Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон Республикалари ўртасида “Яшил йўлак” лойиҳаси доирасида таъсис шартномаси имзоланди, деб хабар бермоқда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.
Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон Республикалари ўртасида «яшил» энергия ишлаб чиқариш ва узатиш соҳасидаги ҳамкорлик алоқалари кенгайтирилмоқда.
2024 йилнинг 27 декабрь куни Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон Давлат раҳбарлари томонидан 2024 йил 13 ноябрь куни имзоланган Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон Республикалари ўртасида «яшил» энергия ишлаб чиқариш ва узатиш» лойиҳаси бўйича битимни амалга ошириш мақсадида мамлакатларнинг тизим операторлари (Ўзбекистон Республикасидан — «Ўзбекистон миллий тармоқлари» АЖ, Қозоғистон Республикасидан — «KEGOC» АЖ, Озарбайжон Республикасидан — «Azerenerji» ОАЖ) томонидан таъсис шартномаси имзоланди.
«Яшил йўлак» деб ҳам аталадиган ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши Европа Иттифоқининг «Яшил битим» каби янги ташаббусларини ҳисобга олган ҳолда савдо имкониятларини оширади.
Ушбу лойиҳа энергетика тизимларимиз барқарорлигини мустаҳкамлашга ёрдам беради, шунингдек, «яшил» инвестициялар орқали иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш бўйича экологик мақсадларимизга катта ҳисса қўшади.
Маълумот учун: томонлар Озарбайжоннинг Боку шаҳрида лойиҳани амалга ошириш бўйича қўшма корхона ташкил этиш таклифини қабул қилдилар. Хусусан, «CESI» компанияси лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини тайёрлаш учун консалтинг компанияси сифатида иштирок этади.