Замонавий қурилиш маҳсулоти енгил ва унумли жиҳати билан тобора оммалашмоқда

    Мамлакатимизда сўнгги пайтларда яхшиланиб бораётган инвестициявий муҳит, тадбиркорларга тақдим этилаётган енгилликлар туфайли Сирдарё вилоятида ҳам ўнлаб янги ишлаб чиқариш субъектлари, йирик саноат корхоналари пайдо бўляпти.

    Натижада ҳудудда илгари бўлмаган қурилиш материаллари, фармацевтика, чарм, озиқ-овқат саноати каби янги тармоқлар ривожига кенг йўл очилмоқда. Хусусан, вилоятда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўналишида 274 та лойиҳа амалга оширилди. Бугунги кунда тармоқ ҳудуд иқтисодиётининг драйверига айланяпти, десак хато бўлмайди. Айни пайтда вилоят саноатида мазкур соҳа улуши 7 фоиздан ошгани бунинг тасдиғидир.

    Шу йил апрель ойида вилоятда 6 та янги корхона — “Ривер мед фарма”, “Евроазия газ бетон”, “Модерн марбел”, “Пенг Шенг чарм”, “Тошкент сити голд блок” ҳамда “Интер трейдинг-груп” масъулияти чекланган жамиятлари ишга туширилган эди. Яқинда биз ана шулардан бири — “Евроазия газ бетон” МЧЖда бўлиб, унинг фаолияти билан яқиндан танишдик, корхона ишчи-мутахассислари билан суҳбатлашдик.

    Корхона дарвозасидан кириб борар экансиз, ҳовлидаги саранжомлик эътиборни тортади. Ваҳоланки, айрим шундай ишлаб чиқариш ҳудудларида айнан шу нарса етишмайди. Иш қатъий тартиб ва интизом асосида олиб борилади. Шундай бўлмаса, иш юришмайди, белгиланган режа вақтида бажарилмайди. Жамоа бунга қатъий амал қилади.

    — Кичик бир эътиборсизлик ишлаб чиқарилган маҳсулот сифати, бутун бир фаолиятга салбий таъсир қилиши мумкин, — дейди корхонанинг айнан шу жиҳатларига масъул ходими, туркиялик мутахассис Синан Ўғуз Терзи. — Маҳсулот олти босқичда тайёр ҳолга келади. Яъни, аввало, қум тегирмонда майдаланади, кейин цемент, оҳак ва гипс билан аралаштирилиб, қоришма тайёрланади. Шундан сўнг ярим тайёр маҳсулот қолипланиб, керакли ҳажмда кесилади, печкада қуритилади, охирида эса қадоқланади. Булар учун 15 соат вақт кетади.

    Эътиборлиси, цемент, оҳак, гипс ва қум каби зарур хомашёнинг 99 фоизи Ўзбекистонда мавжуд. Фақатгина альюмин кукуни бошқа давлатлардан келтирилади. Лекин у газобетон учун унчалик кўп ишлатилмайди.

    Заводнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 432 минг метр куб бўлиб, лойиҳанинг мақсади юртимизда газобетон маҳсулотлар ишлаб чиқариш комплексини ташкил қилишдир.

    — Лойиҳамизнинг умумий қиймати 28,9 миллион доллар бўлиб, шундан 15,4 миллион евро ва 928 минг доллари “Микрокредитбанк” АТБ томонидан ажратилган кредитдир, — дейди корхона таъсисчиси Шерзод Вафоев. — Корхонада 150 та янги иш ўрни яратилган, бу ерда ўзига хос гаризонтал кесиш технологияси асосида маҳсулот тайёрланади. Бунда Нидерландиядан келтирилган замонавий технология қўл келмоқда. Олдинда иш фаолиятимизни кенгайтиришга доир янги режаларимиз бор. Уларни рўёбга чиқаришда бизга берилган ишонч ва қўллаб-қувватлов катта куч беради, деб ўйлайман.

    Дарҳақиқат, лойиҳа пишиқ-пухта бўлса, амалий натижаси ҳам самарали бўлади. Шу жиҳатдан ушбу лойиҳани истиқболли, десак арзийди. Негаки, бугунги кунда дунё қурилиш саноатида ресурстежамкор, унумли ва замонавий маҳсулотларга талаб тобора ортиб бормоқда. Хусусан, ғишт ўрнига газобетондан фойдаланиш кенг оммалашган.

    Шу ўринда мазкур қурилишбоп маҳсулотга бироз изоҳ бериб ўтсак. Газобетон ғовак (тешик-тешик) бетоннинг бир тури бўлиб, замонавий қурилиш материали ҳисобланади. Уни “сунъий тош”, деб ҳам аташади. Оддий бетондан фарқли шуки, тузилишида 1-3 миллиметрли пуфаклар мавжуд, улар туфайли бетон енгил, етарли даражада мустаҳкам, иссиқ ва совуқдан яхши ҳимоялаш хусусиятларига эга бўлади.

    Бир метр куб ғишт 1800-2000 килограмм тош босса, шу ҳажмдаги газобетоннинг оғирлиги эса атиги 500-700 килограмм келади, холос. Айни шу омил зилзилада хавфсизроқ ҳисобланади, талафот камроқ бўлишини таъминлайди.

    Қолаверса, у пишган ғиштдан анча йирик. Бу эса қурилишда иш унумдорлигини оширади. Шунингдек, тайёрлаш жараёнида табиий газ 8 марта кам сарфланади, энергиятежамкор. Энг асосийси, унумдор тупроқнинг ишлатилмаслиги билан пишиқ ғиштдан бир неча маротаба афзалдир.

    Мана, нима учун ушбу маҳсулот харидору қурувчилар эътиборига тушмоқда. Бозорбоп, қурилишбоп, зарур товарга айланмоқда.

    Параллел ривожланиш янги лойиҳаларга йўл очмоқда

    Бунёдкорлик ишлари кенгайгани сари қурилиш материалларига эҳтиёж ҳам ортиб бораверади. Ўзбекистонда бугун мана шу икки тармоқ параллел ривожланмоқда. Яъни қурилиш бор, шунга яраша янгидан янги саноат корхоналари барпо этиляпти. Бу борада жорий йил 10 январь куни саноатни ривожлантириш ҳамда қўшимча захираларни аниқлаш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам алоҳида таъкидланди.

    Мамлакат иқтисодиёти ва аҳоли бандлигида саноат жуда катта ўрин тутади. Бу соҳага зарур шароит яратиш мақсадида сўнгги йилларда 19 та эркин иқтисодий зона ва 400 дан зиёд кичик саноат зонаси ташкил этилди, уларнинг инфратузилмасига 10 триллион сўм йўналтирилди. Шунингдек, тўқимачилик, кимё, қурилиш материаллари, чарм, фармацевтика, электр техникаси каби тармоқларни драйверга айлантириш учун 3 миллиард доллар молиявий ресурс ажратилгани айтилганди ўша йиғилишда.

    Натижада охирги беш йилда саноат корхоналари сони 2 баробар кўпайиб, 100 мингтага етди, ишлаб чиқариш ҳажми 1,4 баробар ошди.

    Бу ҳудудлар ривожига ижобий таъсир қилмоқда. Жумладан, Жиззахда илгари бўлмаган қурилиш материаллари, автомобилсозлик, озиқ-овқат саноати каби янги тармоқлар пайдо бўлди. Биргина қурилиш материаллари бўйича 220 та лойиҳа ишга туширилиб, вилоят саноатида бу соҳанинг улуши 20 фоиздан ошди.

    Самарқанд, Сирдарё, Наманган ва бошқа ҳудудларда металлни қайта ишлаш бўйича 19 та йирик лойиҳа амалга оширилган. Наманганда ташкил этилган 54 та янги кичик саноат зонасида 2022 йилда 3 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган.

    “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида жами 5,1 триллион сўмлик қурилиш материаллари ишлаб чиқарилган. Уюшма таркибидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари қиймати эса 2 триллион 158,7 миллиард сўмни ташкил этган.

    Ички бозорда қурилиш материалларининг нархи, хусусан, цемент баҳоси кескин ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида биржа савдоларига кунлик режадаги 32 минг тонна ўрнига 40 минг тонна цемент қўйилмоқда. Биржа савдоларида бир ой муддатга кечиктирган ҳолда цемент етказиб бериш бўйича форвард савдо тури жорий этилди. Биржадан сотиб олинадиган цементни автомобиль транспортидан фойдаланган ҳолда юклаб жўнатиш муддати 2020 йил 1 июлидан бошлаб 10 кундан 5 кунгача қисқартирилди.

    Ички бозорда цемент нархи барқарорлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида импорт цемент олиб кириш тартиби соддалаштирилди.

    Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 23 февралдаги фармойиши билан 2023 йилда цемент ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш балансининг параметрлари тасдиқланди. Унга кўра, жорий йилда 17 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш ва шундан 7,6 миллион тоннасини биржа савдолари орқали сотиш белгиланган.

    Бугунги кунда биржа савдоларида 1 тонна цементнинг ўртача нархи 654,5 минг сўмни, 1 квадрат метр қурилиш ойнасининг нархи 47,5 минг сўмни, 1 дона шифер нархи эса 55 минг сўмни ташкил этмоқда.

    Қурилиш материаллари экспорти географияси анъанавий ҳисобланган бозорлар, яъни Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистондан ташқари Озарбайжон, Туркия, Канада, Руминия ҳисобига кенгайган.

    Қурилиш жараёнида энергиятежамкор, инновацион қурилиш материалларидан фойдаланиш бино-иншоотнинг таннархи арзон бўлиши ҳамда қурилиш ишларини тез, сифатли амалга оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётгани бор гап.

    Объект деворларини кўтаришда, асосан, пишган ғиштдан фойдаланилса-да, сўнгги йилларда ишлаб чиқарилаётган янги турдаги маҳсулотлар ушбу материалдан фойдаланишни камайтиришга олиб келмоқда. Мутахассислар фикрича, пишиқ ғиштдан қурилган уй яхши, лекин қурилиш нархи қимматга тушади.

    Қолаверса, қурилиш муддати узоқ бўлиб, бино фасади сувоқ талаб қилади. Бу сувоқ йиллар ўтиб, ёрилиши, тушиши оқибатида бино кўриниши хунуклашиб қолиши мумкин. Қайтадан таъмирлаш эса яна харажат талаб қилади.

    Шунинг учун ғишт ўрнини боса оладиган пишиқ, арзон ва қурилиш ишлари муддатининг қисқаришига хизмат қилувчи, исталган муддатда ҳам бино фасадининг бузилишига йўл қўймайдиган материал топишга бўлган эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Яъни замонавий бунёдкорлик замонавий маҳсулотларни талаб этяпти.

    Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates