Юсуфбек келажакда сенсорли тракторлар яратиш устида изланмоқда

    Ушбу тракторлар янгича услубда махсус роботлар орқали бошқарилади. Юсуфбек эса келажакда ценсорли бошқариладиган тракторлар яратиб, амалиётга татбиқ этишни ният қилган.

    Юртимизда иқтидорли ёшлар, ўз олдига катта ва юксак мақсадлар қўйиб билим олаётган минг-минглаб талабалар бор. Халқаро фан олимпиадаларида, билимлар беллашувларида юқори натижаларни қўлга киритиб, Ватанимиз шуҳратига шуҳрат қўшаётган йигит-қизлар билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

    Ўзининг илк муваффақиятлари билан кўпчиликнинг эътиборини қозонган талаба ёшлардан бири Юсуфбек Шермуҳаммедовдир. Айни пайтда у Тошкент давлат транспорт университетининг магистратура босқичида таҳсил олмоқда. Ўз устида тинимсиз ишлашдан толмайдиган изланувчан бу талабанинг илм-фан соҳасидаги дастлабки дадил қадамларини кўп йиллик бой тажрибага эга малакали устозлари қўллаб-қувватламоқдалар. Бу эса Юсуфбекни ўқиб-изланишдан бир зум тўхтамасликка ундайди.

    Ана шу саъй-ҳаракатларнинг натижаси ўлароқ, 2017 йил ёш изланувчи-тадқиқотчи Германия Федератив Республикасида ёш олим сифатида малака ошириб, Ўзбекистонда юксак салоҳиятли, иқтидорли ёшлар бор эканини амалда исботлади.

    2018 йилда Беруний номидаги давлат стипендияси соҳиби бўлган Юсуфбек бугунги кунда ўндан ортиқ илмий ишланмалар, мақолалар муаллифидир. Шунингдек, ёш олим учта илмий иши учун патент олишга муяссар бўлди. Эътиборлиси, у Тошкент трактор заводи билан илмий-амалий ҳамкорликни йўлга қўйган. Айни пайтда мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган замонавий тракторларнинг тузилиши, уларни маҳаллий шароитга мос ва қулай тарзда такомиллаштириш, уларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш устида изланмоқда. Зеро, у етук мутахассислик йўлида назария ва амалиёт уйғунлиги муҳим омил бўлажагини чуқур англаб етган.

    Инсон камолотида албатта оилавий муҳит бирламчи ўрин тутар экан, Юсуфбекнинг оиласи ҳақида ҳам қисқача тўхталиб ўтишни жоиз топдик.

    Иқтидорли талаба зиёли оилада дунёга келди. Отаси — Абдулазиз Шермуҳаммедов техника фанлари доктори, профессор, кўплаб ёш олим ва мутахассисларга устоз сифатида мамлакатимиз илм-фани ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Онаси Саодат Шермуҳаммедова кўп йиллардан буён Тошкент шаҳар ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институтида ўқитувчи. Оиладаги соғлом муҳит Юсуфбекнинг билим пойдеворини пухта қуришига хизмат қилгани аниқ. Зеро у, болалигидан отасининг ишхонасига борар, бу ерда илмий-амалий жараёнларни, тажрибаларни кузатиб, келажакда отаси каби олим бўлиб етишишни орзу қилган. Ва айни шу орзу ва қизиқишлари уни 2015 йилда Тошкент давлат автомобиль йўллари институтига етаклаган эди. Мазкур даргоҳда таълим олиш бахтига эришганида у албатта, ҳар қандай эзгу ниятга тинимсиз меҳнат ва изланиш орқали етиш мумкинлигига гувоҳ бўлди.

    Шунингдек, инсон мураббий ва устозсиз ҳаётда бирор бир улкан натижага эриша олмаслигини ҳам у ман шу даргоҳда тушуниб етди. Юсуфбекнинг устозлари — техника фанлари номзоди Гулсара Аннақулова, PhD йўналишида Анвар Тоғаев илмнинг игна билан қудуқ қазишдек машаққат эканини, бу борада фақат қатъиятли ва шижоатли инсонларгина муваффақиятга эришиши мумкинлигини таъкидлаб, Юсуфбекка ҳам илмий, ҳам ҳаётий сабоқлар бериб келмоқдалар.

    Илмий раҳбари Анвар Тоғаев билан эса кичик қишлоқ хўжалиги техникаларини такомиллаштириш, хусусан, Тошкент қишлоқ хўжалиги заводида янги боғдорчилик тракторининг бугунги давр талабларига мос ҳолда руль механизми параметрларини асослаш устида ҳам иш олиб бормоқда. Айтиш жоизки, ушбу тракторлар янгича услубда махсус роботлар орқали бошқарилади. Юсуфбек эса келажакда сенсорли бошқариладиган тракторлар яратиб, амалиётга татбиқ этишни ният қилган.

    Халқаро талабалар кунида илм сўқмоқларида дадил бораётган Юсуфбек Шермуҳаммедов ҳақида бежиз ҳикоя қилмадик. Зеро, келажагимиз Юсуфбек каби салоҳиятли ва иқтидорли ёшлар қўлида. У каби эртамиз эгаларининг ҳар бир ютуғи Ватаннинг, халқнинг ютуғидир.

    Муҳаммадсодиқ ТЎРАЕВ,

    журналист

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates