Қайд этилишича, Экология вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги мутахассислари томонидан ўқув курслари, амалий ишлар, ускуналарни “дала“ шароитида синовдан ўтказиш жараёнларидан сўнг шаҳарнинг яшил майдонлари ҳақидаги барча маълумотларни ўз ичига олган электрон маълумотлар базаси яратилмоқда.
Мазкур рақамли реестр дарахтларни тизимли ҳисобга олиш, уларни қурилиш ва ер ресурслари билан боғлиқ давлат ахборот тизимларига интеграция қилиш, шунингдек, уларнинг муҳофазасини кучайтириш ва ноқонуний кесиш ҳолатларининг олдини олиш имконини беради.
Жараён давомида сунъий интеллект, ГПС ускуналари, фотофиксация ва яшил майдонларни асбоблар ёрдамида ўлчашни ўз ичига олган замонавий технологиялардан фойдаланилади. Дарахтлар дендрологлар томонидан рақамлаштирилиб, текширувдан ўтказилгандан сўнг реестрда уларнинг аниқ сони, тури, ёши, ҳолати ва бошқа муҳим хусусиятларини билиб олиш мумкин бўлади.
Жорий йил якунига қадар “green.tashkent.uz” платформасида камида бир миллион дарахтни рақамли реестрга киритиш режалаштирилган.