Шунинг баробарида, ахборотлашув этномиллий омилларнинг сиқиб чиқарилиши билан боғлиқ хавфни ҳам вужудга келтиради. Ёшларда ўз турмуш маданиятини ўрганишга иштиёқнинг сусайтирилиши, “оммавий маданият” таъсирида маънавий-мафкуравий қашшоқлашишга “имконият яратилади”. Бундай ҳолатда ахборотлашувнинг ўзи маданиятга тўғридан-тўғри, бевосита таъсир кўрсатмай, балки янги ахборот технологиялари ва телекоммуникация тармоқлари (йўлдошли телевидение, интернет) орқали таъсир кўрсатади.
Бундай ахборотлашув жараёнлари фойда кетидан қувадиган, асосан моддий манфаат ва эҳтиёжларини қондиришга интиладиган, миллий ҳамда инсоний қиёфасини йўқотган, ўз мақсадлари йўлида ҳар қандай ғояни қўллашга тайёр турган шахсларни вояга етказади. Бу салбий ҳолатлар жамиятга ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Бошқача айтганда, ҳар қандай ижтимоий ҳодисанинг ижобий ва салбий томони бўлгани каби ахборотлашув жараёнининг ҳам турфа жиҳатлари мавжуддир.
Ахборотлашув бутун инсониятнинг нафақат моддий ҳаёт тарзига, унинг маънавияти, руҳий оламига ҳам сезиларли таъсир ўтказмоқда. Ҳар сонияда виртуал маконда бир неча миллиондан зиёд ахборот ресурсларининг пайдо бўлиши – унинг “ҳосили” дақиқа сайин ўсиб бораётганидан далолат беради. Глобал тармоқ афзалликларини инкор этмаган ҳолда, унинг инсоният маданиятига, ёшлар дунёқарашига туғдираётган ҳавф-хатарлари тўғрисида сўз юритиш талаб қилинади. Бундай таъсирга интернет аудиториясининг энг фаол, энг кўп қисми – ҳали тафаккури етилиб, дунёқараши пухта шаклланиб улгурмаган ёшлар дуч келади. Афсуски, дунёнинг аксарият давлатларида ана шундай жиддий муаммони мукаммал ва тизимли ўрганишга етарли эътибор берилмаяпти. Ҳолбуки, Биринчи Президентимиз «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида таъкидлаганидек: «Бугунги кунда инсон маънавиятига қарши йўналтирилган, бир қарашда арзимас туюладиган кичкина хабар ҳам ахборот оламидаги глобаллашув шиддатидан куч олиб, кўзга кўринмайдиган, лекин зарарини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайдиган улкан зиён етказиши мумкин».
Ахборот тармоғининг энг муҳим қисмларидан бири интернет маълумотлари орасида порнографик мазмунга эга ахборотларнинг мавжудлиги ёш авлоднинг хулқ-атворига чексиз зарар етказади. Бу, ўз навбатида, жаҳон афкор оммасини ташвишга солиб, миллат ва элатларнинг ахборот-руҳий хавфсизлигини таъминлаш масаласини кун тартибига олиб чиқмоқда. Ғарбнинг номдор мутахассислари ҳам ахлоқсизликнинг, дидсизликнинг замонавий маданият ҳамда санъат намунаси сифатида тақдим ва талқин этилаётгани Европа миллатларининг асрлар мобайнида шаклланган мумтоз маданиятини бир четда суриб ташлаётгани хусусида ташвишли фикрлар билдиришмоқда. Бинобарин, жамиятнинг маънавий-ахлоқий ҳолати ҳозирги даврда ахборот хуружларидан миллий ҳимояланганлик даражаси билан узвий боғлиқлиги тобора ойдинлашмоқда.
Демак, ёшларимизнинг маънавий-мафкуравий иммунитети шу даражада шаклланган ва қарор топган бўлиши лозимки, улар виртуал маконда умуммиллий манфаатга хизмат қиладиган, унинг тараққиётига ёрдам берадиган ахборотни танлай олсин. Фақат шундагина, глобаллашув жараёнларида ёшларнинг маълумотларга кўр-кўрона эргашиши, уларни нотўғри талқин қилишининг олди олинади. Ахборот истеъмоли маданиятига эга ёшлар, салбий ва нохолис ахборотлар таъсирига тушиб қолмайди, чунки уларда бундай ахборотларга нисбатан мустаҳкам мафкуравий иммунитет шаклланган бўлади.
Дунёда ёшлар камоли ҳақида баҳоли қудрат қайғурмайдиган, уларнинг келажаги учун жон койитмайдиган давлат топилмаса керак. Зеро, ёшлар ҳар бир миллатнинг давомчилари бўлиши баробарида, давлатнинг таянчи, келажагини ҳал қилувчи куч сифатида намоён бўлади. Аммо шундай кучлар ҳам борки, улар ўз қарашларини сингдириш орқали узоқни кўзловчи мақсадига эришиш йўлида ҳар қандай усулни қўллашга тайёр. Айниқса, бундай кучларнинг қўлида инсоният онгини заҳарловчи юксак технологиялар, усуллар қурол воситасини ўтаётгани барчани ташвишга солади.
Ўтган асрнинг ўрталаридан инсоният тараққиётининг муҳим босқичи сифатида қаралган технологияларнинг ривожланиши, хабар алмашинувининг янги кўринишлари вужудга келиши ахборотларнинг тезкор тарқалишига олиб келди. Айнан шу даврдан бошлаб мутахассислар томонидан «ахборот хуружи», «ахборот учун кураш» тушунчалари ишлатила бошланди. Ахборот технологияларининг такомиллашуви туфайли асримиз бошига келиб янги заҳиралар, бойликлар учун кураш умуман янги шаклга кирди. Эндиликда бирон-бир давлатни босиб олиш учун қурол-аслаҳа, катта қўшин талаб қилинмайди. Аксинча, ўша давлат аҳолисининг онгини заҳарлаш, менталитет ва миллий қадриятларига ёт бўлган ғояларни сингдиришнинг ўзи кифоядир.
Айни шу пайтнинг ўзида салкам юзга яқин мамлакат ахборот хуружларини уюштириш билан банд. Афсусланарлиси, бу каби салбий ҳолатлар Марказий Осиё республикалари, хусусан, Ўзбекистонга ҳам қарши қўлланилаётгани сир эмас.
Ҳозирги даврда ёшлар дунёқарашининг шаклланишига телевидениенинг ҳам таъсири кучли. Бу соҳадаги таъсирлар турли телесериаллар ва кабель телевидениелар томонидан узатилаётган турфа дастурларда ўз аксини топади. Айниқса, эфир вақтининг катта қисмини миллий қадриятларимиз, анъаналаримизга мос бўлмаган телесериалларнинг банд этиши ташвишланарлидир. Қолаверса, бошқа миллат афсоналари асосида яратилган, миллий қаҳрамонларини тараннум этувчи телесериалларни мунтазам таржима қилиб эфирга бериш ҳам ёшларимизда ўз тарихимизга, миллий қаҳрамонларимизга бўлган эътиборсизликнинг пайдо бўлишига, миллий ғурур, аждодларимиздан фахрланиш ҳиссининг сўнишига олиб келишини алоҳида таъкидлаш лозим.
Ўрни келганда шуни очиқ тан олиш керакки, бизнинг миллий телевидение сунъий йўлдош орқали узатилаётган телеканаллар билан кучли рақобатга кириша олмаяпти. Миллий телевидениенинг бу соҳадаги фаолиятини жиддий такомиллаштириш зарурияти сезилмоқда. Таассуфки, бизда ахборотларни кам бериб, асосан кўнгилочар характерга эга бўлган ёки маълум бир ҳолатни «муҳокама» қилиш билан боғлиқ кўрсатувлар кўплаб берилади. Ҳолбуки, бизнинг назаримизда, хорижий каналлардан мамлакатимизга кириб келаётган ахборотларга ҳозиржавоб бўлишга қаратилган миллий теле-радионинг кўрсатув ва эшиттиришлари сони ва салмоғини ошириш, улар мазмундорлиги ҳамда оммани жалб этиш салоҳиятини кўтариш талаб этилади.
Ҳар хил ғояларни тарғиб этишда замонавий мобиль телефонларнинг ҳам «ҳиссаси» катта бўляпти. Телефон аппаратларига ёзилган бузуқлик, ёвузлик ёки бирон-бир ташкилотнинг, гуруҳнинг фаолиятини тарғиб этувчи ролик ва клипларнинг кўпайиб кетаётгани ёшларнинг кайфияти, тарбияси, ахлоқи бузилишига олиб келяпти. Бу каби ахборот оқимлари уларга ҳеч қандай маънавий озиқ бермайди, балки онгини ёт ғоялар билан тўлдиради. Бу соҳада ижобий ўзгаришларга эришиш учун миллий оммавий ахборот воситаларимизнинг жамият томонидан баҳоланиш мезонларини ишлаб чиқиш, эълон қилинаётган материалларга нисбатан жамоатчилик фикрлари таъсирини ошириш лозим.
Хулоса қилиб айтганда, биз мамлакатимиз фуқароларини, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодни ахборотлашувнинг ижобий ва салбий жиҳатларидан хабардор этиб боришимиз шарт. Бу эса бизнинг келажак авлод олдидаги ва дунёга бўй чўзаётган Ватанимиз олдидаги масъул бурчимиздир. Зеро Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек: “Тарбия қанча мукаммал бўлса, халқ шунча бахтли яшайди”, дейди донишмандлар. Тарбия мукаммал бўлиши учун эса бу масалада бўшлиқ пайдо бўлишига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди”.
Г.А.Носирходжаева,
Тошкент давлат юридик университети профессори








