергия улушини 50 фоиздан ошириш мақсад қилинган.

    Умуман олганда, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш, экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқариш, метан эмиссиясини қисқартириш каби чоралар мамлакатда «яшил иқтисодиёт»ни ривожлантириш, экологик барқарорлик ҳамда аҳоли саломатлигини таъминлашга, шунингдек, барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга хизмат қилади.

    Искандар ЎРОҚБОЕВ,

    «Тараққиёт стратегияси» маркази бош мутахассиси

    No date selected
    март, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech