Шоир Чустий мумтоз адабиётимиз билан янги давр адабиёти оралиғидаги кўприкни яратган ва арузнавислик санъати анъаналарини ривожлантирган адиблар сирасига киради. Шунга кўра у Ҳабибий, Собир Абдулла, Чархий каби ғазалнавис ва қўшиқчи шоирлар қаторидан муносиб ўрин эгаллайди.
– Ушбу китобда шоир Чустий ижодига чизгилар, хотиралар, эсселар, бағишловлар жам бўлган, – дейди масъул муҳаррир Маъмура Зоҳидова. – Китобнинг афзаллиги шундаки, жамики маълумотлар ҳиссий кечинмалар, самимий инсоний муносабатлар қуршовида ёритилгани учун осон ўқилади ва киши қалбига мустаҳкам муҳрланади.
Тадбирда адабиётшунос олим Султонмурод Олим, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Рустам Мирвоҳид, Наманган вилояти Ёзувчилар уюшмаси раҳбари Зиёвуддин Мансур Чустий ғазаллари, ижодиёти ва унинг мазмун-моҳияти ҳақида гапирди. Тақдимотда таъкидланганидек, ҳар қандай шоир ижодини тушуниш учун, унинг шахсини, кўнгил руҳиятини англаш керак. Унинг руҳияти сатрлар қаърига яширилган сўз остидаги маъно ва маъно замиридаги моҳиятни илғаш керак бўлади. Ана шу жиҳатни Чустий шеъриятида англаш мумкин.
– Чустий ижодининг ўзига хослиги, у доим халқдан олиб, халққа берар эди, – дейди ўғли Бахтиёр Хўжаев. – Кўрган-кечирганларини ғазал тарзида мухлисларига туҳфа этарди. Юртимизда адабиётга катта эътибор қаратилмоқда. Шу ўринда отамнинг ижодига бўлган эътибор, бугунги китоб тақдимотидан оиламиз бениҳоя хурсанд. Бунинг учун барча ташкилотларчиларга ташаккур, дейман.
Тўплам адабий-бадиий нашр бўлиб, 2020 йилда “MASHHUR-PRESS NASHRIYOTI”да 1000 нусхада чоп этилган. Тақдимотда Чустий ғазаллари ўқилди. Унинг шеърлари, ғазалларига басталанган қўшиқлар ҳофизлар томонидан ижро этилди. Тадбир сўнггида йиғилганларга "Ёд этингиз камтарин Чустийни ҳам" китоби улашилди.
Зулайҳо Аҳмаджонова,
журналист











