Замонавий дарслик янги сифат босқичига кўтарилаётган шевашунослик ривожига хизмат қилади

    Фикр 28 июл 2023 1704

    Интернет маълумотлари ер юзида 7000 дан ортиқ тил борлигини таъкидлайди. Уларнинг ҳар бири шу тилни эъзозлаб, авайлаб юрган инсонлар учун азиз ва қадрли.

    Тил бор экан, миллат барҳаёт

    Интернет маълумотлари ер юзида 7000 дан ортиқ тил борлигини таъкидлайди. Уларнинг ҳар бири шу тилни эъзозлаб, авайлаб юрган инсонлар учун азиз ва қадрли. Она Ватанимиз каби мўътабар бўлган ўзбек тилининг борлиги биз учун бебаҳо бахт ва толе калитидир. Боиси, қадим тарихи, бетакрор сўз бойлиги, ифода имкониятларининг кенглиги жиҳатидан ўзбек тили дунёнинг энг олдинги тилларидан бири саналади.

    Бугунги глобаллашув жараёнида давлатлар ва миллатларнинг бир-бири билан интеграциялашиши оқибатида кўплаб қадриятлар қаторида айрим миллий тиллар йўқолиб бораётгани, луғат жамғармаси заиф, ифода имкониятлари тор тилларнинг таназзулга юз тутаётгани хавотир уйғотади. Ўзбек тили ўз тараққиётида янги сифат босқичига кўтарилаётгани қувонарли ҳол, албатта.

    Давлатимиз раҳбарининг сайловолди дастурида ҳатто хориждаги ватандошларимиз учун алоҳида таълим дастурлари ишлаб чиқилиб, ўзбек тили ва адабиёти, тарих, маданият, санъат ва ҳунармандлик йўналишидаги олийгоҳларда улар учун 200 та грант ажратилиши, ватандошларимиз энг кўп бўлган – АҚШ, Россия, Жанубий Корея, Туркия, Миср каби давлатларда Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети марказлари очилиши қайд этилди.

    Зеро, биз учун она тилимизнинг толмас курашчиси Алишер Навоий томонидан беш аср олдин айтилган “Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз” деган ҳикмат бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Улуғ аждодларимизнинг ўгитларига таянган ҳолда ҳозирда она тили тақдири, унинг нуфузини кўтариш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

    Бу борада Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари дастуруламал вазифасини ўтамоқда.

    Айни пайтда фармон ва қонунлар билангина иш битмайди. Ўзбек тилининг келажагини таъминлаш учун амалий ишлар қилиш керак. Таълим тизимининг барча бўғинларида она тилини ўқитишга жиддий эътибор қаратиш, ўқувчи ва талабаларнинг оғзаки ва ёзма саводхонлигини тўлиқ таъминлаш, она тили ва адабиёт фани бўйича тажрибали, салоҳиятли, билимли ўқитувчиларни вояга етказиш ана шундай амалий ишлардан саналади. Зеро, унинг бутун оғирлиги она тили фани ўқитувчилари зиммасига тушади.

    “Фикрнинг қуввати, зийнати муаллимнинг тарбиясига боғлиқдир”

    Маърифатпарвар адиб Абдурауф Фитрат томонидан узоқ йиллар аввал айтилган ушбу фикрлари ҳамон долзарб.

    Ўзбек тили ва адабиёт фани ўқитувчилари ҳақида гап кетганида, ҳамиша уларни миллатпарвар, ватанпарвар, тилпарвар инсонлар қаторига қўшгимиз келади. Уларнинг олдинги сафида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори, филология фанлари доктори Самихон ака Аширбоевнинг борлиги ёш авлод учун ибрат мактабидир.

    Устоз яқинда табаррук 75 ёшни қаршилади. Шу ёшдаги кўплаб ўқитувчилар янги замон талабларига жавоб бера олмай аллақачон ўзини четга олишга улгурди, лекин Самихон устоз бу йўлдан кетмади. Фидойи, заҳматкаш, тиниб-тинчимас, янгиликларга ўч домла давр талабларига мос равишда фаолиятини давом эттирмоқда. Кўплаб дарслик ва ўқув қўлланмаларини нашр эттирди. Асосий дарсликлари ўзбек лаҳжалари ва шеваларини ўрганишга бағишлангани билан эътиборлидир.

    Ўзбек тили ва шеваларини атрофлича ўрганган туркийшунос Е.Д.Поливанов “Дунёда биронта тил шевалараро ўзбек тиличалик фарқланмайди”, деб ёзган эди. Дарҳақиқат, ўзбек тили лаҳжа ва шевалари кўп ва жилоларга бой. Уларни ўрганиш халқимизнинг тарихи, урф-одати, қадриятлари, дунёқараши ҳақида янги маълумотларни бизга тақдим этиши мумкин. Ўзбек тилшунослиги тараққиётига эътибор берилса, ўтган асрнинг 60–70 йилларида илмий-тадқиқот ишлари асосан шевашунослик бўйича амалга оширилгани маълум бўлади. Ўшандан бошланган хайрли иш бугунги кунгача етиб келди. Мамлакатимиз ва чет давлатларда яшовчи ўзбек тилли аҳоли шеваси бўйича мўл маълумотлар йиғилди ва ҳозирда шевашунослик янги сифат босқичига кўтарилди. Бу босқич “Ареал лингвистика” ёки “Ареал тилшунослик” деб аталмоқда.

    Бу фанни пухта ўзлаштириш учун тадқиқотчидан унинг қамров доирасида турган юқоридаги фанларнинг асосларини яхши билиш, юрт кезиш, жойлардаги аҳолининг турмуш тарзи, фикрлаш доираси, урф-одати, тили ҳақида етарлича маълумотга эга бўлиш ва улар асосида керакли назарий хулосалар чиқара олиш малакасини ўзлаштириш талаб этилади. Дарслик ёзадиган киши ўз соҳасининг илғорларидан бўлиши лозим. Дунё ареал тилшунослиги бешигини тебратган Маҳмуд Кошғарий “Бу ишни тил билмаганим учун эмас, балки бу тиллардаги энг кичик фарқларни ҳам аниқлаш учун қилдим. Бўлмаса, мен тилда уларнинг энг етукларидан, энг катта мутахассисларидан, хушфаҳмларидан, эски қабилаларидан, жанг ишларида уста найзадорларидан эдим”, деган эди. Шунга таянадиган бўлсак, “Ареал лингвистика” бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш, дарслик яратиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Катта тажрибага, салоҳиятга, Маҳмуд Кошғарий таъкидлаган ўз қавмининг олдингиларидан бўлишдек фазилатга эга бўлган шахсгина бу ишни уддалай олади. Бундай хайрли ишни филология фанлари доктори, профессор Самихон Аширбоев бажарди. 2023 йилда “Bookmany print” нашриётида унинг “Ареал лингвистика” дарслиги чоп этилди.

    Ҳозирга қадар ареал тилшунослик бўйича Азим Шерматовнинг “Лингвистик география нима?”, Азиз Жўраевнинг “Теоретическое основы ареального исследования узбекоязычного массива”, Толиб Эрназаровнинг “Ареал тилшунослик”дан ўқув-услубий қўлланмаси, Нигора Муродованинг “Ареал лингвистика” фанидан маъруза машғулотларининг таълим технологияси, Умиджон Қўзиевнинг “Ареал лингвистика” фанидан маъруза матнлари” яратилган, аммо европа, рус ва ўзбек тилшунослигидаги ютуқ ва камчиликларни эътиборга олган ҳолда яхлит бир дарслик шу пайтгача ёзилмаган ёки бунга биров журъат этмаган эди.

    Мазкур дарслик долзарб мавзуда яратилгани билан аҳамиятли. У аниқ режа, намунавий ва ишчи дастур асосида ёзилган. Муаллиф мавзуларни жойлаштирганда, бакалавриатура босқичида талабаларга “Ўзбек диалектологияси” фани ўқитилишини ҳисобга олган, айтиладиган фикр-мулоҳазалар унинг такрори бўлиб қолмаслигига катта эътибор қаратган. Кўпчилик мутахассисларда “Ареал лингвистика” диалектологиянинг давоми деган тушунча бор. С.Аширбоев мазкур дарсликни яратиш билан бу тушунчага барҳам берди, дарслик мавзулари кетма-кетликда бутунлай янгича талқинда ёзилди. Унда ареал лингвистикани ўрганиш объекти аниқлаштирилган: муаллиф 16 та йўналишни санаб ўтган.

    Бундай типдаги дарслик нафақат туркологияда, балки рус тилшунослигида ҳам ҳалигача яратилмаган. Ўз даврида В.В.Решетов, Ш.Шоабдураҳмонов, А.Алиев, А.Шерматов, А.Жўраев ва бошқа олимлар муайян ўзбек шеваларини тадқиқ этиш жараёнида ареал тилшуносликнинг истиқболларига шаъма қилишган, бироқ ўзбек шеваларининг миқдор ва сифат жиҳатидан ранг-баранглиги улар бошлаган ишларни охиригача етказишга имкон бермаган эди.

    С.Аширбоев тил ва диалектларнинг турли ҳудудларда тарқалишини, уларнинг макон ва замонда бирлигини, “тил ва шевалар иттифоқи”ни ифода қилишини илмий асослаб берган. Ўзбек тилли массивни 12 та зонага, азонал ҳудудларни эса 7 турга ажратган.

    Шу билан бирга, унда фанлараро интеграция масаласига алоҳида диққат қаратилган, чунки ареал тилшунослик география, геодезия, картография, тарих, этнография, антропология, археология, психология каби бир қанча фанлар кесишган нуқтада пайдо бўлган.

    Тошкент аҳолиси нечта шевада сўзлашади?

    Ҳозирги глобаллашув жараёнида маълумотлар ҳам кўпайиб боряпти. Шева, диалект ва лаҳжаларни диалектологик нуқтаи назардан эмас, балки муайян ҳудудда яшовчи шева, лаҳжа эгаларининг барча хусусиятларини биргаликда тадқиқ этишга, шевалар ва лаҳжалар, тиллар ўртасидаги алоқа-таъсирларнинг даражасини билишга, шу асосида лингвистик хариталар тузишга, яъни объектни ареал ўрганишга эҳтиёж кучаймоқда. Хусусан, Туркиядаги зилзила тафсилоти шарҳланиши давомида Қаҳрамонмарашнинг Овакент қишлоғида 10000 нафар этник ўзбек яшаётганидан хабар топдик. Бу факт биз учун янгилик бўлди. “Ареал тилшунослик”ка бу каби маълумотларни киритиш ва ўша ҳудуддаги ўзбек шеваларини ўрганиш ва бошқа ҳудудлардаги шеваларга солиштириш лозим бўлади.

    Дарслик ютуқларидан яна бирини унинг лингвистик хариталар, турлари, уларни тузиш тамойилларига бағишланган фикр-мулоҳазалар ташкил этади. Инглиз, француз, рус, белорус тилларида яратилган лингвистик хариталарга шарҳлар берилган, лингвистик хаританинг ўзига хос жиҳатлари тушунтирилган.

    Биз шу пайтгача Тошкент шеваси деганда битта шевани назарда тутиб келганмиз. С.Аширбоев дарсликка Тошкент шаҳрининг тўртта шеваси ҳақидаги маълумотларни ва лингвистик харитани киритган:

    –Бешёғоч даҳаси: бāрсäмиз, бāрдимиз.

    –Хадра даҳаси: bārsovuz, bārduvuz.

    –Эски Жўва даҳаси: bārso:vuzä, bārduvuzä // bārdu:z // bārduzä.

    –Чорсу даҳаси: bārso://bārsok, bārdu(v).

    Устознинг “Бундай кичик (нозик) фарқларни барча диалектлар таркибидаги шеваларда кўриш мумкин”, деган фикри келгусида бажариладиган изланишлар учун хамиртуруш вазифасини ўтаса ажаб эрмас.

    Дарслик катта меҳнат, уринишлар билан юзага келган. Унинг қиймати С.Аширбоевнинг илмий салоҳияти, лисоний қарашлари, ўзбек шевашунослигини янги босқичга олиб чиқишдаги фидокорона хизматлари билан ўлчанади.

    Ўйлаймизки, ўзбек шевашунослик мактабидаги беқиёс саъй-ҳаракатлар самараси бўлган ушбу дарслик шевашунослар, ареал лингвистика, диалектология билан шуғулланаётган кўп сонли магистрлар, ёш олимлар, матахассисларнинг янги авлодини тарбиялашда муҳим ўрин тутади.

    Абдулҳай СОБИРОВ,

    филология фанлари доктори, профессор

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates