Замон билан ҳамқадам бўлиш — ривожланишнинг энг асосий шарти

    Бугунги глобал иқтисодиёт шароитида миснинг аҳамияти кескин ошиб, у стратегик ресурс сифатида олтин билан тенглаштирила бошланди.

    Агар олтин асрлар давомида қийматни сақлаш воситаси бўлиб хизмат қилган бўлса, мис XXI асрда иқтисодий ўсиш, рақамлаштириш ва технологик тараққиётни таъминловчи асосий ресурсга айланди.

    Замонавий иқтисодиёт электр энергияси, маълумотлар узатиш ва автоматлаштиришга таянади. Электр тармоқлари, дата-марказлар, телекоммуникация инфратузилмаси, электромобиллар, қайта тикланувчи энергия манбалари — буларнинг барчасида мис ҳал қилувчи ўрин тутади. Айниқса, “яшил иқтисодиёт”га ўтиш ва саноатни электрификация қилиш мисга талабни узоқ муддатли ва барқарор ўсиш йўлига олиб чиқди. Шу боис, бугун мис оддий хомашё эмас, балки давлатлар ва йирик корпорациялар учун стратегик активга айланмоқда. У энергетик хавфсизлик, саноат барқарорлиги ва технологик мустақиллик билан бевосита боғлиқ бўлиб бормоқда.

    Олмалиқ кон-металлургия комбинати Ўзбекистонда мазкур маҳсулот ишлаб чиқарувчи асосий йирик саноат субъектидир. 2025 йилда комбинат фаолиятида қандай ўзгаришлар рўй берди, қандай натижаларга эришилди, келгуси режалар нималардан иборат?

    “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси, сенатор Абдулла ХУРСАНОВ билан суҳбатимиз шулар хусусида бўлди.

    — Бугун дунё сиёсий саҳнида бўлаётган ўзгаришлар, жаҳон иқтисодиётидаги тебранишлар кутилмаган вазиятларга ҳар доим тайёр туришдек долзарб вазифани қўймоқда. Бундай мураккаб шароит, айниқса, йирик саноат корхоналари жамоасини оқилона фаолият юритиш ҳамда муаммоларга тўғри ечим топишга ундайди. 2025 йил комбинат учун қандай келди? Яъни жаҳон бозорида мис, олтин ва кумуш нархлари ўсиши фонида инвестиция лойиҳалари аҳамияти ўзгардими?

    — Бу борада 2025 йил жамоамиз учун ўзига хос тарихий воқеаларга бой бўлди. Ёшлик-1 конини ўзлаштириш инвестициявий лойиҳаси доирасида қатор салмоқли ишлар қилинди. Жаҳоннинг энг илғор технологиялари ва юқори сифат стандартларини қўллаган ҳолда 60 миллион тонна маъданни қайта ишлаш қувватига эга 3-мис бойитиш фабрикасининг биринчи линияси ишга туширилди. Лойиҳа доирасида қатор объектларимиз ҳам фаолият бошлади. Жумладан, оҳак заводида қувурли айланма печнинг 2-тармоғи, портловчи материаллар заводида эмульсияли портловчи моддалар ишлаб чиқариш янги тармоғи фойдаланишга топширилди. Жиззах вилоятининг Фориш туманида янги оҳак заводи қурилишига старт берилди.

    Шу билан бирга, Ёшлик-1 кони ва унинг техника мажмуасини ташқи электр энергияси билан таъминлаш мақсадида яна бир замонавий рақамлаштирилган технологик подстанция барпо этилмоқда.

    3-мис бойитиш фабрикасида йилига 900 минг тоннага яқин мис концентрати ишлаб чиқарилади. Ютуқ фақат ҳажмда эмас, балки жаҳоннинг етакчи саноат компаниялари технологиялари, автоматлаштириш тизимлари ва рақамли бошқарув ечимлари ягона занжирда мужассамлашганида ҳам намоён бўлади. Замонавий технологиялар, рақамли бошқарув ва инсон капитали уйғунлигининг амалий намунаси бўлган фабрика тўлиқ қувватга чиққач, 3000 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади.

    Шунингдек, янги 6-сульфат кислота ишлаб чиқариш заводи қурилиши якуний паллага етди. Ковулди кони маъданларини қайта ишлашга мўлжалланган яна бир янги олтин саралаш фабрикаси қурилишини бошладик.

    Ёшлик-1 конини ўзлаштириш лойиҳаси доирасида 4-мис бойитиш фабрикаси ва унинг инфратузилма объектларини қуриш бўйича ҳам ишлар бошлаб юборилган. Лойиҳанинг атроф-муҳитга таъсири бўйича ижобий хулоса олинган. Лойиҳа доирасида кенгайтирилган геологик тадқиқотлар ўтказиш ва геологик бурғилаш ва тупроқни гидрологик тадқиқот қилиш учун қудуқ бурғилаш ишлари бажарилди. Бошқа ташкилий ва зарурий чора-тадбирлар ҳам кўрилмоқда.

    Яна бир муҳим стратегик лойиҳамиз янги металлургия заводи бўлиб, унинг ишга тушиши натижасида комбинатда мис ишлаб чиқариш қуввати 148,5 минг тоннадан 300 минг тоннагача етади. Минг кишининг бандлиги таъминланади. Ушбу мажмуа қурилишининг базавий муҳандислик ҳужжатлари, тижорат таклифи “METSO-OUTOTEK” (Финляндия, Германия) компанияси томонидан ишлаб чиқилди. Уни юридик экспертизадан ўтказишга “DENTONS” компанияси жалб қилинди. Мажмуа объектлари қурилишини молиялаштириш учун Германиянинг “KfW IPEX-Bank GmbH” банки билан 2,5 миллиард долларлик битим имзоланди.

    Сўнгги йилларда жаҳон бозорида мис, олтин ва кумуш нархлари ўсмоқда. Бу глобал иқтисодиётдаги технологик трансформация, “яшил” энергетикага ўтиш, геосиёсий хавфлар ва стратегик хомашёларга талаб ортиши билан изоҳланади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари нафақат корхона, балки бутун Ўзбекистон иқтисодиёти учун муҳим стратегик аҳамият касб этмоқда.

    Қайд этганингиздек, мис бугунги кунда рақамли ва “яшил иқтисодиёт”нинг асосий ресурси сифатида баҳоланмоқда. Электромобиллар, қайта тикланувчи энергия манбалари, электр тармоқлари ва саноат автоматизацияси мисга талабни кескин оширмоқда. Олтин эса глобал ноаниқлик ва инфляция шароитида қийматни сақлаш воситаси сифатида юқори талабга эга. Кумуш ҳам саноатда, ҳам инвестицион актив сифатида аҳамиятли. Комбинатимиз айнан шу учта стратегик метални ишлаб чиқарувчи йирик саноат корхонаси сифатида жаҳон бозоридаги ижобий конъюнктурадан максимал фойда олиш имкониятига эга. Янги конларни ўзлаштириш, захирани кўпайтириш, замонавий бойитиш ва қайта ишлаш қувватларини ишга тушириш, энергия самарадорлиги, экологик стандартларни ошириш, юқори қиймат қўшилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш улушини кўпайтиришга қаратилган инвестиция лойиҳалари шуниси билан аҳамиятли. Бу лойиҳалар орқали комбинатни фақат хомашё етказиб берувчи эмас, балки чуқур қайта ишловчи юқори технологик саноат марказига айлантириш мақсад қилинган. Инвестиция дастурлари мамлакатимиз учун катта натижа беради.

    Биринчидан, экспорт салоҳиятимиз ортади. Мис, олтин ва кумуш нархи баландлиги валюта тушумларини кўпайтириб, тўлов баланси ҳамда миллий валютамиз барқарорлигига ижобий таъсир кўрсатади.

    Иккинчидан, саноат ривожланади. Янги қувватлар ишга туширилиб, машинасозлик, энергетика, кимё ва логистика соҳалари ўсишига туртки беради.

    Учинчидан, янги иш ўринлари яратилади, ҳудудлар ривожланади. Чунки йирик инвестиция лойиҳалари юқори малакали кадрларга талабни оширади.

    Тўртинчидан, технологик мустақиллик мустаҳкамланади. Чуқур қайта ишлаш ва замонавий бошқарув тизимлари жорий этилиши Ўзбекистоннинг саноатдаги рақобатбардошлигини оширади.

    Комбинатнинг инвестиция лойиҳалари халқаро доирада юқори баҳоланмоқда. Жумладан, “Ўзбекистон ва Марказий Осиё тоғ-кон саноати” IV халқаро конгресси ва кўргазмасида комбинатимиз “Йил инвестициявий лойиҳаси” номинацияси ғолиби бўлди.

    — Бугунги кунда ишлаб чиқаришни рақамлаштириш ва сунъий интеллектдан фойдаланиш давр талаби бўлиб қолмоқда. Бу борада қандай ишлар қилинмоқда?

    — Бизнес ва технологик жараёнларни автоматлаштириш, бошқарув ва операцион соҳани оптималлаштириш доирасида шу йилнинг ўзида 20 та лойиҳани ишга ­туширдик. Яна 7 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган.

    Ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасига кириб келаётган сунъий интеллект технологиялари самарали қўлланилмоқда. Хусусан, ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш ва замонавий ахборот тизимларини қўллаш мақсадида Қалмоққир ва Ёшлик-1 конларида кон-транспорт бошқарув тизими ишга туширилди. Натижада маълумотларни онлайн шаклда жамлаш, қайта ишлаш йўлга қўйилди. Ёшлик-1 конида экскаватор-автосамосвал оператив бошқарув тизими жорий қилинди. Конларда маркшейдерлик ишларини тезкорликда амалга ошириш мақсадида учувчисиз учиш қурилмалари ­қўлланилмоқда. Натижада маркшейдер ўлчаш ишлари 3 баробар тезлашиб, ходимлар хавфсизлиги оширилди.

    Мис бойитиш фабрикаси технологик жараёнларида маъдан-сув нисбатларини автоматлаштириш мақсадида назорат ва ўлчов жавонлари ўрнатилди. Флотация жараёнини автоматлаштириш учун “U-flotation” интеллектуал тизими жорий этилмоқда. У реал вақтда жараённи таҳлил этиб, бошқарув қарорларини қабул қилади. Ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириб, йўқотиш ва харажатларни камайтиради. Мис бойитиш фабрикасида қўшимча 3 та концентратор ўрнатилиши туфайли фойдали қазилмаларни ажратиб олиш даражаси 3 фоиз оширилди. 2-мис бойитиш фабрикасида майдалаш-ювиш участкаси ускуналари монтаж ва созланиши натижасида авариявий тўхташлар 30 фоиз камаяди. Мис эритиш заводида автоматлаштирилган ахборот тизими тайёр маҳсулотни юклаш ва назорат жараёнларини қулайлаштирди.

    Сунъий интеллект тизимини ривожлантириш ва ахборот хавфсизлигини ошириш мақсадида Қалмоққир ва Ёшлик-1 конларида кон-транспорт бошқаруви тизими доирасида маъдан ўлчамлари, экскаватор тишларини назорат қилишдан ташқари ҳайдовчилар чарчоғини кузатиш имкони пайдо бўлди. Шу кунларда маъданни бойитиш жараёнида видеотаҳлил — “Машина кўз назорати” лойиҳаси жорий этилмоқда. Бундай мисоллар кўп. Муҳими, комбинатда рақамлаштириш ишга унум ва самара бермоқда.

    — Мамлакат иқтисодиёти ва одамлар турмуш фаровонлиги кўп жиҳатдан йирик корхоналар фаолиятига боғлиқ. Лекин охирги пайтларда ишлаб чиқариш субъектларининг атроф-муҳитга салбий таъсири ҳақида ҳам кўп гапирилмоқда...

    — Нимани назарда тутаётганингизни тушундим. Нима учун экологияга жиддий эътибор қаратишимиз, ишлаб чиқаришга “яшил” технологияларни тез татбиқ қилишимиз керак? Аввало, аҳоли йил сайин кўпайиб бормоқда. Табиий ресурслар захираси эса тобора камаймоқда. Бугун жаҳонда олимлар, ҳукуматлар томонидан “яшил иқтисодиёт”ни кенг жорий этиш таклифлари фаоллашгани бежиз эмас. Биз бундай таклиф ва ташаббусларни доим қўллаб-қувватлаб келяпмиз. Бу фаолият стратегиямизнинг устувор йўналишига айланган. Шу мақсадда саноат майдонларида маънан эскирган ускуналар янгиланиб, реконструкция қилиняпти, қуёш электр станциялари ўрнатилмоқда, чиқиндилар қайта ишланиб, ҳудуд кўкаламзорлаштириляпти, сув инфратузилмаси модернизация қилинмоқда. Умуман, жорий йилги фаолиятимиз атмосферага чиқиндиларни камайтириш билан боғлиқ бўлди дейиш мумкин. Жумладан, мис бойитиш фабрикаларининг ҳавони чанг ва газлардан тозалашга мўлжалланган аспирация тизимлари тўлиқ реконструкция қилинди. Асосий ва ёрдамчи объектлардаги 30 та тизим мукаммал ва 130 та эскирган вентиляция-аспирация қурилмаси жорий таъмирланди. Натижада уларнинг иш самарадорлиги 99,5 фоизга етказилди.

    Мис эритиш заводининг сульфат кислота цехида чиқиндиларни автоматик таҳлил ва мониторинг қилиш ускуналари жорий этилди. Қолаверса, 180 минг тонна қувватга эга янги 6-сульфат кислотаси заводи ишга туширилиши билан илгари қисман атмосферага чиқиб кетган газлар тўлиқ ушлаб қолинади. Даниянинг “FLSmidth” компаниясининг янги фильтрлари газни чуқур тозалаш ва қўшимча металл ажратиб олиш кўрсаткичларини таъминлайди. Эски цех фойдаланишдан чиқарилади.

    Янги металлургия мажмуасида “Flash Smelting” (машъалада эритиш) ва “Flash Converting” (машъалада конвертерлаш) технологиялари асосида ишлайдиган замонавий печлар қурилмоқда. Янги сульфат кислотаси мажмуасида чиқинди олтингугурт гази тўлиқ ушлаб қолинади ва қўшимча маҳсулот — йилига 1,8 миллион тоннагача сульфат кислотаси олишга йўналтирилади, шу билан бирга, ташланма газлар камаяди. Янги қувватлар ишга туширилгач, мис эритиш заводидаги эскирган яллиғ қайтарувчи печь ҳам фойдаланишдан чиқарилади. Комбинатимизда чанг ва газларни тутиб қолувчи 980 дан ортиқ ускуна ўрнатилган бўлиб, марказий таҳлил лабораторияси маълумотларига кўра, ифлослантирувчи моддалар ҳажми ўтган йили аввалги йилдагига нисбатан 10 фоиз камайган. Жорий йилда яна 2-3 фоиз пасайди.

    Икки йил аввал ишлаб чиқариш ва ижтимоий объектларда фотоэлектр станциялар ўрнатишни бошлаган эдик. Бу даврда комбинат пилот қурилмалардан барқарор қуёш генерациясини ривожлантириш дастурига ўтди. Ушбу стратегик қадам барқарор ривожланиш тамойилларига содиқлигимизни билдиради.

    Бугунги кунда 80 дан ортиқ майдонда умумий қуввати 7,3 минг киловатт бўлган станциялар ишлаб турибди. Жорий йилда улар томонидан 5,9 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилди.

    Шунингдек, “яшил” энергия ишлаб чиқарувчи компаниялар билан “яшил” энергия сотиб олиш бўйича шартномалар имзолаганмиз. Шундай қилиб, комбинат “яшил” энергиянинг энг йирик истеъмолчиларидан бирига айланади. Иқтисодий самара ҳозирданоқ сезилмоқда: электр энергияси учун тўловларда йилига 5,9 миллиард сўм тежаяпмиз. Келгуси йилда қўшимча 1 минг 150 киловатт қувватли фотоэлектр станциялари қуриш, талаб юқори бўлган соатларда қуёш генерациясидан фойдаланиш имконини берувчи энергия сақлаш тизимларини ишга тушириш мўлжалланган.

    Долзарб йўналишлардан яна бири техноген чиқиндиларни қайта ишлашдир. Комбинатнинг рух ва мис эритиш заводларидаги янги майдалаш участкаларида шу йилнинг ўзида 100 минг тоннадан ортиқ мис клинкери, яъни чиқиндиларни қайта ишлашдан ҳосил бўладиган қолдиқлар қайта ишлатилди.

    Сув йўқотишларини камайтириш ва гидротехник иншоотлар хавфсизлигини ошириш мақсадида сув ҳавзалари тозаланиб, насос ускуналари ва магистраль қувурлар герметизация қилинди. “Яшил макон” ва “Яшил белбоғ” лойиҳалари доирасида 270 гектардан ортиқ майдонда 1,9 миллион туп дарахт экилди.

    — Кадрлар ҳал қилувчи куч ҳисобланади. Янги корхоналар, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш — буларнинг ҳаммасига малакали кадрлар керак. Кадрлар масаласига қандай эътибор қаратилмоқда?

    — Комбинатда кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашга устувор йўналиш сифатида қаралади. Бугунги кунда бизда 35 мингга яқин ишчи ва муҳандис-техник ходим фаолият юритмоқда. Ўқув марказимизда ҳар йили ўртача 11 минг 500-12 минг нафар кадр малакаси оширилиб, қайта тайёрланади.

    Кадрлар тайёрлаш мақсадида 26 та олий таълим муассасаси билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ҳар йили комбинат таркибий корхоналарида 4000 талаба учун ишлаб чиқариш, диплом олди амалиётлари ва экскурсиялар мунтазам равишда ташкил қилинади. Аъло баҳоларда таҳсил олаётган талабалардан 143 нафари ва коллежнинг 14 ўқувчиси дуал амалиёт даврида ойлик иш ҳақи, бепул овқат ва махсус кийимлар билан таъминланди. Ўтган йили олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежларининг 427 нафар битирувчиси комбинатга ишга қабул қилинди.

    Жанубий Кореянинг ADJU, INHA, Япониянинг Akita университетлари, Германиянинг Фрайберг техника университети кончилик академияси ва Дрезден техника университети ҳамда Россиянинг Миллий технологик тадқиқотлар университети, Москва пўлат қотишмалари институти билан барқарор ҳамкорлик қилинмоқда.

    Ўқув марказимизнинг 2030 йилгача бўлган ривожланиш стратегияси замонавий илм-фан ва техника ҳамда таълим тараққиёти ютуқларини амалиётга татбиқ этган ҳолда комбинат кадрлари малакасини ошириш, касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш кабиларни ўз ичига олади.

    2024 йилда фаолиятини бошлаган Муҳандислик мактабида Германиянинг Фрайберг техника университети кончилик академияси кадр тайёрлаш бўйича методологиялари асосида мутахассислар малакасини ошириш йўлга қўйилди ва ривожлантирилмоқда.

    2025 йил апрель ойида “ГеоМетТех” илғор муҳандислик мактаби ташкил этилди. Ишлаб чиқариш технологик жараёнлари учун илмий изланиш олиб бориш, натижаларини амалиётга татбиқ қилиш ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида ташкил этилган мактабга 2025/2026 ўқув йили учун металлургия мутахассислигининг “Рангли металлар рудаларини бойитиш” магистратура дастури бўйича 12 талаба қабул қилинди.

    Мамлакатимизда “Тежамкорлик ва барқарорлик” тамойили асосида давлат иштирокидаги йирик корхоналарни трансформация қилиш ҳамда ишлаб чиқариш харажатларини 20 фоизгача қисқартириш режалаштирилган. Дунёда кечаётган ўзгаришлар даврида ривожланиш ва ҳаракатда бўлишимиз шарт.

    Ўйлайманки, зиммамизга юклатилган вазифаларни адо этишда аҳил, билимли, ва тажрибали жамоанинг алоҳида ўрни бор. Тараққиётнинг янги босқичи сари дадил одимлаётган янги Ўзбекистоннинг иқтисодий қудратига корхонамизнинг ҳар бир фидойи ишчи-ходими ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади, албатта.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Дилшод УЛУҒМУРОДОВ суҳбатлашди.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates