ЙПХ ходимларига қаршилик кўрсатган йигитлар 15 суткага қамалди

    Хавфсизлик 2 май 2023 1165

    Улар ходимларга нисбатан турли хил ҳақоратли сўзлар айтиб, жамоат тартибини бузди.

    Ижтимоий тармоқларда бир нечта фуқаролар ички ишлар органлари ходимларига қаршилик кўрсатаётгани акс этган видео тарқалди.

    Маълум қилинишича, 28 апрель куни соат 01:35 ларда Янгиҳаёт туманидаги «Янгиҳаёт» ЙПХ масканида хизмат олиб бораётган ходимлар Жентра автоуловини тўхтатиб, ҳайдовчидан ҳужжатларни тақдим этишни сўраган.

    Шу вақтда автомашинадаги йўловчилар 28 ёшли З.Б., 46 ёшли Х.Ж. ва 23 ёшли Н.Ф. ходимларга нисбатан турли хил ҳақоратли сўзлар айтиб, жамоат тартибини бузган. Шунингдек, ИИО ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан, уларга нисбатан қаршилик кўрсатган.

    Мазкур ҳолат юзасидан Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ томонидан автомашина йўловчилари З.Б., Х.Ж., Н.Ф.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) билан маъмурий баённома расмийлаштирилган ҳамда жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан уларга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.