Замонавий кадастр: сарсонгарчиликлар ортда қолди(ми)?

    Агар фуқаро ер участкасини бериш ёки сотишни истамаса, уни давлат ва жамият эҳтиёжлари учун шунчаки олиб қўйилишига йўл берилмайди.

    Яқин йилларгача кадастр тизими энг ислоҳ қилишга муҳтож соҳалардан бири эди. Одамлар учун уй-жой, ер олиш бир масала бўлса, уни ҳужжатлаштириш ишлари ўн бош оғриқ бўлганини яхши эслаймиз. Югур-югур, қоғозбозликларнинг энг авж нуқтаси ҳам шу тизимда бўларди. Ҳозир бу соҳа деярли тўлиқ рақамлаштирилди. Барча хизматлар Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали шаффоф, тезкор тарзда кўрсатиляпти. Асосийси, тизимда қоғозбозликка чек қўйилиб, одамларнинг вақти ва нақди кушандаси бўлган беҳуда оворагарчиликлар бир неча баробарга камайди.

    Ҳеч қизиқиб кўрганмисиз, “кадастр” сўзи қандай маънони англатади? Манбаларда келтирилишича, “кадастр” лотинчадан олинган бўлиб, “солиққа тортилувчи шахс” деган маънони беради. Дастлаб кадастр солиқ солинадиган объектларнинг рўйхати, яъни реестрига нисбатан қўлланилган. Ҳозир ҳам тизимда шундай рўйхат юритилади, аммо қадимгисидан фарқли тарзда, ундан солиқ солинадиган эмас, балки хусусий мол-мулк, ер майдонлари ва жисмоний ҳамда юридик шахсларга қонунан тегишли ҳамда қонуний бўлган ҳар қандай турдаги объект ҳақидаги маълумотлар жой олади. Кадастр соҳаси эса эгалик ҳуқуқини қонунийлаштириш, рўйхатга олиш ва ҳужжатларни шакллантириш каби жараёнларнинг барини мувофиқлаштиради.

    Тизимни ислоҳ қилиш ишлари айни соҳада қоғозбозлик авж олаётган, одамлар сарсонликдан поябзали йиртилар даражага етган, кадастр, деса кўпчилик бир неча километр узоқроқдан юрадиган вақтга тўғри келди. Яъни, ўша 6-7 йил олдин бошланган янгиланишларга, аллақачон, эҳтиёж пайдо бўлганди. Бундай вақтда фурсатни бой бермаслик учун жадал ҳаракатлар бошланди ва бугунга қадар кадастр соҳасини тубдан такомиллаштиришга қаратилган 36 та меъёрий ҳужжат — қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Дастлабки, 2017—2019 йиллар давомида соҳада халқаро тажрибани ўрганишга бағишланган фаол давр кечган бўлса, кейин ана шу ўрганилган тажриба ва кўникмалар аста-секинлик билан қонун ва қонуности ҳужжатларни қабул қилиш йўли билан ҳаётга татбиқ этила бошлади. Уларнинг асосида одамлар истаган тезкор, шаффоф, рақамли хизмат кўрсатиш тизими шаклланиб боряпти. Натижада, тизимда мурожаатлар сони ҳам ортиб, уларга хизмат кўрсатиш имкониятлари бир неча баробарга кенгайди.

    Демак, рақамли технологиялар имкониятлари соҳа амалиётида натижадорликни ошириб, аҳоли ишончига кира оляпти. Хўш, кадастр тизимида ўтган йиллар давомида амалга оширилган энг катта янгиланишлар айнан нималарда кўзга ташланади? Буни таҳлил қилиш асносида, Давлат кадастрлари палатаси раиси Мохир ВАЛИЕВ билан соҳадаги энг салмоқли қадамларга назар ташладик.

    Янги намунадаги кадастр паспорти

    Чиндан ҳам, электрон карта кўринишидаги кадастр паспортини юртимиз шароитида янгилик дейишимиз мумкин. Нафақат юртимиз, балки Марказий Осиё давлатлари орасида биринчилардан бўлиб Ўзбекистонда янги намунадаги кадастр паспорти жорий этилди. Кўплаб қулайликларга эга смарт карта 2020 йил 1 март санасидан бошлаб тадбиқ этилмоқда. Дастлабки босқичда Андижон, Наманган, Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида тажриба сифатида ишга туширилган эди. Кейинчалик, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида қўлланила бошлади. Бугунги кунга қадар юртимиз бўйлаб жами 1 466 027 та кадастр паспорти расмийлаштирилиб, фуқароларнинг ушбу картадан фойдаланиш кўлами йил сайин ошиб боряпти.

    — Кадастр паспорти ҳуқуқ эгасига бериладиган ҳамда кўчмас мулк объекти ва объектнинг кадастр рақами ҳақида умумий маълумотларни ўз ичига олган пластик ёки қоғоз шаклидаги электрон ҳужжатдир, — дейди Мохир Валиев. — У кўчмас мулк объектининг давлат томонидан хисобга олинганлигини тасдиқловчи асос. Гап шундаки, кўчмас мулк объектини хатловдан ўтказишда унга кадастр йиғма жилди шакллантирилади ва кўчмас мулк эгасига кадастр паспорти тақдим этилади.

    Кўпчилик кадастр паспортининг одатдаги қоғоз шаклидаги ҳужжат билан фарқларига қизиқиб, уларнинг нархи борасида катта тафовут бор, деб ҳисоблайди. Аммо кадастр паспортининг нархи қоғоз кўринишидаги кадастр ҳужжати учун тўловлар нархи билан тенг бўлиб, уларнинг қай биридан фойдаланиш мулк эгасининг ихтиёрида. Фойдаланишдаги фарқларига келсак, кадастр паспорти, аввало, электрон карта экани билан афзалликка эга. Бу дегани, картада кадастр соҳасидаги электрон хизматлардан фойдаланиш имкониятлари юқорироқ. Қолаверса, ички қисмига NFS-смарт чип ўрнатилган мазкур карта эски услубдаги кадастр ҳужжатидаги барча маълумотларни ўз ичига олиш билан бирга, интерактив давлат хизматларининг ягона порталига уланиш имкониятига эга. Картанинг ташқи қисмига эса эгасининг шахсини тасдиқловчи маълумотлар ҳамда QR-код жойлаштирилган. Келгусида банклар билан ҳамкорликда мазкур картага пул маблағларини сақловчи ва уларни нақд пул кўринишида олиш имконини берадиган “кеш” тизимини ўрнатишни режалаштирганмиз.

    Яъни, бу борадаги ишлар жараён давомида такомиллашиб бораверади. Масалан, кадастр паспортини шакллантириш муддатларини оладиган бўлсак, дастлабки даврга нисбатан вақт оралиғи сезиларли қисқарган. Охирги икки йилда фуқароларнинг кадастр йиғма жилдини таёрлашга кетадиган вақт сарфи 4—20 кунгача қисқаришига эришдик. Белгиланган муддатнинг бузилиш ҳолатлари эса 6 баробарга яхшиланганини кўришимиз мумкин.

    Суриштирувларимизга кўра, ҳозирги вақтда одамларнинг замонавий, электрон қурилмалардан фойдаланишга бўлган талаби юқорироқ. Чунки улар ўзида бир қанча тезкор хизматларни жамлаб, вақтни анча тежайди. Кадастр паспорти ҳам шундай. Ўтган йилнинг ўзида кадастр паспортини шакллантириш бўйича Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали жами 800 мингдан ортиқ ариза келиб тушган, уларнинг 559,4 таси ижобий ҳал этилган.

    Ер участкаси ҳам хусусий мулкка айланмоқда

    Кадастр соҳасида битта олтин қоида бор — ҳар нарсанинг, яъни ер майдонларидан тортиб, хусусий объектларгача барининг аниқ ҳисоб-китоби, рўйхати бўлиши керак. Аслини олганда, аҳолининг талаби ҳам шундай. Аниқ маълумотларга асосланган электрон рўйхат одамларни ортиқча сарсон қилмайди, бошқа тармоқлардаги маълумот алмашинувларида ҳам қўл келади.

    Шу боис, соҳага рақамли иқтисодиётни фаол жорий этишнинг дастлабки даврларидаёқ мамлакатимиздаги ҳар қарич ер майдони, давлат ва хусусий мулкни рўйхатдан ўтказиш ишлари бошлаб юборилди. Бугунги кунда ер майдонлари энг замонавий технологиялар ёрдамида хатловдан ўтказилиб, Миллий Геоахборот тизими (UzCAD)да ҳисобга олиш, дастур орқали рўйхатдан ўтказиш ҳамда электрон реестрини юритиш ишлари тизимли олиб бориляпти.

    Ҳозирги вақтга қадар Транспорт вазирлиги билан ҳамкорликда юртимиз бўйлаб мавжуд автомобил йўллари, яъни, халқаро аҳамиятга молик ерлар, маҳаллий, ички ва магистрал йўлларни ҳисобга олиш ишлари амалга ошрилиб, 46,2 минг гектар ер майдонга эга 42 минг километрга яқин автомобил йуллари Миллий географик ахборот тизимларига киритилди.

    — Рўйхатга олиш ишлари барча соҳалардаги ер майдонларида амалга оширилмоқда, — дейди Мохир Валиев. — Масалан, Сув хўжалиги вазирлигига тегишли бўлган 827 минг гектардан ортиқ сув хўжалиги объектлари мавжуд. 2022 йил давомида 337,5 минг гектар ер майдонидаги сув объектлари хисобга олиниб, давлат руйхатидан ўтказилган. Бироқ шу пайтгача қолган майдонларда қанча сув омборлари, насослар, коллектор ва бошқа сув объектларига тегишли қанча ер майдонлари борлиги аниқланмаган, яъни, рўйхатга олинмаган. Ваҳоланки, мамлакатимиздаги ҳар қарич ернинг аниқ таҳлили, улар қайси йўналишларга тегишли экани ва бошқа ҳисоб-китоблар бўйича маълумотларга эга бўлишимиз керак. Бу давлатнинг аниқ харитасини яратиш, ер майдонларидан тўғри ва оқилона фойдаланишда жуда зарур. Шу боис, ерларни рўйхатга олиш ишлари соҳада сўнгги йилларда бошланган энг катта ҳаракатлардан бири ҳисобланади.

    Юртимиз бўйича жами ер майдонлари 44,9 миллион гектарни ташкил этади. Улардан фойдаланиш мақсади ва тартибига кўра бир қанча тоифа — қишлоқ хўжалиги, саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга ҳамда табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш ва рекреация мақсадларига мўлжалланган ерлар, аҳоли пунктларининг ерлари, тарихий-маданий аҳамиятга молик ерларга бўлинади. Ҳозирги кунда ушбу тоифалар бўйича ер эгалари ва ердан фойдаланувчиларнинг ер майдонлари, чизмаси ва ер чегараси электрон ахборот тизимига киритилиб, ҳисобга олинган ҳолда давлат рўйхатидан ўтказилиб келинмоқда. Бугунга қадар жами ер майдонларининг 43,1 миллион гектари ёки 96 фоизининг электрон харитаси яратилиб, шундан 40,3 миллион гектари давлат рўйхатидан ўтказилди.

    Мутахассиснинг айтишича, ер майдонларининг энг катта қисми қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар ҳиссасига тўғри келади ва уларнинг умумий майдони 26 232,3 минг гектардан иборат. Шунинг учун рўйхатдан ўтказишнинг дастлабки босқичи қишлоқ хўжалик ерларидан бошланди.

    2021 йил 1 май санаси. Айни шу кундан Ўзбекистон тарихида илк бор республика қишлоқ хўжалиги ерларини рўйхатдан ўтказиш тизими йўлга қўйилди. Жараён Жаҳон банкининг қўллаб-қувватлаш жамғармаси кўмагида ишлаб чиқилган “Кадастр ва кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш интеграцион ахборот тизими” орқали амалга оширила бошланди. Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси мутахассислари томонидан хатлов натижалари электрон рўйхатдан ўтказилди. Бугун ана шу ерларнинг тўлиқ электрон хариталари яратилиб, давлат рўйхатидан ўтказишга эришилгани катта ютуқлардан бири. Эндиликда, бу ерларнинг доимий ҳисоб-китоби юритилиб, ўзгаришларни киритиб бориш кифоя.

    Жараён энг замонавий усул ва технологиялар асосида олиб борилмоқда. Аввалгидек ҳар қарич ерни жойида ўлчаб, қоғозларда қайд этиш ҳозир ўзини сира оқламайди. Бугун катта хажмдаги ер майдонлари ўзи учар қурилмалар, яъни дронлар ёрдамида ўлчаниб, электрон тизимлар орқали рўйхатга олиняпти. Қишлоқ хўжалиги йўналишидаги ерлардан фойдаланувчиларнинг ер майдонлари махсус ишлаб чиқилган ахборот тизими орқали рўйхатдан ўтказилган бўлса, ер майдонлари ҳақидаги график маълумотлар “UzKAD” дастурига жойлаб борилган.

    Демак, лойиҳада асосий кўмакчи “UzKAD” дастури бўлган. У географик маълумотларни тўплаш, тартибга солиш, бошқариш, таҳлил қилиш, алмашиш ва тарқатиш имконини берувчи тўлиқ тизимдир. Ушбу тизим кадастр қайдлари, кўчмас мулкка бўлган хуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, кўчмас мулк объектлари тўғрисидаги геофазовий, кадастр ва рўйхатдан ўтказиш маьлумотларини яратиш, янгилаш ва бошқариш учун мўлжалланган. Дастур тез-тез янгилаб бориш қийин бўлган қоғоз шаклидаги маълумотлардан воз кечиш имконини беради. Қолаверса, тизим жуда кўп графикли ва мавзули маълумотлар базасига эга, моделли ва ҳисобли функциялар билан бирлашган, фазовий маълумотларни картографик шаклга айлантириш, турли хулосалар чиқариш ва мониторинг ишларини амалга ошириш сингари қулайлилар билан бойитилган. Мазкур шаффоф тизим қонунбузарликларнинг олдини олиб, аҳолига тезкор кадастр хихматларини кўрсатишга ҳам йўл очади. Шакллантирилган рўйхат барча учун очиқ бўлиб, исталган киши геопортал орқали кўчмас мулк жойлашган вилоят, туман ёки шаҳар номи, кадастр рақами, давлат рўйхатидан ўтган сана, ҳужжат ва амалдаги ер майдони каби маълумотларни очиқ ва шаффоф кўриши мумкин.

    Қишлоқ хўжалиги ерларини давлат рўйхатидан ўтказиш нафақат маълумотлар базасини шакллантириш, балки англашилмовчилик туфайли ердан фойдаланувчиларнинг ортиқча солиқ тўлашлари ёки ердан ноқонуний фойдаланиш каби ҳолатларнинг ҳам олдини олади. Ерлари ҳужжатлаштирилиб, ижара шартномалари тузилиб, ер майдонининг карталари чизилган фуқаролар уни олиб қўйишларидан ҳавотир олмаса ҳам бўлади.

    Хатлов жараёнлари олиб борилаётган вақтларда соҳада яна бир катта, аҳоли учун ниҳоятда қулай бўлган янгилик — юртимизда жисмоний ва юридик шахслар ўзларига тегишли ер участкаларини хусусийлаштириши мумкинлигига оид тегишли қонун ва ҳукумат қарори кучга кирди. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 14 февралдаги тегишли қарори билан эса “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларига доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ва мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишга доир” Маъмурий регламенти тасдиқланди.

    — Бу нима дегани? Биламизки, шу кунгача фуқароларга тегишли уй-жойлар жойлашган ер участкалари, мерос қилиб қолдирилган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқидаги ерлар, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадиган нотурар жой объектларининг ер участкаларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи берилар эди, — дейди Мохир Валиев. — Яъни бино сизники бўлса ҳам, ер участкаси давлатга тегишли бўлган. Давлат фуқароларга ер участкасини фойдаланиш, эгалик қилиш учун ёки ижарага берган. Шу боис, кўпчилик ер участкасини давлат эхтиёжлари учун олиб қўйилиши мумкинлиги ёки исталган вақтда ер майдони “снос”га тушишидан ҳавотирланиб яшайди. Янги регламентга кўра эса, ер участкаси мулк ҳуқуқи асосида сотилиши белгиланди. Бу, энг аввало, фуқаронинг ер участкасига бўлган мулкчилик ҳуқуқини кафолатлайди. Яъни, ҳовлиси жойлашган ер майдони ҳам уй эгасининг ўзига тегишли бўлади. Энди, ерни ундан давлат олмоқчи бўлса, фақат бозор нархида сотиб олиши мумкин. Аммо ер участкасини хусусийлаштириш мутлақо ихтиёрий бўлиб, бунинг учун фуқарони мажбурлаш қонунан тақиқланади.

    Айтиш жоизки, қонунчиликда шу вақтгача ер участкасига нисбатан мулк ҳуқуқи бўлмаган. Янги тизим сўнгги йилларда юртимизда ер соҳасида амалга оширилаётган тезкор ислоҳотларнинг самараси. Энди одамлар нафақат ҳовли-жой, балки ер участкасининг ҳам қонуний мулкдорига айланади. Бу ерга эгалик қилишни истаган ҳар қандай киши ана шу мулкдор билан ҳисоблашади. Асосийси, хусусий мулк дахлсизлиги қонуний ҳимояланади.

    Ер участкасига мулк ҳуқуқи белгилангандан сўнг ерни мулкдордан фақат сотиб олиш мумкин бўлади. Агар фуқаро ер участкасини бериш ёки сотишни истамаса, уни давлат ва жамият эҳтиёжлари учун шунчаки олиб қўйилишига йўл берилмайди. “Снос” масаласи кўпчиликни қийнаб келаётган бугунги кунда ушбу янгилик одамларда қизиқиш уйғотгани рост. Натижада, биргина ўтган йилнинг ўзида юридик ва жисмоний шахслар томонидан “Yerxususiylashtirish” автоматлаштирилган ахборот тизимига 5 977,2 гектар ер майдонларини хусусийлаштириш юзасидан жами 30 414 та аризалар келиб тушган.

    Тезкор ва шаффоф тизим

    Соҳадаги ислоҳотлар айниқса, тадбиркорларга қулайлик яратмоқда. Кичик ёки ўрта бизнесни ташкил этаётган ишбилармоннинг хусусий мулкка бўлган ҳуқуқи кафолатлансагина, хотиржам ишлай олади. Ўтган йили 22 август куни давлатимиз раҳбари тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда бу масалага алоҳида тўхталиб, янги таклифлар билдирган эди. Шу асосда 24 августда “Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди.

    Мазкур ҳужжат билан бундан буён ер ва мулк ажратиш ҳақидаги қарорларни бекор қилиш фақат ва фақат суд тартибида амалга оширилади. Яъни, эндиликда, мулкка бўлган ҳуқуқни уни вужудга келтирган ҳужжатни бекор қилиш орқали тугатиш мумкин эмас. Агар ҳужжат ноқонуний қабул қилинган бўлса, фақат суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Шунингдек, ердан ихтиёрий воз кечишни ҳукумат ёки ҳокимлик қарорлари билан расмийлаштириш ҳам бекор қилинди.

    Умуман, жамиятда хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш исон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашнинг бош омилларидан саналади. Бу Бош қомусимизда ҳам, қатор ҳуқуқий асослар билан ҳам белгилаб қўйилган. Хусусан, халқ муҳокамасига қўйилган янгиланаётган Конституциямизнинг 65 моддасида шундай дейилади: “Хусусий мулк дахлсиздир. Мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмас”.

    Кадастр тизимида ана шу масалага катта эътибор қаратилиб, бу борада одамларни сарсон қилмаслик, барча хизматларни замонавий ахборот тизимлари орқали амалга ошириш кўламини кенгайтиришга интилаётганлари боиси ҳам шунда. Соҳада йирик доимий хотирага эга (1 100 терабайт) “Маълумотлар маркази”нинг ишга туширилгани бу борадаги катта қадамлардан бири дейиш мумкин. Ўтган йиллар давомида “UzKAD” дастурида онлайн геопортал тизими ишга туширилиб, маълумот олиш имконияти яратилди. Давлат солиқ қўмитаси ҳамда “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интегрaциялашув платформасига кўчмас мулк объектлари тўғрисидаги маълумотларни электрон равишда интегрaция йўли орқали (онлайн) тақдим этиб борилиши йўлга қўйилди.

    — Мақсадимиз юридик ва жисмоний шахсларнинг давлат идораларига бормасдан, масофадан туриб кўчмас мулк объектлари тўғрисидаги маълумотлар, кадастр хизматларидан фойдаланиш имкониятларини оширишдан иборат, — дейди Мохир Валиев. — Бу вазифаларни уддалаяпмиз, деб ҳам айта оламан. Натижаларни қатор омилларда кўриш мумкин. Тизимда қоғозбозликка чек қўйилганидан тортиб, фуқаро ва тадбиркорларга кўрсатилаётган кадастр хизматлари муддати аввалги 15—20 кундан ҳозирги 1-2 кунга қадар қисқаргани, сифат эса анча яхшилангани сўзимизнинг амалий исботи бўла олади. Аҳолининг кунлаб, соатлаб кадастр хизматини кутишлари ва навбатда туришларига барҳам берилди.

    Мамлакатимизда охирги йилларда мулкдорлар сони ошиб боряпти. Бу нафақат моддий фаровонлик, балки ушбу йўналишда уларнинг қонуний ҳуқуқлари таъминланиб, мулкни хусусийлаштириш ишлари анча соддалашгани билан ҳам боғлиқ. Агар рақамларга юзланадиган бўлсак, ўтган йили кўчмас мулк базасидаги объектлар сонининг ўзи 8 184 005 тани ташкил қилди. Кўрсаткич аввалги йилларга нисбатан 218 351 тага ўсган. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича олганда эса, 2022 йилда Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали жами 1 017 188 та ариза келиб тушган ва бу рақам ундан олдинги йилга нисбатан 386 мингтага ошганини кўрсатяпти.

    Албатта, рақамли технологиялар имкониятлари бунданда кўпроқ натижаларга етаклайди. Мамлакатимизда жорий йил 1 январдан бошлаб Кадастр ва кўчмас мулкларни рўйхатдан ўтказиш интеграцион ахборот тизими — “UZKAD” кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестри ҳамда унга оид маълумотлар юритиладиган, маълумотларнинг ҳақиқийлиги ва ишончлилиги давлат томонидан кафолатланадиган ягона ахборот тизими сифатида қабул қилинди. Бу лойиҳани фаол амалга ошириш орқали кадастр файллари ва кўчмас мулкка бўлган хуқуқлар реестрларидаги маълумотларни қоғоздан электрон шаклга тўлиқ ўгириш кўзланган. Қолаверса, тармоқ мутахассислари олдида “Электрон хукумат” тизимининг базавий майдончасида кўчмас мулк объектлари бўйича маълумотлар базасини яратиш каби мақсадлар ҳам турибди.

    Сир эмас, 2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида рақамли иқтисодиётни асосий “драйвер” соҳага айлантириб, унинг ҳажмини камида 2,5 баравар ошириш белгиланган. Бу вазифалар жорий йил Президент фармони билан қабул қилинган Давлат дастури асосида фаол амалга оширилади. Кадастр тизимида рақамлаштириш кўламини ошириш ҳам ана шу жараёнларнинг бир қисми. Демак, соҳада кутилаётган катта ўзгаришлар, янгиланишлар ҳали олдинда.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    (Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 01.04.23 й, 63-сонида эълон қилинган)

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates