Бу ташаббус экологик муаммоларга эътиборни кучайтириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича инновацион ёндашувларни илгари суриш ва аҳоли онгида экологик маданиятни шакллантиришга қаратилган.
Жумладан, жорий йилнинг 7 февралида давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида” ги фармони қабул қилинди.
Мазкур ҳужжатда Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида мамлакат ривожланишининг устувор ёндашувлари этиб бир қатор вазифалар белгиланди.
Давлат дастурига кўра, аҳолини атроф-муҳит муҳофазасига фаол жалб этиш, экологик қонунчиликни мустаҳкамлаш ва ёш авлодга экологик тарбия бериш бўйича кенг қамровли тадбирлар режалаштирилган. Экологик хавфсизлик нафақат бизнинг соғлиғимиз, балки келажагимиз учун ҳам ниҳоятда муҳимдир. Шу боис, фуқароларни атроф-муҳитни муҳофаза қилишга фаол жалб этиш, уларнинг онгини шакллантириш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан биридир.
Бу жараёнда албатта олий таълим соҳасида фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчилар ҳам муҳим роль ўйнайди. Улар талабаларга билим бериш билан чекланибгина қолмасдан, балки ёшларни экологик соҳадаги онгини шакллантиришда етакчилик қилишади. Шунингдек, фармонда белгиланганидек, маҳаллаларнинг экологик қиёфасини яхшилаш, кўчаларда яшиллик даражасини ошириш, экологик жиҳатдан қулай ва фаровон яшаш муҳитини шакллантириш, аҳолининг саломатлигини яхшилаш, экологик турмуш тарзини шакллантириш ва инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитларни яратиш каби вазифаларни тарғиб қилиш мақсадида чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Шу билан бирга табиий ресурсларни тежаш ва улардан оқилона фойдаланиш, экологик барқарорликни таъминлаш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш, кўпайтириш ва кейинги авлодга етказиш ҳамда биологик хилма-хилликни сақлашда янада масъулиятли бўлишга ундаб, ёшларни фаол бўлишга чақирилмоқда.
Хусусан, Шаҳрисабз давлат педагогика институтида ҳам профессор-ўқитувчилар ва талабалар онгида экологик маданиятни шакллантириш, ҳудуд экологик ҳолатини яхшилаш борасида муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Олийгоҳимиз ҳудудда “Яшил макон“ умуммиллий лойиҳаси доирасида мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилиб атроф яшилликка бурканишига замин яратилмоқда.
Шунингдек, институтдаги ўқув жараёнларида фан дастурлари кесимида ёшлар онгида экологик маданиятни шакллантириш ва яшил иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган мавзулар киритилиб, ёшларни экологик билимларини ошириш, институт ҳудудида яшил зоналар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бир сўз билан айтганда, давлат дастурини ижросини таъминлашда барчамиз бирдек ҳаракатда бўлсак, юртимиз янада яшилликка бурканади. “Яшил иқтисодиёт” барқарорлиги таъминланади.
Шерзод НЕЪМАТОВ,
физика-математика фанлари доктори, профессор
Ҳамкорлик материали









