Хусусан, жорий йил 14 январда Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Indorama Corporation директори Пракаш Кежривал билан учрашди. Мулоқот чоғида ҳамкорликни янада чуқурлаштириш масалалари муҳокама этилди.
Маълумот учун: Корхона дунёнинг 22 давлатида 39 та ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, Осиёда ип-калава ишлаб чиқариш бўйича 1-ўринни, полестер, синтетик газламалар ва кимёвий ўғитлар ишлаб чиқариш бўйича жаҳонда етакчи ўринни эгаллайди.
Ўзбекистонда Сингапурнинг Indorama Corporation томонидан ип-калава ва тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналари, суперфосфат ва аммиак ишлаб чиқариш заводлари ташкил этилиб, муваффақиятли фаолият юритяпти.
Сингапур томони Ўзбекистоннинг жадал ривожланиши ва амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини юқори баҳолади. Тизимли ёндашув туфайли Cotton Campaign коалициясининг бойкотини бекор қилиниши ҳамда Ўзбекистонга Европанинг GSP + имтиёзлар тизимининг бенефициари мақомини олиш мумкин бўлгани таъкидланди. Бу эса, ўз навбатида, тайёр тўқимачилик ва кимё маҳсулотлари экспортининг ўсиш динамикасига ижобий таъсир кўрсатди. Шу муносабат билан, компания раҳбариятининг ҳамкорликни давом эттиришга бўлган қизиқиши катта.
Учрашувда тўқимачилик ва кимё саноатида янги лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутувчи стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги Битим имзоланди.
Meinhardt group раиси Шахзод Насим билан музокаралар чоғида давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида қўшма лойиҳаларни, шу жумладан инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш масаласи муҳокама этилди.
Маълумот учун: Meinhardt group Сингапурдаги энг йирик муҳандислик ва инвестициявий корхона ҳисобланиб, бутун дунё бўйлаб 510 та йирик инфратузилма ва саноат объектларини қуриш лойиҳаларида иштирок этган. Ишчилари сони 5 минг кишини ташкил этади.
Сингапур компанияси раҳбариятига биргаликда ишлаб чиқиш учун таклиф этилаётган истиқболли лойиҳаларнинг батафсил тақдимоти ўтказилди. Муҳокама якунида, томонлар қўшма Лойиҳа-инжиниринг марказини ташкил этиш бўйича келишувга эришди. Марказнинг асосий вазифаси шаҳарсозлик ва саноат соҳаларидаги ташаббусларда илғор тажрибаларни жорий этиш. Ҳусусан, «Янги Тошкент» ақлли шаҳрини биринчи босқичи бош режасини ишлаб чиқиш, ҳамда замонавий кимё ва фармацевтика саноат корхоналарини барпо этиш шулар жумласидандир. Марказ учун малакали кадрлар Сингапур корхонаси томонидан тайёрланади, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.