Мазкур пост юзасидан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги қуйидагиларни маълум қилади.
Инсулин препарати ижтимоий аҳамиятга эга дори воситаси ҳисобланиб, эндокрин тизими патологияларини даволашда қўлланади.
2022 йил январь-октябрь ойларида республикамиз ҳудудига Германия, Дания, Франция, Ҳиндистон ва Украина давлатларидан 450 мингдан ортиқ қадоқда “Actrapid”, “Insulatard”, “Lantus” каби инсулин дори воситалари импорт қилинган. Дори воситаларини қидирувчи телеграм-бот ва бошқа қидирув платформалар орқали инсулин препаратларини юртимизнинг турли ҳудудридаги дорихоналарда сотувда учратиш мумкин.
Шунингдек, “Дори-Дармон” АК, "Farm Lyuks Invest" МЧЖ, “Meros pharm МЧЖ, “Grand pharm trade” МЧЖ ва “Pharmhealth” ChEK МЧЖ томонидан юртимизга импорт қилинган Дания, Украина, Германия ва Францияда ишлаб чиқарилган 76263 ўрамдаги инсулин препарати Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат маркази” томонидан ўрнатилган тартибда сертификатлаштирилиб, муомалага чиқариш учун рухсат берилган.
Бундан ташқари, юртимизда 6 та давлатнинг 20 турдаги инсулин препаратлари тиббиёт амалиётида қўллаш учун давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, батафсил рўйхат билан бу ерда танишасиз.
Ушбу препаратлар нархига келсак, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-2647-сон қарорининг 1-бандига мувофиқ, четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўлланган ҳолда амалга оширилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4554-сон қарорига мувофиқ, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан маҳаллий ва хорижий дори воситаларига нисбатан референт нарх шакллантириш тизими йўлга қўйилган.
Унга кўра, дори шакли, қадоқдаги сони, дозаси, концентрацияси, ҳажми ва қадоқланишини ҳисобга олган ҳолда дори воситаларининг ҳар бир савдо номи учун қайд этилган чекланган нархлар ва уларга чекланган савдо устамаларини қўллаш йўли билан ҳисобланган улгуржи ва чакана нархларнинг доимий равишда электрон (онлайн) реестри юритилмоқда.
Президентимизнинг “Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, қандли диабет касаллигига чалинган беморларни бепул дори-дармонлар билан таъминлаш бўйича қатор муҳим вазифалар белгиланган бўлиб, эндиликда:
– 25 ёшгача бўлган, қандли диабетнинг биринчи тури билан касалланган беморлар аналогли инсулин ҳамда ўзини-ўзи назорат қилиш воситалари (глюкометр ва махсус тест япроқчалари) билан;
– қандсиз диабет билан касалланган беморлар, соматотроп етишмовчилик билан касалланган болалар ҳаётий зарур махсус дори воситалари (десмопрессин ва ўсиш гормони) билан;
– 25 ёшдан ошган, қандли диабетнинг биринчи тури билан касалланган инсулинга муҳтож, шунингдек, қандли диабетнинг иккинчи тури билан касалланган беморлар одам инсулини билан;
– қандли диабетнинг иккинчи тури билан касалланган ҳамда эҳтиёжманд сифатида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”да бўлган беморлар метформин дори воситаси билан бепул таъминланади;
– беморларга бепул бериладиган дори воситалари ва тиббий жиҳозлар марказлашган тартибда харид қилинади ҳамда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари орқали тақсимланади.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги юртдошларимиздан инсулин препаратлари бўйича ҳавотирга тушмасликни сўрайди. Мазкур дори воситалари юртимиздаги дорихоналарда аҳолининг эҳтиёжига етарли даражадаги ҳажмда мавжудлигини билдириб, журналистлар, блогерлар ва ОАВ вакилларига юртимизда давлат рўйхатидан ўтган ва тиббиёт амалиётида қўллаш учун рухсат берилган дори воситалари, тиббий буюм ва тиббий техника ҳақидаги маълумотлар агентлик расмий веб-сайтида очиқ эканлигини маълум қилади.