Юнус Ражабийни хотирлаб!

    Маданият 4 май 2021 1808

    Мумтоз миллий мақомларимизнинг дунё маданияти узра саодатли чўққилар сари юксалишида яқин ўтмишда яшаб, ўзларининг машаққатли меҳнати, илмий-амалий фаолиятлари билан бугунги ҳайратомуз ижодий ютуқларнинг тамал тошини қўйган буюк устозларнинг улкан хизматлари бор.

    Бу ўринда мақом санъатининг намоёндаси, ягона академик Юнус Ражабий бобомиз юксак эътиборга лойиқ. Устознинг мураккаб шарт-шароитларда собитқадамлик билан амалга оширган, моҳиятан маънавий жасоратга тенг илмий-ижодий ва устозлик меҳнатлари алоҳида таҳсинга сазовор. Миллий санъатсевар халқимиз бу каби фидойи устозлар хотирасини ҳамиша эъзозлаб келади. Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтининг ташкил этилганлиги ҳам айни шунинг боисидир, қолаверса, мамлакатимизда мақом санъатини ривожлантириш борасида қўйилган асосий қадамлардан биридир.

    Юнус Ражабийнинг хотирасини янада абадийлаштириш, профессионал ёш мақом ижрочиларини саралаш ва ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 мартдаги 237-сонли қарори ва Маданият вазирининг 2021–йил 31 мартдаги «Юнус Ражабий номидаги «Ёш мақом ижрочилари» Республика кўрик танловини ўтказиш тўғрисида»ги 149-сонли буйруғи имзоланган эди. Шу асосида 29 апрель куни Ю.Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтининг тантанали рамзий очилиш маросимини ўтказиш билан бир қаторда ушбу кўрик танловга ҳам старт берилди. 8 майга қадар давом этадиган ушбу нуфузли танловда Республика миқёсида 20 ёшдан 35 ёшгача бўлган 100 дан ортиқ мумтоз мақом ижрочилари 9 та йўналиш бўйича ғолиблик учун ўзаро беллашадиган бўлдилар.

    Тантанали очилиш маросимида Ю. Ражабий номидаги уй музейи директори Ҳасан Ражабий ва ушбу сулола вакиллари, Ю. Ражабий номидаги мақом ансамбли бадиий раҳбари Абдуҳошим Исмоилов, Ўзбек миллий мақом санъати маркази директори Соибжон Бегматов, шунингдек, ўзбек миллий мусиқа санъатига муносиб ҳисса қўшиб келаётган устозлар ва талаба ёшлар иштирок этишди.

    Шуни таъкидлаш жоизки, ушбу кун тарихга муҳим саналардан бири бўлиб муҳрланиб қолди. Чунки бу тантана ўзгача ҳаяжонларга, қувонч кўз-ёшларига ва илоҳий бир файзга лиммо-лим бўлди десак муболаға бўлмайди.

    «Мазкур даргоҳ ҳали келгусида ўнлаб Юнус Ражабийларни тарбиялашига ишонамиз. Бу борада эса бизга Ражабийлар сулоласи яқиндан ёрдам беришади.Танловда иштирок этаётган ёшларга эса муваффақият тилаймиз» – дейди Маданият вазири,Ю.Ражабий номидаги ЎзММСИ ректори Озодбек Аҳмадович Назарбеков кўтаринки руҳ билан.

    Шундай улуғ даргоҳнинг ташкил этилишида ҳисса қўшган барча устозларимизга, қолаверса, бу хайрли ишда бош бўлган, тарихда буюклар қаторида қолувчи буюклар издоши, олийгоҳимизнинг илк раҳнамоси Озодбек Аҳмадович Назарбековга катта миннатдорчилик билдирамиз.

    Биз - қалбида мақомга муҳаббат қайнаб турган, кўзларида шижоат ёниб турган ёш мақомчилар келажакда Ражабий бобомизнинг асл издоши бўлишга, юқорида вазиримизнинг бизга билдирган ишончини оқлашга чин дилдан ваъда берамиз!

    Феруза Абдукаримова,

    Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий

    мусиқа санъати институти талабаси

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates