Яхшиликка ундаб, эзгуликка чорлаётган масканлар

    Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида Маънавият ва маърифат масканлари фаолиятини йўлга қўйиш вазифалари белгиланиб, Республикамиз бўйлаб Маънавият ва маърифат масканларини қуриш ишлари белгилаб берилган эди.

    Қарорда бу бинолар келажакда ақл марказларига айланиши кераклиги, ушбу муассасаларда ёшларнинг ўз устида ишлаши учун барча шароитлар яратилиши, замонавий жиҳозлар билан жиҳозланиши, электрон ва босма кутубхона, тўгараклар ва бошқа бир қанча қулайликлар бўлиши кўзда тутилган.

    Хўш, ўтган вақт оралиғида юртимиз ҳудудларида бу борада қандай ишлар амалга оширилди? Қарор ижроси қай даражада таъминланди? Ушбу саволларимизга Бухоро вилояти мисолида жавоб олишга ҳаракат қилдик:

    Маънавият ва маърифат йўналиши, Янги Ўзбекистон ҳаётининг биринчи галдаги, энг муҳим ва ажралмас масалалари қаторида, Учинчи Ренессанс йўлидаги ҳал қилувчи аҳамиятга эга қадрият ўлароқ ёндашуви бутун республикамиз қатори, кўҳна ва навқирон Бухоро заминида ҳам қулоч ёзаётган кенг кўламли ишларда воқеланмоқда. Бугунги кунда вилоятимиз ҳудудларида 13 та Маънавият ва маърифат масканлари янги биноларда фаолият олиб бормоқда, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Марҳабо Пардаева. – Вилоятимизда бу борадаги ишлар босқичма-босқич тўлиқ бажарилди. Қарор эълон қилинганидан кўп ўтмай Жондор, Когон, Қоровулбозор ҳамда Олот туманларида Маънавият ва маърифат масканлари барпо этилди. Жорий йилда эса Қоракўл, Вобкент, Бухоро, Ромитан, Пешку, Шофиркон, Ғиждувон туманлари ва Когон шаҳри ана шундай тафаккурни теранлаштирадиган, иқтидорни шакллантирадиган, одамга завқ-шақ ва маданий дам берадиган кўркам ва шинам масканларига эга бўлди. Вобкент ва Ғиждувон туманларида очилган Маънавият ва маърифат масканларида ҳам бугун ҳаёт қайнайди. Ёшлар ижод ва ихтиролар яратиш билан банд. Вобкент туманидаги икки йил ичида қурилиб, замонавий кўринишда жиҳозланган янги бино нафақат ёшларнинг балки туман аҳлининг энг севимли гўшасига айланган. Одамлар маънавиятини юксалтиришга хизмат қилишга шайланган ушбу жой турли йўналишларда чоп этилган, янги 1200 дан зиёд адабиётлар билан ҳам бойитилди.

    Бинонинг босма ва электрон кутубхонаси, турли спорт анжомлари, кино намойишига мўлжалланган зали, анжуманлар хонаси мавжудлиги вобкентликлар учун ажойиб янгилик ва шукуҳли бир маскан бўлди. Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлимлари томонидан 100 та энг сара бадиий китобларнинг совға қилиниши кутубхона фондини бойитиш билан бирга, китобхонларнинг маънавий-маърифий эҳтиёжларини қондиришга хизмат қилмоқда. Бухоро туманидаги Маънавият ва маърифат маскани биносининг топширлганига ҳам ҳали унчалик кўп вақт бўлгани йўқ. Қурилиш ва жиҳозланишига маҳаллий бюджет ҳисобидан 110 миллион сўм маблағ сарфланган. Янги адабиётлар билан бойитилган кутубхона, замонавий компьютер тўпламлари, спорт анжоамлари билан жиҳозланган хоналар, маънавий дам олиш, маданий ҳордиқ чиқариш, миллий ва жаҳон маданияти намуналаридан баҳраманд бўлиш учун қулай. Бу ерда турли тадирлардан ташқари, шахмат, шашка, стол тенниси мусобақалари ҳамда “Заковат” интеллектуал ўйинларининг юқори савияда ўтказилиши учун барча шароитлар муҳайё қилинган.

    Албатта, бундай имкониятлар замирида давлатимиз томонидан олиб бораётган оқилона сиёсат, она Ватанимизнинг янада гуллаб-яшнаши, фуқароларнинг маданий дам олиб, руҳан онги тозариши ва келажак авлоднинг истиқболли эртаси учун қўл урилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар мужасаам.

    Мутасаддиларнинг берган маълумотларига кўра, Шофиркон, Пешкў, Ромитан, Ғиждувон туманларидаги Маънавият ва маърифат масканлари вилоятнинг бўш турган бинолари ҳисобига бир ярим йил давомида жами бир миллиардга яқин маблағ эвазига қайта таъмирлаб ишга туширилган. Энг сўнгги русумдаги жиҳозлар билан таъминланган бу масканларда ёшларнинг онгу тафаккури янада теранлашади ва маънавий озуқа олади.

    Шу йилнинг июль ойида фойдаланишга топширилган бу масканларимизда ўзбек ва дунё сўз санъати дурдоналарини, даврий нашрларни мутолаа қилиш, дўстлар даврасида қўшиқ куйлаш, шеърхонлик қилиш, турли маданий тадбирларда, спорт мусобақаларида қатнашиш ёки шунчаки маънавий ҳордиқ чиқариш мумкин.

    Ҳа, Маънавият ва маърифат масканлари ёшларнинг ўз иқтидорини шакллантириши, билим ўрганиши ва нафақат маданий дам олишларига яратилган бекам шароит, балки уларнинг онгини турли иллатлардан тозалайдиган, ғамгин ўй-фикрларига тоза руҳ бағишлайдиган, бўш вақтларини мазмунли ва мароқли ўтказадиган энг асосийси маънавият сарчашмаси сочилган ва фақат уни териб олиш керак бўлган ёғдули масканлардир.

    Жаннатмонанд она диёримизнинг барча ҳудудларда фаолият иш бошлаган Маънавият ва маърифат масканлари бугун халқимизни яхшиликка ундаб, эзгуликка чорлашга даъват этмоқда. Ёшлар қалбини, фикру-ўйини энг гўзал туйғулар билан бойитиб, қадамларини олий мақсадлар рўёби сари йўллаётир.

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” гезетаси мухбири

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates