"Яшил иқтисодиёт"га ўтиш концепцияда қандай мақсадлар кўзланган?

    Бугунги кунга қадар Ўзбекистон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ўн битта халқаро конвенция, битим ва улар доирасидаги еттита кўп томонлама халқаро шартномага қўшилди.

    Мамлакатимизнинг янги ривожланиш босқичида барча соҳалар каби атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик муаммоларнинг инсон саломатлигига салбий таъсирининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар барқарор ривожланиш кафолати бўлмоқда. Албатта, бу ислоҳотларнинг ҳуқуқий асослари Конституциямизда белгилаб берилган.

    Хусусан, Конституциянинг 50-моддасида “Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар”, деб кўрсатилган. Бу эса фуқароларнинг ер, сув, ўрмон, ер ости бойликлари, ҳайвонот, ўсимликлар дунёси ва бошқа табиий захиралардан оқилона фойдаланишни, уларни тиклаш ва муҳофаза қилишни ҳамда ушбу мажбуриятни ўз вақтида бажаришни тақозо этади. Ушбу ҳолат экологик соҳага оид барча қонунларда ҳам аниқ тарзда ўз ифодасини топгани конституциявий талаб­ларни яна­да мустаҳкамлайди.

    Шунингдек, Асосий қонунимизнинг 54-, 55- ва 100-моддаларида ҳам юридик ва жисмоний шахсларга атроф-муҳит муҳофазаси ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш вазифаси юклатилган. Ушбу конституциявий меъёрлар асосида экология, атроф-муҳит, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича ўттиздан зиёд қонун ва уч юзга яқин қонуности ҳужжат қабул қилинди.

    Жорий йил давлат дастурида ҳам экологик ва ижтимоий ривожланиш соҳасида залворли вазифалар белгиланган. Хусусан, мажмуавий, тўғридан-тўғри амал қиладиган Экология кодекси, “Экологик аудит тўғрисида”ги, “Сув таъминоти ва оқова хизматлар тўғрисида”ги қонун лойиҳалари, Ичимлик сув таъминоти ва канализация тизимини ривожлантириш концепцияси каби ҳужжатларни ишлаб чиқиш назарда тутилган.

    Албатта, ҳозирги глобаллашув жараёнида саноатнинг кес­кин тараққий этиши экология соҳасини қонунлаштириш, амалдаги айрим экологик қонунларни такомиллаштириш мақсадида уларни кодекслаштириш муҳим аҳамиятга эга. Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳукумат саноат ривожини экологияга таъсирининг олдини олиш бўйича 2025 йилгача мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқишини, шунингдек, нуфузли халқаро экспертларни жалб этган ҳолда Экология кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиши лозимлигини қайд этган эди. Шу асосда Экология кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди ва бугунги кунда кенг жамоатчилик иштирокида муҳокамалардан ўтказилмоқда.

    Мазкур лойиҳада экологияга оид қонунчилик базасини тизимлаштириш ҳамда уни кодификациялаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ваколатли давлат органининг фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишда фуқаролар ва жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари, экологик назорат ва мониторинг турлари, экологик экспертизани ўтказиш тартиби, табиий ресурслардан фойдаланишга қўйиладиган талаблар ўз ифодасини топган.

    Бугунги кунга қадар Ўзбекистон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ўн битта халқаро конвенция, битим ва улар доирасидаги еттита кўп томонлама халқаро шартномага қўшилди. Жумладан, Париж битимини ратификация қилган томон сифатида 2030 йилга келиб иссиқхона газлари солиштирма ташланмаларини 2010 йилдаги даражага нисбатан 10 фоиз қисқартириш бўйича мажбурият олган. Шундан келиб чиқиб, давлат дастурининг тегишли бандига мувофиқ, Ўзбекистоннинг Париж битимига қўшилиши муносабати билан “яшил иқтисодиёт”га ўтиш бўйича давлат стратегияси ишлаб чиқилди. Мамлакатимизда бу йўналишда экологик соф, ресурстежамкор технологияларни жорий этиш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, сўнгги йилларда Оролбўйи ҳудудида бир нечта лойиҳа бажарилди. Бунинг натижасида Орол денгизининг қуриб қолган ҳудудида саксовул ва чўлга чидамли бош­қа ўсимликлар экилди. Мўйноқ шаҳри инфратузилмаси кескин яхшиланди.

    Ўзбекистонда 2019-2030 йилларда “яшил иқтисодиёт”га ўтиш концепцияси қатор вазифаларни ўз ичига олади. Жумладан, энергия самарадорлиги кўрсаткичини икки карра ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини янада ривожлантириш, уларнинг улушини электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг йигирма беш фоизидан кўпроғига етказиш, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини замонавий, арзон ва ишончли энергия билан таъминлаш кўзда тутилган.

    Бундан ташқари, саноат корхоналари инфратузилмасини модернизациялаш, энергия самарадорлигини 20 фоиздан кам бўлмаган миқдорга ошириш ҳамда соф ва экологик хавфсиз технологиялар ва саноат жараёнларидан янада кенг фойдаланиш ҳисобига уларнинг барқарорлигини таъминлаш мўлжалланган. Қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш ва ривожлантириш назарда тутилган бўлиб, умумий энергия ишлаб чиқариш салмоғида ушбу экологик тоза энергия улушини 12 фоизга етказиш белгиланган.

    Шунингдек, “ақлли” қишлоқ хўжалиги тамойилларини жорий этиш, иқтисодиётнинг барча тармоқларида сувдан фойдаланиш самарадорлигини сезиларли даражада ошириш, 1 миллион гектаргача майдонда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш ва уларда етиштириладиган экинлар ҳосилдорлигини 20-40 фоизгача кўпайтириш кўзда тутилган. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ерларнинг таназзулга учраши бўйича нейтрал балансга ҳамда асосий турдаги қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг ўртача ҳосилдорлигини 20-25 фоизгача оширишга эришиш мўлжалланган.

    Бугунги кунда сув ва сувдан фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини кодификациялаш­тириш мақсадида Сув кодексини ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда. Чиқиндиларни бошқаришнинг замонавий техноло­гияларини жорий этишнинг ҳуқуқий асосларини таъминлаб берувчи “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири тайёрланмоқда. Ушбу ҳужжатда қайд этилган қишлоқ ва сув хўжалиги, қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш, “яшил” технологияларни жорий этишнинг институционал асосларини ривожлантириш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларини таълим ва фанга интеграция қилиш муҳим вазифалардан биридир.

    Бу йўлдаги саъй-ҳаракатлар энергия самарадорлигини ошириш борасидаги бошқарувни яхшилашга, табиий ресурсларни сақлаш ва улардан оқилона фойдаланишга, шу орқали аҳоли фаровонлиги ва иқтисодиёт барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

    Бундан кўриниб турибдики, Ўзбекистон Конституциясида ҳамда унинг конституциявий нормалари асосида қабул қилинган қонунларда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ кўплаб масалалар ўз ифодасини топган. Умуман олганда, экологик норматив-меъёрий ҳужжатлар мамлакатимизда инсоннинг яшаш учун қулай атроф табиий муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини кафолатлайди. Шу боис, Конституциямизда бу борада белгиланган тамойилларни халқимиз, айниқса, ёшларимиз орасида кенг тарғиб қилиш экология соҳасидаги конституциявий талабларни мустаҳкамлаш ва экологик хавфсизликни таъминлашга замин бўлади.

    Ислом ХУШВАҚТОВ,

    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates