Президентимизнинг 2025 йил 28 мартдаги "Республика ҳудудларида микро гидроэлектр станциялари тармоғини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори асосида “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг ўз маблағлари ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикасида 5 та микро ГЭС ишга туширилди.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан Республикамиз ҳудудлари бўйлаб тизимли равишда, тасдиқланган режага биноан микро ГЭСларни қуриш ҳамда фойдаланишга топшириш жараёнлари давом эттирилмоқда.
Эътиборга молик жиҳати, бу борада маҳаллийлаштириш доирасида жамият тасарруфидаги “UzHydroPower” заводида гидроиншоотлар учун зарурий агрегат ҳамда асбоб-ускуналар ишлаб чиқарилмоқда.
Хусусан, Нукус туманида қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш мақсадида 2 та микро ГЭС қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Тумандаги “Ақтерек” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган Бўзатов канали оқимидан фойдаланган ҳолда қуввати 15 кВт бўлган микро ГЭС барпо қилинди. Ушбу микро ГЭС маҳалла аҳолиси эҳтиёжи учун йилига 85 минг кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқаришга мўлжалланган.
Яна икки микро ГЭС – “Кердер” овул фуқаролар йиғинига қарашли "Қизил уй" овулидаги Тўрткўл каналининг сув ресурслари негизида (умумий қуввати 30 кВт.соат) ишга туширилди. Бунда умумий ўртача йиллик электр энергия ишлаб чиқариш ҳажми 175 минг кВт.соатга тенг.
Ўзига хос ишга тушириш тадбирларида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бош бошқармаси бошлиғи А.Зокиров, масъул-раҳбарлар ҳамда мутахассислар иштирок этди.
Шу билан бирга, Хўжайли тумани “Саманкўл” овул фуқаролар йиғинидан оқиб ўтувчи Суенли канали сув ташлаш иншооти бўйида қурилган 2 та микро ГЭС ҳар бирининг қуввати 50 кВт.га тенг бўлиб, лойиҳага кўра, йилига ўртача 580 минг кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқаради.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу йўналишдаги кенг кўламли ишлар маҳаллий тадбиркорлар учун намунавий андоза шаклида бажарилмоқда. Соҳага қизиқиш билдирган тадбиркорлар давлат-хусусий шериклиги асосида ўрнатилган тартибда янги микро ГЭСлар қурилишига ўз ҳиссаларини қўшиши мумкин.
Эндиликда Нукус туманида 3 та, Хўжайли туманида 2 та микро ГЭС маҳаллий аҳоли учун электр энергия ишлаб чиқара бошлайди.
Айтиш жоизки, ушбу микро ГЭСлар маҳаллаларга бириктириб берилди ҳамда ишлаб чиқарилган электр энергиясидан тушган маблағ маҳаллаларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун йўналтирилиши белгиланди.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ ахборот хизмати
(Реклама ҳуқуқи асосида)








