Хотин-қизларнинг IT ривожига қўшган ҳиссасини эътироф этиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва мотивация бериш, профессионал алоқаларни мустаҳкамлаш тадбирдан кўзда тутилган асосий мақсад эди.
Тадбир давомида 20 дан ортиқ хотин-қизлар IT соҳасидаги муваффақиятлари учун мукофотланди. Уларга ҳомийлар томонидан эсдалик совғалари, статуеткалар ва 6 ойлик Coursera платформасида бепул таълим олиш имконини берувчи ваучерлар топширилди.
— Биз IT соҳасида хотин-қизлар иштирокини кенгайтириш тарафдоримиз, — деди Рақамли технологиялар вазири биринчи ўринбосари Олег Пекос. — Ўзбекистон иқтидорли ёшларга бой ва технологияга интилувчан, ижодкор қизларимиз ҳар доим олдинги сафда. Хотин-қизларнинг технология соҳасидаги имкониятларини ошириш бу миллий ғурур ва келажакка сармоя. Биргаликда ҳар бир қизнинг рақамли дунёда ўз ҳиссасини қўшиши учун инклюзив ва инновацион жамият яратамиз.
— Ахборот технологиялари замонавий дунёда нафақат эркаклар, балки хотин-қизлар учун ҳам улкан имкониятлар эшигини очмоқда. Аёллар IT соҳасида муваффақиятга эришибгина қолмай, инновацион ечимлар орқали глобал муаммоларни ҳал қилишда ҳам катта ҳисса қўшмоқда, — деди тадбирда сўз олган вазир ўринбосари Рустам Каримжонов.
Тадбир доирасида технологияга бағишланган интеллектуал викторина ташкил қилинди. Унда иштирокчилар IT ривожида хотин-қизларнинг ўрни ҳақида билимларини намойиш этди. Ғолиблар махсус совғалар билан тақдирланди.
Ўзбекистон Coursera платформасидан фойдаланувчилар сони бўйича дунёда биринчи ўринда туради. Платформада таълим олаётганларнинг 49 фоизини хотин-қизлардан иборат бўлиб, бу мамлакатда рақамли таълим ва гендер тенглигини ривожлантириш йўлидаги муҳим қадамдир.
“One Million Uzbek Coders”, IT-истеъдод ва “Халқаро IT сертификатлари учун харажатларни қоплаш” дастурлари орқали ёшлар учун глобал таълим имкониятлари яратилмоқда.
Гендер тенглиги ва бошқарув индекси (GEGI)да Ўзбекистон 103-ўриндан 52-ўринга кўтарилди. Бу ютуқда аёлларнинг, айниқса, IT соҳасида фаолият юритаётган хотин-қизларнинг ҳиссаси катта бўлди.
— Мамлакатимизда IT соҳасида ривожланаётган иқтидорли хотин-қизларнинг янги авлодидан фахрланамиз. Уларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишидир. Уларнинг профессионал ривожи ва муваффақияти учун имкониятлар яратишда давом этамиз, — деди Рақамли технологиялар вазири маслаҳатчиси Камола Собирова ўз нутқида.
Тадбир тажриба алмашиш, алоқаларни ривожлантириш, мураббийлик ва таълим ташаббусларини муҳокама қилиш майдонига айланди. Ташкилотчилар ушбу мукофотни ҳар йили ўткизишни режалаштирмоқда.
Тадбир Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Yandex, TBC Bank Uzbekistan, IT Park, Korzinka, ZTE, Click, Qand, IT таълими ассоциацияси, Women in Tech Uzbekistan, Lerna ва IT Ladies ҳамжамиятлари кўмагида ташкил этилди.
IT таълими ассоциацияси билан ҳамкорликда барча етакчи компанияларни IT соҳасида хотин-қизларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш ташаббусларига қўшилишга чақирамиз. Бу ташаббус аёлларнинг технологик имкониятларини ошириш билан бирга, мамлакатимизнинг рақамли тараққиётини янада жадаллаштиришга хизмат қилади.