Ёз фаслида ўткир ичак касалликлари нега кўпаяди?

    Ҳозир юртимизда айни пишиқчилик мавсуми. Ёзнинг жазирама кунлари бошланди. Бу даврда аҳоли, айниқса болалар ўртасида авж оладиган мавсумий касалликлар бор. Шулардан бири — ўткир диарея. У халқ орасида ичбуруғ ҳам деб аталади. 

    Хўш, ушбу хасталик қандай келиб чиқади? Унинг ўзига хос белгилари нималардан иборат? Қандай хавфли асоратлари мавжуд?

    Санитария-эпидемиология қўмитаси бўлим бошлиғи Дилором Турсунова шу ҳақдаги мулоҳаза ва тавсиялари билан ўртоқлашди.

    — Ёз кунларида очиқда қолган таом ва егуликлар сифати жуда тез бузилади, — дейди мутахассис. — Айниқса, сут ва сут маҳсулотлари қисқа муддатда айниб қолиши мумкин.

    Бундан ташқари, касаллик келиб чиқишига асосан гигиена қоидаларига риоя қилмаслик сабаб бўлади. Масалан, болалар баъзан кўчадан уйга киргач ва овқатланишдан аввал қўлларини совунлаб ювишни унутади.

    Ҳўл мева-сабзавотларни истеъмол қилишдан аввал уларни яхшилаб чайиш ҳам кичкинтойларнинг доимо хаёлига келавермайди. Оқибатда оғиз орқали организмга тушган бактерия ва вируслар ичбуруғ, дизентерия, сальмонеллёз каби ўткир юқумли ичак касалликларни қўзғатади.

    Яъни организмдаги бактерия ва вируслар ичак шиллиқ қаватини яллиғлайди ва улардан ажралган токсинлар қонга сўрилиб, бутун танани заҳарлайди. Оқибатда 2 соатдан 2 кунгача бўлган инкубацион даврда диареянинг илк белгилари намоён бўлади.

    Беморларда ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш, ич кетиши, тана ҳарорати кўтарилиши, қорин оғриши, дам бўлиши каби симптомлар кузатилади.

    Ўткир диарея бемор ҳолати ва организмга тушган микроб ёки вирус хусусиятига қараб енгил, ўртача ёки оғир, баъзан типик бўлмаган шаклда ўтиши мумкин.

    Касалликни даволашда ҳар бир дақиқанинг аҳамияти катта. Яъни беморга қанча эрта ташхис қўйилиб, муолажа қанча тезроқ бошланса, натижа шу қадар самарали бўлади.

    (Давоми бор!)

    Соғлиқни сақлаш вазирлиги
    Матбуот хизмати.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates