Айни жараёнда шаклланадиган «яшил» шаҳар, «яшил» транспорт, «яшил» ўсиш, «яшил» ҳудуд, «яшил» кимё, «яшил» технология тушунчалари «яшил» иқтисодиётни шакллантирувчи муҳим йўналишлар ҳисобланади.
Шу маънода, бутун дунёда бўлганидек, мамлакатимизда ҳам экологик муаммоларга муносиб ечим топишда «яшил» иқтисодиётга ўтиш энг долзарб вазифалар сирасига киради.
Келинг, бу борада жаҳон тажрибасига назар ташлаб кўрамиз.
Биргина мисол, Хитой давлати сайёрамизда ишлаб чиқариши юқори даражада ривожланган мамлакат бўлиб, чиқиндиси ҳам катта ҳажмни ташкил қилади. Эътиборлиси, бу давлат ўзиникини қайта ишлаш билан бирга, хориждан ҳам чиқинди сотиб олиб, қайта ишлайди ва даромад олади. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги маълумотлари бўйича мамлакат ҳар йили 50 миллион тонна электрон ва хўжалик чиқиндиларини импорт қилади. Пекин шаҳрида 200 мингдан ортиқ киши чиқинди йиғади. Метро бекатлари, супермаркет дўконларида маълум бир ҳақ эвазига ҳар хил чиқинди идишларни қабул қилиш шохобчалари мавжуд. Мамлакат пойтахтида чиқиндида ишлайдиган иссиқлик электростанцияси фаолият кўрсатади.
Электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича Хитой жаҳонда етакчи ўринни эгаллайди, айниқса, «яшил» энергия бўйича улкан салоҳиятга эга. Умумий электро мувозанатда «яшил» энергия гидроэлектростанциялари билан биргаликда 20−22 фоизни ташкил этади. Шамол энергияси бўйича Хитой 2015−2017 йиллардаёқ дунёда биринчи ўринни эгаллаган эди. Хитойда юзлаб йирик гидроэлектростанциялар ва 45 мингдан ортиқ кичик ГEС мавжуд ва мамлакатда 2030 йилга бориб экологик тоза энергия миқдорини 50 фоизга етказиш режалаштирилган.
АҚШ саноати эса ривожланган ва иссиқлик энергетика ресурсларига бой мамлакат бўлиб, унинг 15 штатида кўмир қазиб олинади, 26 та штатида машиналар ишлаб чиқарилади, электроника соҳаси ривожланган. Дунё миқёсида самолётларнинг 55−60 фоизи шу мамлакатда ишлаб чиқарилади. Океан орти мамлакатида бир йилда 3 триллион кВт/с электр энергия ишлаб чиқарилади ва унинг 80 фоизи хусусий электростанцияларга тўғри келади. Электроэнергиянинг 60 фоизи ИЭС, 20 фоизи АЭС ва 20 фоизи гидро электростанциялар ҳамда қайта тикланадиган энергия манбалари ҳисобига тўғри келади.
Бу мамлакатда қуёш энергияси асосида электроэнергия ишлаб чиқаришни 2030 йилда 15 фоиз, 2050 йилга бориб 27 фоизга етказиш режалаштирилган. АҚШда энергоресурс сифатида биоёқилғилар кенг қўлланилади. Бунинг учун маккажўхоридан кенг фойдаланилади. Транспорт ёқилғиси сифатида 30 фоизгача маккажўхоридан олинган биоёқилғидан фойдаланилади. Ўз навбатида, қўшма штатларда чиқиндиларни қайта ишлайдиган технологиялар ишлаб чиқарилади ва экспорт қилинади.
Россияда ҳам энергоресурсларга бўлган талаб йилдан йилга ортиб бораётгани сабабли «Россиянинг 2035 йилгача бўлган энергетика стратегияси» қабул қилинди. Ваҳоланки, сайёрамизнинг 22 фоиз ўрмони ҳамда ичимлик суви захирасининг 20 фоизи шу мамлакатда жойлашган. Ҳудудининг кенглиги қуёш энергиясидан кенг фойдаланишга имконият яратади. Мамлакат миқёсида гидроэлектростанциялардан ишлаб чиқарилаётган электроэнергия салмоқли миқдорга эга бўлиб, у умумий ҳажмнинг 20 фоизини ташкил қилади.
Бу юртда ҳам чиқиндилар энг долзарб муаммо ва йилига йиғиладиган 70−75 миллион тонна чиқиндининг атиги 20−25 фоизи қайта ишланади.
Юртимиз ҳам — табиий ресурсларга бой, муқобил табиат манбаларига эга мамлакат саналади. Шундай шароитда «яшил» иқтисодиётни жадал ривожлантириш учун барча қулайликлар яратилган.
Биргина Фарғона вилоятида ҳам қайта тикланувчи манбалардан фойдаланиш, шаҳар ва олис, энг чекка ҳудудларида ҳам қуёш панелларидан фойдаланиш, шу орқали электр энергияни тежаш, сув ресурсларини асрашга эътибор қаратиб келинмоқда. Вилоятнинг Фарғона ва Қўқон Марғилон, Қувасой шаҳарлари, Фарғона, Олтиариқ, Риштон туманларининг кўплаб ҳудудларида аҳоли ва ташкилот идораларида электр энергиядан фойдаланишда қуёш панелларини ўрнатиш, ҳам оила ҳам мамлакат иқтисодиётини яхшиланишига хизмат қилмоқда. Бу жараёнда айниқса, Ўзбекистон Экологик партияси Фарғона вилоят кенгаши томонидан аҳоли ўртасида қуёш панелларидан, қайта тикланувчи манбалардан фойдаланиш бўйича аҳоли ўртасида тушунтириш тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
— Бу борадаги вазифалар партиямизнинг дастурий мақсад ва вазифаларида ҳам ўрин олган бўлиб, ушбу йўналишдаги ишлар босқичма-босқич бажариб келмоқда, — дейди Экологик партия Фарғона вилоят Кенгаши раис ўринбосари Шохрухбек Каричаев.
— Хусусан, қуёш панеллари, қайта тикланувчи манбаларнинг аҳамиятини ўз тарғибот тадбирларимиз давомида аҳолига тушунтириб бормоқдамиз. Қуёш панелларини ўрнатмоқчи бўлиб мурожаат била чиққан фуқароларга эса маҳаллий кенгашларимиз депутатлари, тегишли мутасадди корхона ва ташкилотлар билан боғланиб. Ҳамкорлик асосида қуёш панелларини ўрнатишда амалий ёрдам беришга ҳаракат қилиб келмоқдамиз. Бугун халқимизнинг ўзи қайта тикланувчи манбаларнинг аҳамиятини тўғри тушуниб, ундан фойдаланаётгани бизни ғоят қувонтирмоқда.
Ҳаёт ўтиб борар экан, унда яшаётган инсон ўзи учун қулай шароитни яратишга ва унга мослашишга ҳаракат қилади. Дунёда иқлим ўзгаришлари кузатилаётган,бунинг оқибатида жиддий экологик муаммолар содир бўлаётган муҳим даврдан яшил иқтисодиётга ўтиш, унинг қоидаларига амал қилиш муҳим ва долзарб вазифа саналади.
Мухтасар айтганда, юксак тараққиёт ва фаровон ҳаётга эришиш, иқтисодиёт тармоқларини замонавий мезонлар асосида ривожлантириш, экологик муаммоларни ижобий ҳал қилиш нафақат давлатимиз, ушбу соҳа масъуллари, балки бутун халқимиз билан биргаликда амалга ошириладиган муҳим вазифа. Демак, бу борада илгари сурилаётган эзгу ташаббус ва мақсадлар сизу бизга, барчамизга тааллуқлидир.
Фотима Мансурова,
Ўзбекистон Экологик партияси Фарғона вилоят кенгаши матбуот котиби.