Мазкур тўпламдан ўрин олган ҳикоя ва қиссалар муаллифнинг табиат ва инсоннинг бир бутун ҳодиса сифатида кузатишларидан дунёга келган. Бир қарашда жуда оддий воқеаларнинг қоғоздаги аксланмасидек кўринувчи бу мўъжаз ижод намуналарида одамнинг табиати, унинг қудратли ва ожиз қирралари, ҳаётнинг пасту баландликларида инсон табиатининг эврилишлари намоён бўлади.
Ушбу асарларда ўқувчининг ёдида қоладиган жиҳатлардан бири – инсон ўз изтиробларини она табиат билан яхлитликда ҳис қилиши, ўзи унинг бир бўлаги сифатида идрок этишидир.
Ёзувчи ҳам шуни истаган, аслида.
Китобдаги турли йилларда дунё юзини кўрган ҳикоя ва қиссалар ўзининг содда-равон тили, ёқимли тасвирлари билан ҳам эътибор тортади.
Маълумот учун, Абу Бакир Ўрозов 1983 йилда Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида туғилган. ЎзМУнинг журналистика факультетини тамомлаган. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Республика ахбороти таҳририяти аграр бўлимида шарҳловчи сифатида меҳнат фаолиятини бошлаган.
Айни пайтда «Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталарида бош муҳаррир ўринбосари. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.








