“Яшил макон” лойиҳаси – янги давр тақозоси

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юртимизда 2022 йил 1 мартдан “Яшил макон” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Яшил макон барча учун тушунарли, номи равон, мазмуни чуқур, моҳияти улуғ ибора. Яшил макон эса яшаётган манзилимиз, маҳалламиз, шаҳримизни кўркамлаштириш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.

    Яшил макон – соғлом ҳаво, мусаффо оби ҳаёт ва кўркам табиий манзара уйғунлигидир. Бу лойиҳа замирида замонавий иморат ва корхоналар, автомобил ва турли русумдаги машиналар, логистика ва техника воситалари қуршовида қолган маконга асл табиатни туҳфа этиш, кўчат экиш ва боғ яратиш ётади.

    Яшил макон – инсон руҳияти доим излайдиган, топса қалби ором топадиган, бағрида вужуди олам-олам завққа тўладиган беназир неъмат, мислсиз сарват.

    Одамзот яралибдики, вужуди табиатнинг гўзал маъволарини излайди. Ям-яшил ўрмонлар, кўм-кўк дарахтзорлар, майсаларни қамраган қиру адирлар, ўсимликлари яшнаган далалар шоирлар, адиблар, олимлар, фозиллар ижодининг илҳом манбаидир. Атоқли шоиримиз Ҳамид Олимжон уни қамраб олган яшил табиатдан завқланиб: Кўм-кўм, кўм-кўк, кўм-кўк, дея ҳайқиргани бежиз эмас. Ўзининг энг машҳур шеърини деразасининг олдида бир туп ўрик гуллаганида битгани остида рамзлар яширин. Яшил табиат инсон қалбига жўшқинлик бағишлайди. Тиббиёт мутахассисларининг фикрича, яшил табиатга боқиш инсон кўзини равшанлаштиради.

    Ривоят қилишларича, отамиз Одам алайҳис-саломнинг ер юзига тушишлари Ҳиндистон заминига тўғри келди. У кишининг тавбаю истиғфор билан тўккан кўз ёшларидан чечаклар унди, замин гулларга тўлди(!). Бу қисқа ривоят чуқур мазмунга эга. Инсон маънавий камолотга интилгани сайин атрофи гулу гулзорга, манзили кўкаламзорга, макони ям-яшил бўстонга айланар экан. Одам фарзандлари оталари йўлидан бориб, бахт-саодат манзили ихлос билан изласалар уларнинг бу ҳаракатларига яраша замин ҳам гўзаллашиб, кўркамлашиб борар экан.

    Қуръон каримнинг “Аъроф” сураси 55-оятида “Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз!”, дея таъкидланади. Шундай экан бизга ота-боболаримиздан мерос заминнинг табиатини асрашимиз, уни обод ҳолда ўзимиздан кейинги авлодларга қолдиришимиз зарур. Президентимизнинг Шавкат Мирзиёев “Авлодларимиз биздан кейин ҳам муносиб табиий муҳитда яшаши керак”, деган сўзлари ҳар биримиз учун дастуруламал бўлмоғи керак.

    Давлатимиз раҳбарининг: “Бирни кессанг, ўнни эк” деган доно мақол ҳам бежиз айтилмаган. Дарахт эккан одамга унинг савоби тегиб туради, дейилган. Оилада фарзанд дунёга келса, унга атаб ниҳол экилган” деган пурмаъно сўзлари замирида ҳам аждод-авлод муносабатида узвийлик дарахт экиш орқали амалга оширилганини англатади.

    Ўзбек халқининг турли муносабатлар билан кўчат экиш анъанасини тиклаш ва ривожлантириш, хусусан, фарзанд туғилганда шодиёнаси учун қилинадиган харажатларнинг бир қисмини ўзи яшаган жойда дарахт экишга сарфлаш муҳим аҳамиятга эга.

    Ота фарзандининг нафақат маънавий ва моддий камоли ҳақида қайғуриши, балки авлодларининг мусаффо ҳаводан нафас олишлари учун ҳам мулоҳаза қилиши зарур. Инсон фарзанди кунига ўртача 3 маротаба таомланади, 3-5 литр атрофида сув ичади. Биз таомланиш меъёри, ичаётган ичимлик сувимиз тозалиги ҳақида кўп ва хўп мулоҳаза қиламиз. Бугунги кунда таомланиш борасида “Тўғри овқатланиш”, диетага рияо қилиш халқимиз орасида урфга кириб бормоқда. Сувнинг мусаффолигини сақлаш йўлида турли ташкилотлар ўз хизматларини таклиф қилмоқда.

    Аммо ҳаво тозалигичи? Унга биз қанчалик эътибор беряпмиз? Таомга бир кунда 3-4 марта, сувга 5-10 марта ишимиз тушса, ҳаводан бир кунда 23000-24000 марта нафас оламиз. Ушбу математик таҳлилнинг ўзи аввало ҳаво софлигини сақлаш нечоғлиқ муҳимлигини кўрсатиб беради.

    Яшил макон лойиҳаси айнан нафас биз нафас олаётган ҳаво мусаффолигини таъминлашда долзарб саналади. Бу лойиҳада фаол иштирок этиш орқали нафақат табиатни, балки ўз саломатлигимизни, қолаверса, келгуси авлодлар соғлигини сақлашга ҳисса қўшган бўламиз. Бежизга ўрмонларни Ер сайёрасининг ўпкасига ўхшатмайдилар. Ўрмонлар сабаб атмосферадаги кислород миқдори меъёрда бўлади, зарарли ва заҳарли моддалар барҳам топади.

    Яшил макон лойиҳаси боғу роғларни барпо қилишда муҳимдир. Ҳар бир экилган кўчат атрофида ўзига хос микрофлора, табиатнинг кичик дунёси шаклланади. Қушлар ва бошқа турли жонзотлар ҳам ўстирилган дарахт бағрида ҳаёт кечирадилар. Анас (р.а.) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилади: “Қайси бир мусулмон бирор кўчат ёки экин экса, ундан қуш, инсон ёки ҳайвон еса, у учун бундан садақа ҳосил бўлади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари). Ҳадисдаги “мусулмон” сўзи эркакни ҳам, аёлни ҳам баробар қамраб олади. Яъни эркак кишими ёки аёлми, бирор кўчат ёки экин экса, ундан инсон ёки бошқа жонзотлар ҳам фойдаланса, унга савоби етади.

    Яшаётган маконни яшилликка буркаш, боғу бўстонлар, гулзору гулистонлар барпо қилиш инсон ҳаётини боқийликка дахлдор қилади. Ислом таълимотида “Савоби дарёдек оқиб турувчи яхшилик” тушунчаси бор. Бу яхшилик мазмунида ўзидан сўнг илм, солиҳ фарзанд ва омма фойдаланадиган иншоотлар: масжидлар, кўприклар, боғу роғлар қолдириш ифодаланган.

    Дарахт экиш илм аҳлининг ва солиҳ фарзандининг соғлом ҳаёт кечиришида, қолаверса, турли иншоотлар барпо этилишида ўзига хос аҳамиятга эга. Халқимиз: “Яхшидан боғ қолади”, дея бежиз таъкидламаган. Мусаффо ислом таълимотини келгуси авлодларга етказишда улкан хизматларни амалга оширган саҳоба ва тобеъинлар, диёримизда яшаб ўтган улуғ алломалар кўчат экиб, боғ яратиш ишига алоҳида эътибор қаратганлар. Саҳоба Хузайма ибн Собитнинг бўш ерлари бор эди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у кишининг ёнларига келиб: Эй, Хузайма! Мана бу ерингизга кўчат экиб қўйинг дедилар. Шунда, Отам: Мен кексайиб қолдим, умрим ҳам оз қолди дедилар. Шунда, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Йўқ, ундай қилманг, бўш турган бу ерингизга, албатта, кўчат экинг деб, ўзлари бирга ўша ерга кўчат экдилар”. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бўш турган ерни кўриб, кўчат экишга буюрибгина қолмай балки ўзлари ҳам кўчат экишда иштирок этганлар.

    Ислом оламининг қарийб ярми эътиқод қиладиган мотуридия таълимоти асосчиси Имом Мотуридий (870-945)нинг узумзорда меҳнат қилгани тарихий манбаларда ўз ифодасини топган. Ҳанафий мазҳаби асосчиси Имом Аъзамнинг, шунингдек, Имом Бухорийнинг ҳадис илми борасидаги устозларидан бири Абдуллоҳ ибн Муборак ал-Марвазийнинг боболари боғдорчилик билан шуғуллангани маълум ва машҳур.

    Тошкент шаҳридаги туман ва маҳаллаларнинг номларидан ҳам қадимдан шаҳар аҳолиси кўчат экиш ва боғ барпо қилишга нақадар эътибор берганини англаш мумкин: Олмазор, Чилонзор туманлари, Мевазор, Узумзор, Тутзор, Токзор, Себзор (себ – форсийда олма), Арчазор, Ёнғоқ маҳаллалари. Тарихий манбаларда шаҳар аҳолиси қишда ҳунармандчилик, баҳор, ёз ва куз ойларида боғдорчилик билан шуғуллангани ўз ифодасини топган.

    Машҳур ривоятга кўра қадимги даврда бир отахон кўчат экаётганларида олдиларидан одил подшоҳ ўтиб қолибди ва сўрабди: “Отахон, кексайиб қолибсиз, бу кўчатнинг мевасини кўриш насиб қиларми экан?”. Отахон: “Аввалгилар эккан дарахтнинг мевасини биз еяпмиз, биз эккан кўчатнинг мевасини авлодлар есин-да”, дея жавоб қилибди. Бу жавобга қойил қолган ҳумдор отахонга минг тилло совға қилибди. Отахон: “Кўрдингизми шоҳим, бошқалар эккан кўчат 2-3 йилда мева берса, биз эккан кўчат дарҳол мева берди”, дебди. Подшоҳ қойил қолиб, яна минг тилло берибди. Отахон: “Кўрдингизми шоҳим, бошқалар эккан кўчат йилда бир марта мева берса, биз эккан кўчат иккита марта мева берди” дебди. Бу гапга қойил қолан подшоҳ яна минг тилло совға берибди-да вазирига қараб: “Тезроқ кетмасак, донишманд отахонга бор пулимиз кетиб қолади” дея, йўлида давом этган экан.

    Боболаримиз заковати, подшоҳларимиз саховати ва халқимизнинг холис меҳнатини ўзида ифода этган мазкур ҳикоя қалбларимиз самимий завқ билан бирга кўчат экиб, боғ яратишдек эзгу ишларга нисбатан мотивация уйғотади.

    Яшил макон лойиҳасига ҳисса қўшиш ватанпарварлик, элпарварлик ва донишманлик намунаси. Юрт равнақи, мамлакат тараққиёти, халқ фаровонлиги, авлодлар саодати йўлидаги эзгу иш. Унда фаол иштирок этиш ўзини оқил ва фозил ҳисоблаган ҳар бир инсоннинг долзарб вазифаси ҳисобланади.

    Саидафзал САИДЖАЛОЛОВ,

    Ўзбекистон халқаро ислом академияси катта ўқитувчиси,

    “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси