Йўлда пичоқланган шахснинг ҳаёти сақлаб қолинди

    Ижтимоий тармоқларда йўлда турган одам пичоқлангани ҳақидаги хабар тарқалди. Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати ҳолат юзасидан дастлабки маълумотларни маълум қилди.

    Жорий йилнинг 21 май куни, 2006 й.т. Марғилон шаҳарда яшовчи фуқаро С.Т. шаҳарнинг Б.Марғилоний кўчасида Янги боғи МФЙ да яшовчи 2000 й.т фуқаро А.А.ни ўткир тиғли жисм билан ўнг орқа ва юз соҳасига уриб, ҳаёт учун хавфли бўлган тан жароҳати етказган.

    Фуқаро А.А. ҳодиса жойидан қочиб кетиши натижасида, С.Т. жиноий ҳаракатларини охирига етказа олмасдан, ҳодиса жойидан номаълум томонга яширинган.

    Шифокорлар томонидан ўз вақтида кўрсатилган тиббий муолажалар натижасида А.А.нинг ҳаёти сақланиб қолинган.

    Ҳозирда шаҳар прокуратураси томонидан ҳолат юзасидан ЖКнинг 25,97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи С.Т. ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.

    Марғилон шаҳар прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.