Юртга дахлдорлик ҳисси ҳар биримизни фидойиликка, жонкуярликка ундайди

    Фикр 21 декабр 2022 4608

    Она Ватанига муҳаббати ва садоқати чексиз бўлган ҳар бир фуқаро учун мамлакат тақдири ўз тақдириданда устун туради. Юртга дахлдорлик ҳисси ҳар бир ватандошимизни фидойиликка, жонкуярликка ундайди. Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасини кузатиб, барча юртдошларимиз қалбида ана ўша дахлдорлик ва фидойилик ҳисси яна бир карра ортган бўлса, ажаб эмас.

    Айтиш жоизки, ўтган даврда юртбошимиз раҳнамолигида кўплаб кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди, қисқа фурсатда юртимизнинг барча жабҳаларида туб бурилишлар ясалди ва мисли кўрилмаган ишлар қилинди. Бошқача айтганда, Ўзбекистон ўз тараққиётида янги босқичга қадам қўйди.

    «Инсон қадри улуғ бўлган диёр – Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги» дадил қадамлар, буюк ташаббуслар ушбу Мурожаатномада акс эттирилиб, мамлакатимизни янада ривожлантириш, уни тараққий эттириш, жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини ошириш борасида амалга оширилиши лозим бўлган юксак лойиҳалар, барча эзгу саъй-ҳаракатларни инсон қадри ва унинг манфаатлари учун йўналтириш, юртимиз истиқболи, эртамиз эгалари – ёш авлод таълимига бўлган эътиборни янада кучайтириш йўлидаги янги истиқболлар ўз ифодасини топди.

    Президентимиз томонидан 2023 йилга «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб ном берилиши, юртимизда давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг яна бир намунаси бўлди. Бежизга эмас, мамлакатимизда инсон қадр-қимматини улуғлаш, халқ манфаатларини таъминлаш йўлида амалга оширилиши лозим бўлган барча саъй-ҳаракатларга энг устувор вазифа сифатида қаралиб келинади. Мурожаатномада Президентимизнинг «Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат» деган ғояни Конституциямиз ва қонунларимизга ҳам, кундалик ҳаётимизга ҳам чуқур сингдиришимиз керак», деган даъвати халқимиз ҳаётининг янада фаровон ва мазмунли бўлиши учун хизмат қилиши шубҳасиз.

    Ўзбекистоннинг янги тараққиёт стратегиясида бош мезон этиб белгиланган «Инсон қадри учун» деган тамойил ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароитини яратишни назарда тутади. Жумладан, ўтган давр мобайнида ушбу тамойил асосида барча соҳада туб ўзгаришлар қилинди. Юртимизда ҳар бир соҳада рўй бераётган янгиланишлар аввало инсон учун яратилаётган қулайликларнинг ёрқин ифодасидир. Зеро, бугун одамларни рози қилиш келажагимизнинг гўзал, бетакрор, улкан салоҳият ва қудрат касб этишини таъминлайди. Бу инкор қилиб бўлмас ҳақиқат. Бахтли одамларгина дунёни янгилашга, ўзгартиришга қодир.

    Парламентга йўлланган Мурожаатномада Давлатимиз раҳбари кейинги йили қўшимча 140 та оилавий шифокор пункти ва поликлиникалар, 520 та олис ва чекка маҳаллада ихчам тиббиёт пунктлари ташкил этилишини маълум қилди. Шу билан бирга, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича уч йиллик катта дастур амалга оширилиши кўзда тутилаётгани айниқса қувонарлидир. Бу жамиятимиз гултожи бўлган аёлларимиз, опа-сингилларимиз ҳамда эртамиз эгалари бўлган фарзандларимизнинг саломатлигини мустаҳкамлаш йўлидаги хайрли ташаббуслардан бири бўлади.

    Ватан тақдири билан чамбарчас боғлиқ масалалар, айниқса, халқимиз манфаатларини таъминлаш, ёшлар тарбияси, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш йўналишларидаги муҳим вазифалар Мурожаатномада аниқ белгилаб берилган бўлиб, бу ҳар биримизнинг фаолиятимизда дастуриламал вазифасини ўтайди.

    Янгича қараш, янги ғоя ва янги режаларгина давлатнинг истиқболига, ватан равнақи ва халқимизнинг фаровонлигига дахлдор ҳаракатларни, амалий натижаларни белгилаб бериши аниқ. Мурожаатномада акс этган янгидан-янги ташаббус ва мақсадлар бизни улкан марраларни забт этишга ундаши шубҳасиз!

    Гулсара Қурбонбоева,

    Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари

    Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates